Фарзандликка олиш нима?

0
856
марта кўрилган.

Фарзандликка олиш жуда қадимий ҳуқуқий институт бўлиб, ҳозирги замон ҳуқуқ тизимида ўз ифодасини топган, ота-она васийлигидан маҳрум бўлган болаларни оилага жойлаштиришдан иборат.

Фарзандликка олиш Ўзбекистон Республикасининг Оила кодекси ва “Вояга етмаган болаларни фарзандликка ва болаларни оилага тарбияга олиш (патронат) тўғрисида”ги Низом билан тартибга солинади.

Фарзандликка олиш муносабатларини тартибга солувчи ҳуқуқий нормалар ота-онаси бўлмаган ёки ҳар хил сабабларга кўра улар тарбиясидан маҳрум бўлиб қолган болаларга оилавий тарбияни таъминлаб, болалар ҳуқуқ ва манфаатларини қўриқлашга қаратилгандир.

Фарзандликка олиш ҳуқуқий далолатнома бўлиб, бунга асосан фарзандликка олувчилар билан фарзандликка олинувчилар ўртасида ота-оналар билан болалар ўртасидаги каби ҳуқуқий муносабатларни вужудга келтиради.

Фарзандликка олиш туфайли болалар янги ота-оналарга ва бошқа қариндош-уруғларга эга бўлиб ўзларининг ота-оналари ва қариндош-уруғлари билан ҳуқуқий муносабатни тугаллайди.

Ўзининг белгиланган мақсади бўйича фарзандликка олиш институти жуда инсонпарвар институтдир. У ўз ота-оналаридан махрум бўлган ёки айрим сабабларга кўра ота-она тарбиясини олаолмайдиган болаларга нормал оилавий тарбияни таъминлашга қаратилгандир. Фарзандликка олиш туфайли ота-онасини йўқотган бола бошқа оилага жойлаштирилиб, унга оилавий тарбия берилади. Фарзандликка олинувчилар фарзандликка олувчилар туфайли ҳамма масалаларда ота-онасини ўрнини босадиган шахсларга эга бўладилар.

Фарзандликка олиш туфайли болалари бўлмаган шахслар оталик ва оналикдан иборат бўлган табиий эхтиёжларини қондирадилар.

Фарзандликка олиш – бу ўзганинг фарзандини ўз фарзандига тенглаштириб олишдир. Фарзандликка олувчилар билан фарзандликка олинганлар ўртасида туққан ота-она билан болалар ўртасидаги каби ҳуқуқий муносабатлар вужудга келади.

Фарзандликка олиш фарзандликка олувчи (унинг қариндошлари) ҳамда фарзандликка олинганлар (уларнинг бўлғуси авлодлари) ўртасида қонунда ота-она ва болаларга нисбатан белгиланган қонун ҳужжатларида махсус кўрсатилган ёки кўрсатилмаганлигидан қатъий назар, барча шахсий ва мулкий ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларни вужудга келтиради.

Ойша Охунова, ҳуқуқшунос

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.