Ҳуқуқий ахборот куни

0
144
марта кўрилган.

“Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни билан Адлия вазирлиги ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи этиб белгиланган.
Шунга кўра, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири томонидан ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва жамиятда ҳуқуқий тарғиботни ташкил этиш бўйича 2017-2018 йилларга мўлжалланган йўл харитаси тасдиқланган. Мазкур йўл харитасида ҳар ойда бир марта “Ҳуқуқий ахборот куни” лойихасини ташкил этиш назарда тутилган.

Ушбу лойиҳа доирасида аҳолини қийнаётган муаммоли масалалар(миграция, моддий ёрдам, ер, уй-жой олиш, коммунал масалалар, имтиёзлар, ишга жойлашиш, таълим олиш ва ҳ.к.) аниқланиб, уларнинг ҳуқуқий ечими аниқ белгиланган кунда марказий ва маҳаллий нашрлар, шу жумладан, электрон оммавий ахборот воситаларида чоп этилиши кўзда тутилган.

Шу муносабат билан Адлия вазирлиги томонидан тайёрланган миграцияга оид савол – жавобларни эътиборингизга ҳавола этамиз. Мазкур рукн ҳуқуқий билимларингизни мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшади, деб ишонамиз.

 

Миграция қонунчилиги бўйича аҳолини қизиқтирган масалалар бўйича савол-жавоблар:

 

  1. Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг чет элга боришларини расмийлаштириш тартиби?

Ж:Чет элга бормоқчи бўлган фуқаролар, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ уларга кириш учун кириш визаларини расмийлаштириш талаб этилмайдиган хорижий давлатлар бундан мустасно:

паспорт;

белгиланган намунадаги анкета-ариза;

давлат божи тўланганлиги тўғрисидаги квитанция;

35 х 45 мм ўлчамли 4 та фотосурат;

ҳарбий гувоҳномани (ҳарбий гувоҳнома мавжуд бўлмаган тақдирда чақирув ёшидаги шахслар учун мудофаа ишлари бўйича бўлимнинг белгиланган намунадаги маълумотномасини) тақдим этган ҳолда доимий рўйхатда турган жойдаги кириш-чиқиш ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаларига (ҳарбий хизматчилар учун ҳарбий қисм (муассаса) жойлашган жой бўйича) мурожаат қиладилар.

  1. Чет элга чиқиш учун рухсатнома ёзуви стикери ҳақида маълумот берсангиз (унинг амал қилиш муддати, олиш тартиби ва ҳ.к.) ?

Ж:Чет элга вақтинча чиқаётганда фуқароларга чет элга бориш учун 2 йил мобайнида амал қиладиган рухсатнома ёзуви стикери (кейинги ўринларда стикер деб юритилади) расмийлаштирилади. Фуқаролар кўрсатилган муддат мобайнида бир неча марта чет элга чиқиши мумкин. Стикернинг амал қилиш муддати паспортнинг амал қилиш муддатидан ошмаслиги керак.

Доимий яшаш учун чет элга чиқишда фуқароларга амал қилиш муддатисиз стикер расмийлаштирилади.

Чет элга чиқиш учун рухсатнома ёзуви стикери фуқароларнинг доимий рўйхатда турган жойлари (ҳарбий хизматчилар учун — ҳарбий қисм (муассаса) жойлашган жой) бўйича Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, вилоятлар ички ишлар бошқармалари, Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармасининг Кириш-чиқиш ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси, шунингдек Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармасининг туман бўлинмалари (кейинги ўринларда КЧФР бўлинмалари деб юритилади) томонидан, шунингдек ушбу Тартибда назарда тутилган ҳолларда чет элдаги Ўзбекистон Республикаси консуллик муассасалари томонидан кириш-чиқиш ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмалари билан келишган ҳолда расмийлаштирилади.

Маълумот тариқасида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 августдаги ПФ-5156-сон “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хорижга чиқиш тартибини такомиллаштиришга доир муҳим чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, 2019 йилнинг 1 январидан хорижга чиқиш учун рухсат ёзуви стикерини расмийлаштириш тартиби бекор қилиниб, Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг хорижга чиқиш учун биометрик паспорти жорий этилади.

  1. Доимий яшаш учун чет элга чиқишда фуқаролардан қандай ҳужжатлар талаб этилиши тўғрисида маълумот берсангиз?

Ж: Доимий яшаш учун чет элга чиқишда фуқаролар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшайдиган ўз ота-онасининг ва турмуш ўртоғининг (биргаликда чиқиш ҳолатлари бундан мустасно), шунингдек агар биргаликдаги никоҳдан болалар бўлса, Ўзбекистон Республикасида доимий яшайдиган собиқ турмуш ўртоғининг нотариал тасдиқланган розилигини, улар вафот этган ёки бедарак йўқолган ҳолларда эса — вафот этганлик тўғрисидаги гувоҳноманинг ёки суднинг шахсни бедарак йўқолган деб эътироф этиш ҳақидаги қарорининг нотариал тасдиқланган нусхасини кириш-чиқиш ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаларига тақдим этадилар.

  1. Ўзбекистон Республикаси фуқаролари хусусий меҳнат контрактлари бўйича меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун чет элларга чиқиш имкониятлари мавжудми, мавжуд бўлса унинг тартиби қандай?

