Гўдакни йўргаклаш, бешикка белаш унинг саломатлиги учун хавфсизми?

0
343
марта кўрилган.

Янги туғилган чақалоқни сиқиб йўргаклаб бўлмайди. Чунки, уни сиқиб йўргаклаганда диафрагманинг ҳаракати чекланади ва ўпкада ҳаво алмашиши пасаяди, натижада тананинг турли қисмларига қон оқиб келиши ёмонлашади.

Гўдак ҳаракатларининг чеклаб қўйилиши иссиқлик ишлаб чиқаришни пасайтиради,  оёқ ва қўллар ҳаракатининг чекланиши асаб-мушак координациясининг ривожланишига тўсқинлик қилади. Баъзи оналар  чақалоқни боши билан бирга сиқиб йўргаклашади, бу ҳолат унинг эмишини  қийинлаштиради. Чунки,  у эмиши учун оғзини катта-катта  оча олмайди. Сиқиб йўргакланган бола кўп ухлайди ва шу билан эмишдан бош тортади.

Бешикка тўғри беланганди унинг салбий таъсири йўқ. Қуйида бешикни нотўғри қўллаш оқибатидаги салбий ҳолатларни тушунтирамиз. Боланинг узоқ вақт бешикда ётиши зарарли. Кун бўйи бешикда ётиш натижасида, қиш ва куз ойларида бола терисига ёруғликнинг тушиши камаяди. Бу терида Д витамини синтез бўлишига тўсқинлик қилади ва рахит касаллигини келтириб чиқаради. Касаллик натижасида бола организмида кальций алмашинуви бузилиб, суяклар юмшоқлашади, бошнинг энса қисми текисланади. Суяклар қийшиқ ўсиши кузатилади.

Бешикдаги болани бир томонга қаратиб эмизиш туфайли кўпинча бирламчи бўйин қийшиқлиги келиб чиқади. Шунинг учун болани бешикда ётган ҳолда эмизмаган маъқул. Агар шундай қилишга тўғри келса, галма-галдан икки томондан эмизиш мақсадга мувофиқ.

Бешикни қаттиқ ерга эмас, кўрпача устига қўйиб, оҳиста тебратиш лозим. Тез ёки қаттиқ тебратиш бола учун хавфли. Бешикда бола фақат ухлайдиган пайтида ётгани маъқул. Уйғоқ маҳалда уни қўлга олиб орқаларини оҳиста уқалаш ва енгил машқлар қилиш, ўйнатиш керак. Бншикдан олганда ушбу машқларни бажариш керак.

Бешикни офтоб тушадиган жойга қўйиш ва гўдакни маълум пайтларда офтобга олиб чиқиб, соф ҳавода сайр қилдириш лозим.

Сумак гигиеник талабларга риоя этилмаган ҳолатларда ишлатилганда ташқи жинсий аъзоларда  дерматитлар келтириб чиқариши мумкин. Шу боис болани бешикдан олганда тувак ҳамда  сумакни ювиб  тозалаб офтобга қўйиш мақсадга мувофиқ. Ишлатишдан олдин юмшоқ бўлиши учун ёғга ботириб олиш ва унинг атрофини пахта ёки юмшоқ мато билан ураб белаш  лозим.

Бешик устини сунъий матодан тикилган қалин пардалар билан ёпиш қатъиян ман этилади. Шунингдек, бешикни иситиш ускуналари ёнига қўймаслик керак. Қуруқ ҳавода ион таркиби бузилиб, болага ноқулайлик туғдиради. Вақти-вақти билан бешик пардалари, ўрин-кўрпачаларни шамоллатиб, қуёшга ёйиб  туриш талаб этилади.

 Кўрпачаси қовуздан  бўлиши маъқул.  У табиий массаж вазифасини бажаради. Момоларимиз боланинг тўшаги ўта юмшоқ бўлмаслиги кераклигини таъкидлашган. Бироқ бош қисмига юмшоқ ёстиқ қўйилиши «пачоқ» бўлиб шаклланишидан сақлайди. Оёқ ва қўлбоғларни жуда қаттиқ боғламасликка ҳам алоҳида эътибор қаратиш лозим. Турли рангдаги ўйинчоқларни осиб қўйиш ҳам мақсадга мувофик. Улар болаларни диққатини жамлашга  ўргатади.

Эслатма: Чаноқ-сон бўғими дисп­лазияси (нотўғри ўсиш) билан туғилган болаларни бешикка белаш мумкин эмас. Чунки, ортопед шифокорлар бундай болаларнинг оёқлари бириктирилмаган ҳолда очиқ туришини тавсия этишади. Болада бундай туғма касаллик бор-йўқлигини билиш учун ортопед кўригидан албатта ўтказиш лозим. Туғма юрак пороги бўлган болаларда баъзан нафас олиши қийинлашиши ҳолатлари учрайди. Шунинг учун уларга ҳам бешик тавсия этилмайди. Кўпинча катта вазндаги чақалоқлар туғилиш жараёнида бош суяги деформацияланади. Натижада, бош суяги ичидаги қон босими баланд бўлади. Улар бешикка беланса, бешикни тебратмаслик ёки оҳиста тебратиш лозим.

Чақалоқни бир ёшгача ёки ўзи мустақил юрадиган бўлгунча бешикка белаш тавсия этилади. Бу пайтга келиб болада пешобни назорат қилиш қобилияти шаклланган бўлади.

Шоира Бекчанова, тиббиёт фанлари номзоди

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.