ФҲДЁ тизимидаги ўзгаришларни биласизми?

0
576
марта кўрилган.

Инсон ҳаёти давомида никоҳ, туғилиш, ажралиш ва ўлим каби хуш ва нохуш воқеалар билан тўқнашади. Ана шундай пайтларда уларни қонуний қайд этишда фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш (ФҲДЁ) органларига мурожаат этади.

Дарҳақиқат, ФҲДЁ муассасалари оила институтини мустаҳкамлаш, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш ва ажралишларнинг олдини олиш бўйича барча чора-тадбирларда фаол иштирок этиб келмоқда. Аҳолига тезкор равишда ФҲДЁ архив маълумотномалари ва ахборотини олиш имкониятини берувчи фуқаролик ҳолати ягона электрон архиви шакллантирилмоқда. Электрон архивнинг тўлиқ ишга туширилиши натижасида зарур маълумотларни олишга бир неча кун эмас, балки муайян дақиқалар сарфланади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” Фармонига асосан 2018 йил 1 июлдан бошлаб, фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органларининг ҳуқуқни қўллаш амалиётини мувофиқлаштириш, фаолиятини методик таъминлаш, “ФҲДЁнинг ягона электрон архиви” ахборот тизимини юритиш, унинг ҳудудий архивларига раҳбарлик бўйича вазифалар Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги зиммасига юклатилган ҳолда, ФҲДЁ органлари туманлар (шаҳарлар) ҳокимиятлари тасарруфига ўтказилди ва бу соҳадаги ишларни доимий таҳлил қилиш тизими йўлга қўйилиб, бир қатор ишлар амалга оширилди.

Шунга кўра, амалиётда вужудга келиши мумкин бўлган ноаниқликларнинг олдини олиш мақсадида фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этишга масъул мансабдор шахслар, яъни туманлар (шаҳарлар) ҳокимлари, хотин-қизлар қўмиталари раислари, Давлат хизматлари агентлигининг директори, туманлар (шаҳарлар) ФҲДЁ бўлимлари мудирларининг мажбуриятлари ва жавобгарлиги доираси аниқ белгилаб берилди.

Хусусан, Хоразм вилоятида 14 та ФҲДЁ муассасаси фаолият юритаётган бўлиб, уларнинг 3 таси шаҳар, 10 таси туман ФҲДЁ бўлимлари ва 1 та ФҲДЁ архивидан иборат.

Давлат хизматлари агентлидаги ФҲДЁ муассасаларида ҳуқуқни қўллаш амалиётини мувофиқлаштириш ва методик таъминлаш шўъбаси томонидан ҳисобот даврида 28 558 та туғилиш ҳолати қайд қилинган бўлиб, уларнинг 14 873 нафари ўғил болалар ҳиссасига тўғри келади.

Шунингдек, 10 086 та никоҳ рўйхатга олинган бўлиб, ундан 157 таси сайёр равишда қайд қилинган. Никоҳларнинг 10 дан ортиғи — чет эл фуқаролари, қарйиб 30 га яқини – МДҲ давлатлари фуқароларидир.

Давлат хизматлари марказларидан узоқда жойлашган туманлар аҳолисига “мобиль давлат хизматлари” кўрсатилиб, бу жараёнда мутахассислар жойларга чиқиб, фуқароларга хизмат кўрсатади. Бу амалиёт аҳолига қулайлик яратиш, уларнинг вақтини тежаш, транспорт харажатларини қисқартириш билан бирга, ҳуқуқий маданиятини ошириш, бюрократия ва коррупция юзага келишининг олдини олишга қаратилган. 

Дарҳақиқат, фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш қоидаларига бир неча ўзгаришлар киритилди. Натижада ФҲДЁ органлари томонидан бериладиган ҳужжатларни олиш жараёнлари анча соддалаштирилди.

Янги тартиб бўйича, туғилишни қайд этиш муддати ўтказиб юборилганда 16 ёшгача бўлган боланинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномасини олиш учун ариза қуйидагилар томонидан тақдим этилади:

– боланинг ота-онаси;

– ота-онанинг қонуний никоҳи мавжуд бўлган ҳолларда улардан бири;

– ишончнома асосида бошқа манфаатдор шахс;

– ота-онанинг ўрнини босувчи шахс ёхуд васийлик ва ҳомийлик органларининг мансабдор шахслари.

Яна бир эътиборли жиҳати шундаки, далолатнома ёзувларига ўзгартиришлар, тузатишлар ва қўшимчалар консул ёки нотариус томонидан тасдиқланган ишончнома ва ариза асосида амалга оширилиши мумкин.

