Бугунги кун тарихи: 11 июль санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни

0
395
марта кўрилган.

1174 йил (бундан 847 йил олдин) – ҳоразмшоҳ Такаш пойтахт шаҳар Гурганждан 20 фарсах наридаги Супурли шаҳарчаси ёнида амир Муаййид, ўгай укаси Султоншоҳ ва ўгай онаси Туркон хотун қўшинлари билан тўқнашди. Амир Муаййид қўшинлари тор-мор келтирилди. Унинг ўзи асир олиниб, хоразмшоҳ Такаш фармони билан қатл қилинди. Туркон хотун ва Султоншоҳ Деҳистон шаҳрига яшириндилар. Хоразмшоҳ Такаш Деҳистонни қамал қилиб олди. Султоншоҳ Нишопурга қочиб, амир Муаййиднинг ўғли Тўғоншоҳ Абу Бакр ҳузурида яширинди. 

1939 йил (бундан 82 йил олдин) – физик олим, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Ўткир Расулов таваллуд топди (вафоти 2021 йил). Унинг илмий ишлари физик электроника ва қаттиқ жисм сирти физика-кимёси соҳаларига оид. У эмиссион электрониканинг янги йуналиши – кўп атомли молекулаларнинг қаттиқ жисм сирти билан ўзаро таъсири ва бундай зарраларнинг сиртий ионланишини очган. Ўткир Расулов 1994 йилда “Шухрат” медали ва 2003 йилда “Меҳнат шуҳрати” ордени билан мукофотланган.

1941 йил (бундан 80 йил олдин) – Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Абдували Абдуваҳобов таваллуд топди (вафоти 2014 йил). Унинг раҳбарлигида ҳашаротларнинг кимёвий экологияси билан боғлиқ изланишлар олиб борилган.

2014 йил (бундан 7 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат музейларининг болалар ва уларнинг ота-оналарига очиқлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Унда ҳафтанинг ҳар сешанба ва жума кунлари болаларнинг республика давлат музейларига бепул кириши кунлари этиб белгиланди.

2017 йил (бундан 4 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

2019 йил (бундан 2 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “«O‘zbekiston tarixi» телеканалини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Манбаа: ўзА.  Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.