Ж:Ўзбекистон Республикаси фуқаролари хусусий меҳнат контрактлари бўйича меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун чет элларга фақат Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги томонидан бериладиган рухсатномалар бўйича чиқиш ҳуқуқига эгадирлар.

Фуқароларнинг хусусий контрактлар бўйича чет элларда меҳнат фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ чиқиш ҳужжатларини расмийлаштириш Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги томонидан белгиланган шаклга мувофиқ бериладиган рухсатномалар асосида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан амалга оширилади.

Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги томонидан рухсатнома берилгандан кейин фуқаролар чиқишни расмийлаштириш учун яшаш жойидаги Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг келиш, кетиш ва фуқаролик бошқармаси бўлинмасига ариза берадилар.

Ўзбекистон Республикасининг хусусий меҳнат контрактига эга бўлган фуқаролари чет элларда ижтимоий муҳофазаланишини таъминлаш мақсадида Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлигига қуйидаги ҳужжатларни икки нусхада тақдим этадилар:

ариза;

хорижий фирмадан (иш берувчидан) олинган давлат тилига таржима қилинган, барча ижтимоий кафолатлар ва тиббий суғурта кўрсатилган, шунингдек меҳнат визаси (EMPLOYMENT VIZA) билан таъминлаш борасида иш берувчининг мажбурияти назарда тутилган ҳолда нотариал тасдиқланган ва Ўзбекистон Республикасининг чет элдаги консуллик муассасаси томонидан легализация қилинган контракт нусхаси. Агар ҳужжатга апостиль қўйилган бўлса, легаллаштириш талаб этилмайди;

иш берувчи тўғрисидаги қисқа маълумотлар;

маълумотнома-холиснома;

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган тегишли шаклдаги соғлигининг ҳолати тўғрисида маълумотнома.

  1. Саволим қуйидагича, Чет элда доимий яшаш учун чиқиш ҳужжатларини расмийлаштириш муддатлари ҳақида маълумот берсангиз?

Ж:Чет элда доимий яшаш учун чиқиш ҳужжатларини расмийлаштиришда фуқароларнинг доимий рўйхатда турган жойларидаги кириш-чиқиш ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмалари аризачиларнинг мурожаатини 15 иш куни мобайнида кўриб чиқади ва фуқаронинг чет элга чиқишига тўсқинлик қилувчи ҳолатлар бўлмаган тақдирда, унинг паспортига доимий яшаш учун стикерни ёпиштиради. Қўшимча текширишлар ўтказиш зарур бўлганда ҳужжатларни кўриб чиқиш муддати 30 кунгача узайтирилиши мумкин.

  1. Чет элга чиқаётганда стикер расмийлаштирмасдан чиқишнинг ҳуқуқий оқибатлари мажудми?

Ж:Ўзбекистон Республикасидан ёхуд Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ уларга кириш учун кириш визаларини расмийлаштириш талаб этилмайдиган хорижий давлатлардан бошқа хорижий давлатларга стикер расмийлаштирмасдан чиқиш қонун ҳужжатларида белгиланган жавобгарликка олиб келади, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ уларга кириш учун кириш визаларини расмийлаштириш талаб этилмайдиган хорижий давлатлар ўртасида сафар қилиш бундан мустасно.

Стикернинг амал қилиш муддати чет элда тамом бўлиши Ўзбекистон Республикасига киришда, шунингдек бир хорижий давлатдан бошқасига сафар қилишда жавобгарликка тортиш учун асос бўлмайди, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ кириш визаларини расмийлаштириш талаб этилмайдиган хорижий давлатлардан бошқа хорижий давлатларга сафар қилиш бундан мустасно.

  1. Чет элда доимий яшайдиган Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг паспортининг амал қилиш муддати тугаган ҳолларда, паспортни расмийлаштириш тартиби қандай бўлади?

Ж:Паспортнинг амал қилиш муддати чет элда тугаган, у яроқсизланган ёки йўқолган ҳолларда, шунингдек қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳолларда (фамилияси, исми ва отасининг исми, туғилган санаси ўзгарган, ёзувларда ноаниқликлар ва хатолар аниқланган, варақлар ишлатиб бўлинган ва бошқа ҳолларда) чет элда доимий яшайдиган Ўзбекистон Республикаси фуқароси янги паспортни расмийлаштириш учун ўзи турган мамлакатдаги Ўзбекистон Республикасининг консуллик муассасасига мурожаат қилади.

Агар фуқаро турган мамлакатда Ўзбекистон Республикасининг консуллик муассасаси бўлмаса, фуқаро ўзи турган мамлакат консуллик округига кирадиган Ўзбекистон Республикасининг консуллик муассасасига мурожаат қилади.

  1. Фуқаро оғир касаллиги сабабли, даволаниш учун чет элга чиқиши зарур бўлган ҳолатларда стикерни расмийлаштириш муддати ҳақида маълумот берсангиз?

Ж:Ўзбекистон Республикасидан ташқарига чиқишни талаб қиладиган шошилинч даволаниш заруриятини, оғир касаллик ҳолатларини ёки яқин қариндоши вафот этганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлганда фуқарога ва унга ҳамроҳлик қилувчи шахсларга стикерни расмийлаштириш муддати, чет элга чиқиш ҳуқуқини чеклаш учун асос бўлмаган тақдирда, 5 иш кунидан ошмаслиги керак.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.