Бугун яна 8 нафар бемор коронавирус касаллигидан фориғ бўлди

0
124
марта кўрилган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими  маълумотига кўра коронавирус пандемияси туфайли жаҳонда хавотирли вазият юзага келганига қарамай, унга қарши қатъий кураш чоралари ҳам ўз самарасини бермоқда. Натижада, касалланганлар сони ошиб бориши билан биргаликда, соғайганлар сони ҳам ўсмоқда. Жонс Хопкинс университетининг коронавирус тарқалишини реал вақт режимида кузатиш онлайн хизмати маълумотларига кўра, жаҳонда 332 мингдан ортиқ одамлар ушбу касалликдан фориғ бўлишди.

Юртимизда ҳам коронавирус инфекциясига чалинган фуқаролар орасида буткул соғайганлар сони ошиб бормоқда. Бугун улардан яна 8 нафари касалликдан фориғ бўлди. Тузалганлар Вирусология илмий-текшириш институти клиникасидан Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов ва бошқа масъуллар иштирокида Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт марказига кузатилди.

Шундай қилиб, айни пайтда коронавирус инфекциясига чалинган бемордан 38 нафари буткул соғайганини мамнуниям билан айтишимиз мумкин. Тузалганларнинг кун сайин кўпайиб бораётганида эса, авваламбор, шу соҳада фаолият олиб бораётган фидокор тиббиёт ходимларининг улкан ҳиссаси мужассам. Шифокорлар беморларни даволашда дунё тажрибаси, хусусан, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Германия, Жанубий Корея, Хитой, Япония каби қатор мамлакатларнинг энг нуфузли мутахассислари тавсияларидан фойдаланишмоқда. Бундан ташқари, Президентимиз топшириғига кўра, ҳар бир беморга икки нафардан шу соҳада кўзга кўринган тажрибали мутахассислар жалб қилиниб, стандартлар бўйича даволаш чоралари кўрилмоқда.

Шунингдек, шифокорлар беморларни даволаш жараёнида мамлакатимизнинг етук пульмонолог, кардиолог, терапевт, эндокринолог, реаниматолог каби қатор мутахассислар билан телемулоқот ўрнатиб, улардан керакли тавсияларни олаётгани ҳам қўл келмоқда. Тор мутахассислар билан ҳамкорлик беморларнинг ҳолати юзасидан маслаҳатлашиш, аниқ ташхис қўйиш ва даволаш имконини бераяпти.

Яна бир гуруҳ соғайган беморларни кузатиш маросимида Соғлиқни сақлаш вазири А. Шадманов фидокор тиббиёт ходимларига миннатдорлик билдирди.

Эслатиб ўтамиз, ҳозирда нафақат пойтахтимизда, балки вилоятларда ҳам тиббиёт ходимлари коронавирус инфекциясига чалинган беморларнинг соғайиб кетишлари учун бор маҳоратларини ишга солган ҳолда қаҳрамонларча курашмоқда.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.