Ижтимоий тармоқ ҳақида мулоҳазалар

0
936
марта кўрилган.

Интернетда мутолаа ва мулоқат  маданиятини юксалтириш биздек зиёлиларнинг бурчи ҳисобланади. Журналист сифатидаги мулоҳазаларингизни билдирсангиз, деб қолди gujum.uz сайтидан. Шу таклиф туртки бўлиб, фикрларимни жамладим. Ижтимоий тармоқ билан кечган бир йиллик умримга   назар ташладим.

Ижтимоий тармоққа аъзо бўлганимга роппа-роса бир йил бўлди. Ўтган давр мобайнида интернетга жуда ўрганиб қолдим. Бошқаларни билмайману, аммо пенсионер учун интернет  беҳад  мароқли манба экан. Табиатан шовқин-суронни  жиним суймайди, ўз хаёлларим  билан ўзим ёлғиз ўтиришни ёқтираман. Айни чоғда эса интернетга  қадрдон бўлдим. Бироқ  ҳар нарсанинг ҳам чек-чегараси бор. Тунда компьютерни  очмайман, телевизор кўраман. Эрталаб соат 11га қадар рўзғор юмушларини бажариб қўяман. Кейин зўр ҳафсала билан компьютер ёнига чўкаман. Бу дақиқалар камина учун  бениҳоя ҳузурбахш.

Интернетга кириб даставвал расмий сайтлар – gujum.uz, kun.uz, xabar.uzни кўриб чиқаман. Жаҳон  саҳифасидан  дунёнинг сиёсат майдонида рўй бераётган барча  воқеликларни билиб оламан. Кейин ўз юртимизда Президентимиз  ҳамда ҳукуматимиз амалга ошираётган оламшумул ишлар, ислоҳотлар, жойларда  содир бўлаётган  воқеалар,  турмушимиздаги янгиликлар, ўзгаришлар, изланишлар ва ҳ.з.лар  тўғрисида муфассал маълумот  оламан.

Мен учун ижтимоий тармоқдаги каналлар қироли фэйсбукдир. Уни ФБдош дўстлар, “файзибоғ, файзлибоғ” ҳам деб аташади. Менимча,  ФБ эркин майдон. Ҳар ким кўнглида борини гапиради. Кимдир шеър, кимдир ҳикоя, яна биров  афоризм ёзади. Хуллас, кўнгил чигилини ёзиш ҳам  мумкин. Кимдир қўйган қизиқарли постга бошқалар лайк босади ёки фикр-мулоҳазаларини билдиради. Баъзан баҳслар авж олади. Турфа расмлар ҳаёт ҳақида жим ҳикоя қилади. Табиат гўзалликлари акс этган фотолар завқ-шавқ бағишлайди. Қисқаси зерикмаймиз. ФБ боғидан истаганингизни топишингизга шак-шубҳа йўқ. Булар бизга ёқади, фикрдан-фикр ранг олади, қандайдир самимий дўстона ришта  шаклланади.

Бироқ, фейсбук ҳамиша ҳам файзли боғ бўлавермайди. каминада айрим эътирозлар ҳам йўқ эмас. Масалан, кимнингдир  дўстлик “дружба” таклифини қабул қилиб, уни тасдиқлайсиз. Унинг саломига алик олиб, дўстона суҳбатга изн берасиз. “Қаердансиз”, ”ёшингиз неччида”, “қаерда яшайсиз” қабилидаги саволларга   жавоб қайтарасиз. Кейин яна сўрайди: “эрингиз борми”, энди ҳушёр тортмасангиз бўлмайди… Саволлар эса давом этаверади, энди у сизни “сен” деб  бемалол  атай бошлайди. Гуллар, гулдасталар суратларининг адоғи йўқ. Бир пайт  ёшингиздан қатъий назар, энг муҳими у “эркак” сизга ёки бизга севги изҳор қилади. Сизни умрида кўрмаган “севгилим, гўзалим, шакарим, асалим” деб қиёмларга булғаб ташлайди. Ана бўлмаса, айримларининг гаплари эса қуюшқонга ҳам сиғмайди.

Интернетдан энди фойдалана бошлаган кунларим эди. Бир нусханинг “дружба”сини босиб, онамни Учқўрғонда кўрганман. Саволлар давомида “эринг борми?-деб сўради. ”Ҳа, чолим бор”-дедим атайин. “Мен  жарроҳман, зўр сексапатолог ошнам бор, эринг билан кел, олиб кираман” –деди. Ажабландим, ”мен сиздан дўхтир сўрадимми” –дедим. ”Чол” деяпсанку бўлдида, савоб ҳам керак, олиб кел. Келмаса,  олиб келма  ўзинг келсанг бўлди асалим дейди денг. Бурнимнинг учида турган жаҳлим  бўй кўрсатди. ”Сизга бир маслаҳат бор эди” – дедим. ”Бажонидил жонидан, қурбонинг бўлай”-деб ёзди. “Мабодо, невропотолог, психиатр ошналарингиз йўқми?-деб сўрадим. ”Бор, нимайди”-деди. ”Ўзингизни  кўрсатсангиз бўларкан, томингиз  анча қийшайиб қоптику!”- дедим. “Нима?!- ҳэ, сени…” деб … Билдим, сўкинди, лекин мен уни ўқиб ўтирмадим.

 Сираси, бундай мисоллар тиқилиб ётибди, “дружба”ни босасиз, томошасини кўраверасиз, ҳар куни шу аҳвол. Гўё дунё шундай қораликлар устига қурилгандек…  Хуллас, азизлар ўзингиздан қолар гап йўқ, гуручнинг курмагини  териб ташлайверасиз. Бироқ, курмакни териб ташлай олмайдиган ёшларимизга бу мулоқотлар албатта, зарарли. Ана шундай пайтда  расмий сайтларнинг ижтимоий тармоқлардаги каналларини кўпайтириш керак деб ўйлаб қоламан. 

 Техник тарафдан зуккоман деб, айта олмайман. Ҳалигача компьютерда ёзишни эпласамда, техник тарафларига оқсайман.  Шу боис ижтимоий тармоқнинг мен билмаган  сарҳадларини  тўла қамраб ололганимча йўқ. Лекин баъзан кўзим тушиб қолган гап-сўзларга ҳайрон қоламан. Айримлар негадир ҳамиша нимадандир, кимдандир норози кайфиятда бўладилар. Четдан кимнидир қоралаш ёки уни танқид қилиш  осон. Аммо унинг ўрнида бўлиш, ўзининг қўлидан келармикин…  Бундан ташқари, шаънига отилаётган тошлар ҳам талайгина,  мусулмончиликда марҳумлар шаънига тош отилмайди. Ўтганларни тинч қўйиш, инсоний бурчимиз эмасми?…

ФБда ўзини бозорга солгандек шахсий расмлар билан тўлдириб ташлаганлар ҳам бор. Гоҳида ундан завқлансангиз гоҳида уялиб ҳам кетасиз. Турфа олам дегани шуда!

Қиссадан ҳисса, интернет деганлари зўр  имконият экан. Дунёдан бохабармиз, бу бебаҳо неъматдан оқилона фойдаланишимиз,  фарзандларимизни эса  тўғри йўналтира билишимиз, катта ёшдаги  ҳар биримизга   улкан  масъулият юклайди…

Интернетда мутолаа ва мулоқат  маданиятини юксалтиришда барчага тилакдошман.

Шарофат Искандар қизи

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.