Иш ҳақимизни бизнинг розилигимизсиз ушлаб қолиниши тўғрими?

0
139
марта кўрилган.

AОКА ҳузуридаги штабда бўлиб ўтган брифингда Адлия вазирлиги матбуот котиби Севара Ўринбоева коронавирус билан боғлиқ вазиятга оид саволларга жавоб қайтарди.

САВОЛ: Иш ҳақимиздан ушлаб қолишмоқда. Бухгалтериядан сўрасам, раҳбарият айтган дейишяпти. Иш ҳақимизни розилигимизсиз ушлаб қолиниши тўғрими?

ЖАВОБ: Амалдаги меҳнат қонунчилигига кўра, ходимнинг розилигисиз иш ҳақидан ушлаб қолиш мумкин эмас. Ходимнинг розилигисиз меҳнат ҳақидан қуйидаги ҳолларда ушлаб қолиниши мумкин: белгиланган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ундириш учун; суднинг қарорлари ва бошқа ижро ҳужжатларини ижро этиш учун; олдиндан берилган мақсадли пуллар (масалан, хизмат сафарлари учун берилган ва ишлатилмай қолинган аванс) бўйича ҳисоб-китоб қилиш ҳамда ортиқча тўланган суммани қайтариб олиш учун; меҳнат таътили бўйича ҳисоб-китоб қилиш учун; ходим томонидан иш берувчига етказилган зарарни қоплаш учун; интизомий жазо тариқасида тайинланган жаримани ундириш учун.

Шунингдек, иш ҳақидан ушлаб қолинадиган ҳақнинг умумий миқдори ходимнинг иш ҳақининг эллик фоизидан ортиб кетмаслиги лозим. Ушбу чеклов алимент мажбуриятлари бўйича қарздорликни ахлоқ тузатиш ишлари тарзидаги жазо тайинланган ходимнинг иш ҳақидан ушлаб қолишга нисбатан татбиқ этилмайди. Бундай ҳолларда ушлаб қолинадиган ҳақнинг миқдори етмиш фоиздан ортиб кетмаслиги лозим.

САВОЛ:  Мен олий таълим муассасасига сиртқи таълимда ўқишга кирдим. Лекин сиртқи таълимда яхши ўзлаштира олмаяпман. Шунга ўқишимни кундузги таълимга ўтказсам бўладими йўқми?

ЖАВОБ: Сиртқи (махсус сиртқи) таълимдан кундузги таълимга ҳамда сиртқи (махсус сиртқи) таълимнинг бир таълим соҳасидан иккинчи таълим соҳасига ўқишни кўчириш мумкин эмаслиги ҳам қайд этилган.

САВОЛ: Мен бир ташкилотга 3 ойлик синов муддати билан ишга қабул қилинган эдим. Синов муддати тугаши вақтида синов муддатини қониқарсиз ўтадинг деб тузилган меҳнат шартномасини бекор қилишмоқчи. Шу тўғрими?

ЖАВОБ:  Дастлабки синов муддати тугагунга қадар ҳар бир тараф иккинчи тарафни уч кун олдин ёзма равишда огоҳлантириб, меҳнат шартномасини бекор қилишга ҳақлидир. Бундай ҳолда иш берувчи меҳнат шартномасини синов натижаси қониқарсиз бўлгандагина бекор қилиши мумкин. Агар дастлабки синов муддати тугагунга қадар тарафлардан бирортаси ҳам меҳнат шартномасини бекор қилишни талаб қилмаган бўлса, шартноманинг амал қилиши давом этади ва бундан кейин уни бекор қилишга умумий асосларда йўл қўйилади.

Шунга кўра синов натижаси қониқарсиз бўлганда, иш берувчи уч кун олдин ёзма равишда огоҳлантириб, меҳнат шартномасини бекор қилишга ҳақли.

САВОЛ: Ижарада тураман. Узоқ муддатга ижара шартномаси тузганман ва ушбу ижара шартномасини бекор қилмоқчи эмасман. Карантин туфайли қишлоқдаги уйимга кетишга мажбур бўлдим. Ижарада турган уйим бўш турибди. Унга эса мен ижара пули тўлашим керак. Бу менга оғир. Мен ижара шартномасига асосан олинган мол-мулкни бошқа шахсга ижарага беришим мумкинми?

ЖАВОБ: Фуқаролик кодексига асосан мол-мулкини ижарага бериш ҳуқуқи шу мол-мулк эгасига тегишли бўлиб, қонун ёки мулкдор томонидан мол-мулкни ижарага бериш ваколати берилган бошқа шахслар ҳам ижарага берувчи бўлишлари мумкин.

 Шунингдек, амалдаги қонунчиликка кўра, қонунларда ва ижара шартномасида ўзга шартлар кўзда тутилмаган бўлса, ижарачи ижарага олинган мол-мулкни, ер ва бошқа табиий ресурслардан ташқари, ижарага берувчининг рухсати билан иккиламчи ижарага топширишга ҳақлидир. Бунда ижарага олувчи шартномага мувофиқ ижарага берувчи олдида жавобгар бўлиб қолаверади.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.