Давлат тест маркази: «Биз идеал эмасмиз, аммо муаммолар устида ишлаяпмиз»

0
228
марта кўрилган.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Давлат тест маркази мутасаддилари иштирокида матбуот анжумани ташкил этилди.

Тадбирда Давлат тест маркази бошқарма бошлиғи Сардор Ражабов, марказ бўлим бошлиқлари Эльвира Ураева, Ҳусан Азизов ва журналистлар иштирок этди.

Давра суҳбати давомида жорий йилда Чет тилини билиш ва эгаллаш даражасини баҳолаш бошқармаси томонидан ўтказилган тест синовлари, шунингдек, абитуриентлар ва педагог ходимлар учун чет тилларидан малака сертификати бериш бўйича олиб борилган таҳлиллар, бу йўлда халқаро ҳамкорликлар юзасидан ахборот берилди.

Таъкидланишича, чет тилларидан тест саволлари сифатини ошириш мақсадида доимий равишда Британия Кенгаши, Гёте институти, Oxford University Press, Cambridge Assessment ва бошқа халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда ишлаб келинмоқда. Гёте институти ва Давлат тест маркази томонидан имзоланган меморандум доирасида немис мутахассислари жалб қилинаётгани ва улар томонидан Давлат тест маркази мутахассислари учун семинар машғулотлари ўтказиляпти.

Қайд этилдики, саволлар базасини яратиш, уларни белгиланган даражага мослигини текшириш ва таҳлил қилиш мақсадида бир неча маротаба Cambridge assessment english ташкилоти билан видео конференциялар ўткзилди ва жорий йилнинг апрель ойида Давлат тест маркази мутахассислари малакасини ошириш учун Cambridge assessment english ташкилоти икки нафар мутахассиси Тошкент шаҳрига таклиф қилинди.

– Тест синовларидан муваффақиятли ўта олмаган ўқитувчилар такрорий имтиҳонни 6 ой кутишлари керак бўлмоқда, –  деди бошқарма бошлиғи Сардор Ражабов. – Бу вақт ичида базавий ойлик маошларига қўшиладиган 15-30 фоиз миқдоридаги устама пулини олиш имкониятлари йўқолмоқда. Шу ҳолатни инобатга олган ҳолда, Британия Кенгаши билан ҳамкорлик доирасида “APTIS for teachers” тестларини ташкил қилиш ва ўтказиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда.

Қўшимча қилинишича, “APTIS for teachers” тестлари Давлат тест маркази томонидан ҳар ойда бир маротаба ўтказиш ҳамда натижалар Буюк Британия мутахассислари томонидан текширилиши ва 3 кунда эълон қилиш режалаштирилмоқда.

Вазирлар Маҳкамасининг “Олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишда миллий ҳамда халқаро баҳолаш тизимлари сертификатларини татбиқ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2019 йил 13 майдаги 395-сон қарорига мувофиқ, миллий ёки халқаро сертификатга эга бўлган талабгорларга кириш имтиҳонларида имтиёз бериш ва уларни чет тили фани имтиҳонидан озод қилиш белгиланган.  Жумладан, 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб тест синовлари  мажмуасига чет тили  биринчи (асосий) фан сифатида киритилган бакалавриат таълим йўналишларига ҳужжат топширган ва Давлат тест маркази томонидан бериладиган чет тилини билиш даражаси тўғрисидаги сертификат ёки халқаро сертификатнинг В2 ва ундан юқорида даражасига эга бўлганлар, тест синовлари мажмуасига чет тили биринчи (асосий) бўлмаган фан сифатида киритилган бошқа бакалавриат таълим йўналишларига (Тошкент давлат юридик университети бакалавриат таълим йўналишлари бундан мустасно) ҳужжат топширган ва миллий ёки халқаро сертификатнинг В1 ва ундан юқори даражасига эга бўлган абитуриентларга ушбу фандан имтиҳонларсиз белгиланган максимал балл берилиши белгилаб қўйилган.

Бугунги кунда тегишли ҳужжатларга мувофиқ, Давлат тест марказидан тегишли маълумотномага эга бўлган ва бошқа талабларни бажарган ўқитувчиларга базавий лавозим маошларига 15-30% устама белгиланиши кўзда тутилган.

Марказ бўлим бошлиғи Эльвира Ураеванинг қайд этишича, бугунги кунда тест жараёнларининг асосий муаммоларидан бири — кадрлар билан боғлиқ.

«Ҳа, муаммолар бор. Биз ўзимизни идеал демоқчи эмасмиз. Аммо бу камчиликларни тўғрилаш устида ишлаяпмиз. Асосий муаммолардан бири — мутахассисларимиз асосан филологлар, тилшунослар. Тестология, имтиҳон қабул қилиш, баҳолаш бўйича мутахассисларимизни қайта тайёрлаймиз. Ўзбекистон олий таълим муассасаларида тестолог мутахассислар тайёрланмайди”, ─ дея  таъкидлади Ураева. 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.