«Dubai Port World» компанияси Навоий халқаро аэропорти базасида қуруқлик портини ташкил этади

0
159
марта кўрилган.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги анжуманлар залида Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги мутасаддилари иштирокида “Авиа ва автомобил транспорти инфратузилмасини, жумладан, жамоат транспортини янада ривожлантириш стратегияси” мавзусида брифинг бўлиб ўтди.

Унда мамлакатимиз транспорт тизимини ривожлантириш, аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатини янги босқичга олиб чиқиш, соҳага замонавий ахборот коммуникация технологияларини жорий этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.

Тадбирда республикамизнинг географик жойлашувида транспорт логистикаси жуда муҳим ўрин тутиши қайд этилди. Мазкур йўналишда мавжуд инфратузилма хусусида тўхталиб ўтилди.

“Ҳозирда мамлакатимиз темир йўлларида 24 мингта юк вагони, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” таркибида 2 та юк ташиш учун ихтисослаштирилган ҳаво кемаси ҳамда халқаро автомобил йўналишларида юк ташишга мўлжалланган 9 200 тага яқин катта ҳажмли юк автотранспорт воситаси мавжуд, — деди Транспорт вазири ўринбосари Илҳом Маҳкамов. — Дастлабки ўрганишларга кўра, республикада йиллик сақлаш ва қайта ишлаш қуввати 3 млн тоннага яқин бўлган 7 та йирик халқаро логистика маркази ва 29 та товар-транспорт базаси мавжуд”.

Маълум қилинишича, 2018 йилда Ўзбекистоннинг ташқи юк ташуви айланмаси 40 млн 548 минг тоннани, шундан экспорт юклари 10 млн 802 минг тоннани, импорт юклари 21 млн 827 минг тоннани ва транзит юклари 7 млн 918 минг тоннани ташкил этган.

Журналистлар билан муловот давомида логистика соҳасини ривожлантириш мақсадида қандай лойиҳаларни жорий этиш режаланаётгани билдирилди.

“Олдимизда Ўзбекистоннинг транзит салоҳиятини ошириб, уни Марказий Осиё минтақасидаги трансконтинентал транспорт коридорларининг муҳим таркибий қисмига қўшиш вазифаси турибди, — деди Транспорт вазири ўринбосари Даврон Деҳқонов. — Буни логистика марказларини ривожлантиришга етакчи хорижий компаниялар ва инвесторларни жалб қилиш орқали амалга ошириш кўзда тутилган. Ҳозирда “Навоий” халқаро аэропорти ва халқаро мультимодал логистика маркази базасида “Навоий қуруқлик портини ташкил этиш” бўйича дунёнинг етакчи компанияларидан бири “Dubai Port World” компанияси билан музокаралар олиб борилмоқда”.

Ушбу лойиҳани амалга оширишдан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистонни Марказий Осиёда юк транспорт хабига айлантириш, транзит салоҳиятини кенгайтириш ва логистика харажатларини камайтиришдан иборат экани таъкидланди.

Шунингдек, “Бир макон, бир йўл” глобал транспорт коридорлари доирасида “Андижон – Ўш – Иркештам – Қашғар” темир йўлини қуриш ва ушбу йўлни Шарқ билан Ғарбни боғловчи асосий темир йўлга айлантириш режаланаётгани маълум қилинди.

Вазирлик вакиллари Мазори Шариф – Ҳирот ва Мазори Шариф – Пешавар темир йўлларини қуриш орқали Ҳинд океанининг портларига чиқиш ва ишлаб чиқарувчиларимиз Ҳиндистон, Покистон, Эрон каби янги бозорларга чиқишига имкон яратиш мақсад қилингани айтилди.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.