Ўлим ҳақидаги далолатнома ёзувига тузатишлар киритиш яқин қариндошлар ёки меросхўрларнинг аризасига кўра ФҲДЁ органи томонидан амалга оширилади. Вафот этган шахсларнинг туғилганлик, никоҳ тузиш, никоҳдан ажралганлик ҳақидаги далолатнома ёзувларига тузатиш ва қўшимчалар эса суд қарорига асосан ФҲДЁ органи томонидан киритилади. Янги тартиб ота-оналардан бирининг аризаси асосида боланинг туғилганлигини қайд этиш тартибини соддалаштирилди. Фуқаролар маълум бир сабабларга кўра яшаш жойини ўзгартириши натижасида қайд этилган далолатнома ёзувларига ўзгартиришлар, тузатишлар ва қўшимчалар киритишда белгиланган тартибда тасдиқланган ишончнома ва ариза асосида амалга оширилиши, шунингдек ўлим ҳақидаги далолатнома ёзувига тузатишлар киритишда ФҲДЁ органига ваколат берилди.

Масалан, бугунги кунга қадар қонун ҳужжатларга кўра далолатнома ёзувига ўзгартириш, тузатиш ва қўшимчалар киритиш ариза берувчининг яшаш жойидаги ёки тегишли далолатнома ёзуви қайд этилган ФҲДЁ органи томонидан қабул қилиниши ва далолатнома ёзувига ўзгартириш, тузатиш ва қўшимчалар киритишни ишончнома орқали амалга оширишга йўл қўйилмаслиги белгиланган эди. Ушбу ҳуқуқий норма фуқароларнинг норозиликларига сабаб бўларди. Чунки улар далолатнома ёзуви бошқа ҳудуддаги ФҲДЁ бўлими томонидан қайд этилган бўлса, ушбу ҳудудга бориб келиши ёки яшаб турган жойидаги ФҲДЁ бўлимида мурожаат қилиши улар почта орқали юбориши унинг натижасини олиш учун маълум бир маблағ ва вақт талаб этилар эди.

Эндиликда эса, юқоридаги талаб бекор қилиниб, бир шахсга белгиланган тартибда тасдиқланган ишончнома ва далолатнома ёзувининг қайси устунига ўзгартириш киритилиши ҳақидаги тасдиқланган ариза асосида амалга оширилиши мумкин бўлди.

Ўн олти ёшга тўлган шахсларнинг туғилиш, никоҳ тузиш, никоҳдан ажралишни қайд этиш дафтарларига ўзгартиришлар киритиш уларнинг аризаларига биноан амалга оширилиши, ўн олти ёшга тўлмаган шахсларнинг туғилиш ҳақидаги ёзувлар дафтарига ўзгартиришлар киритиш уларнинг ота-онаси аризасига биноан амалга оширилиши назарда тутилган. Шу кунга қадар, ўлим ҳақидаги далолатнома ёзувига фақат тегишли судларнинг қарорига асосан ўзгартириш, тузатиш ва қўшимчалар киритилган. Бироқ, амалиётда ўлим ҳақидаги тиббий гувоҳнома хато ёзилган бўлса кейинчалик ушбу хатоликни тузатиш учун барча ҳужжатлар етарли бўлса-да ФҲДЁ органида унга тузатиш киритиш ваколати йўқ эди, суднинг тегишли қарорига асосан тегишли ўзгартириш киритилган.

Эндиликда эса, юқоридаги талаб бекор қилиниб, марҳумнинг ўлими ҳақидаги далолатнома ёзувига тузатишлар киритиш яқин қариндошлар ёки меросхўрларнинг аризасига кўра ФҲДЁ органи томонидан амалга ошириш ваколати берилган ва вафот этган шахсларнинг туғилганлик, никоҳ тузиш, никоҳдан ажралганлик ҳақидаги далолатнома ёзувларига тузатиш ва қўшимчалар суд қарорига асосан ФҲДЁ органи томонидан киритилиши аниқ белгилаб берилди.

Ушбу ислоҳотлар туфайли фуқароларимизни ортиқча оворагарчиликларига ва ушбу масалалар бўйича судларга мурожаат қилишига, шунингдек, ФҲДЁ тизимида учраётган муаммоларга чек қўйишга хизмат қилади. Бу эса фуқароларнинг манфаатларини таъминлайди, уларга кўрсатилаётган давлат хизматларининг сифати ва тезкорлигини янада оширади.

Ш.Ниязова, Давлат хизматлари агентлиги Хоразм вилояти

ФҲДЁ органларида ҳуқуқни қўллаш амалиётини мувофиқлаштириш

ва методик таъминлаш шўъбаси бош маслаҳатчиси                                                       

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.