АОКА штабида Мудофаа вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Баҳром Зулфиқоров билан брифинг ўтказилди. Брифингда муҳим савол ва мурожаатлар юзасидан жавоб қайтарилди.
Cавол: Ўзбекистонда ҳарбий хизматни ўташ ёши 27 ёшгача этиб белгиланган. Апрель ойида 27 ёшни тўлдираман. Карантиндан сўнг ҳарбий хизматни ўташим мумкинми?
Жавоб: Сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизматнинг бир ойлик йиғинини апрель ойида ўташ белгиланган.
Карантин туфайли вақтинча қолдирилган бир ойлик йиғинлар, шунингдек, апрель ойида 27 ёшга тўладиган фуқаролар учун ҳам йиғин ўташ муддатини бир оз муддатга чўзиш ва улар учун бир ойлик хизматни ўташга имкон яратиш бўйича бугунги кунда белгиланган тартибда ишлар олиб бориляпти. Бу масала кўриб чиқилиб, қарор қабул қилингандан сўнг унинг натижалари жойлардаги мудофаа ишлари бўлимлари орқали етказилади.
Cавол: Ҳарбий хизматни ўтаб бўлганларни уйга қайтишига рухсат бериладими?
Жавоб: Муддатли ҳарбий хизматнинг белгиланган муддатини ўтаб бўлганларни резервга бўшатиш ишлари режага асосан амалга оширилмоқда. Улар ортиқча муддат ҳарбий хизматда қолдирилмайди.
Cавол: Бир ойлик хизматга пулини тўлаб қўйганлар нима қилишади? Карантин қачонгача чўзилиши номаълум бўлса, биз пулимизни ҳозир қайтариб олсак бўладими?
Жавоб: Мамлакатимизда коронавирус эпидемияси билан боғлиқ ҳолат яхши томонга ўзгаргандан сўнг ҳарбий хизматга чақирув ишлари давом эттирилади.
Бир ойлик хизматга, яъни сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизматни ўташ учун пул бадалини тўлаб қўйганлар фуқаролар 27 ёшга тўлгунга қадар СЧР бир ойлик хизмат йиғинини ўташлари мумкин.
Шунинг учун Сиз карантин муддати тугагандан сўнг албатта бир ойлик хизмат йиғинига жалб қилинасиз ва тўлов қилган пул бадалингиз ҚАЙТАРИБ БЕРИЛМАЙДИ.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 22 февралдаги 99-сонли қарор билан киритилган низомга мувофиқ бу хизмат тури учун тўланган пул бадаллари қуйидаги ҳолатларда:
– фуқаро ҳарбий хизматга яроқсиз деб топилганда;
– тиббий-меҳнат экспертиза комиссияси томонидан 27 ёшгача I, II ёки III гуруҳ ногиронлиги берилган ҳолатда;
– сафарбарлик чақируви резерви хизматчиси вафот этганда;
– махсус ҳисоб рақамга янглишиб ёки ортиқча пул бадаллари ўтказилган ҳолатда пул бадаллари белгиланган тартибда қайтариб берилиши белгиланган.
Cавол: Ҳарбий хизматга тиббий кўрикдан ўтиб бўлганларнинг натижалари карантиндан кейин ҳам ўз кучида қоладими ёки бошқатдан ўтиш керакми ?
Жавоб: ️Тиббий кўрик натижалари ўз кучида қолади.
Аммо Мудофаа, Ички ишлар ва Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Миллий гвардия ва Давлат хавфсизлик хизматининг 2019 йил 3 апрелдаги қўшма қарор талабларига асосан функционал текширув ва лаборатория натижалари фақат уч ой давомида ўз кучида қолиши мумкин.
Демак, уч ой муддатдан ошган ҳолатда ҚАЙТА тиббий кўрикдан ўтилади.
Cавол: Коронавирус билан карантинда бўлганлар касалликни енгил формасида тузалиб чиқишса, кейинчалик ҳарбий соҳага қабул килинмайди деган гаплар ростми?
Жавоб: Коронавирус билан оғриб ўтган (касал бўлган) барча шахслар учун ҳеч қандай чекловлар йўқ.
Нафақат ҳарбий соҳада, балки бошқа соҳаларда ҳам худди шундай ҳеч қандай чекловлар мавжуд эмас.
Cавол: Жиззах вилояти Бахмал туманида яшаймиз. Ўғлим Тошкент Қуролли Кучлар Академиясига ҳужжатларини туманимиз «военкомат»ига топширган эди. Тиббий кўриклардан ўтган ҳужжатларини тўлиқ қилиб топшириш арафасида карантин эълон қилинди ва ҳужжатлар қабул қилинмади.
Натижа қандай бўлади? Имтиҳонлар хақида маълумот беришингизни илтимос қиламиз?
Жавоб: Мамлакатимизда карантин муддати тугагандан сўнг туман ва вилоят мудофаа ишлари бўлим ва бошқармаларида фуқаролардан тиббий кўрик ҳужжатларини қабул қилиш вақтини бир оз муддатга чўздириш ҳамда олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга кирмоқчи бўлган фуқаролар учун имкониятлар яратиш масаласи белгиланган тартибда кўриб чиқилмоқда.
Юқорида таъкидланганидек, қўшма қарор талабига кўра, тиббий кўрик учун ўтказилган лаборатория натижалари 3 ой муддатда ўз кучида қолади.
Олий ҳарбий таълим муассасаларида имтиҳонлар, яъни билим юртларида ўтказиладиган ҳарбий касбий танлов жорий йилнинг 1 июнидан 25 июнигача ҳамда тест имтиҳонлари 5 июль куни ўтказилиши белгиланган.
Манбаа: @aoka_uz