АОКА ҳузуридаги штабда бўлиб ўтган брифингда Адлия вазирлиги матбуот котиби Севара Ўринбоева коронавирус билан боғлиқ вазиятга оид саволларга жавоб қайтарди.
САВОЛ: Қўшнимизни иш жойидан карантинга олишган. 11 ёшли ва 8 ёшли фарзандларини қариндошлари парвариш қилишяпти. Парвариш қилаётган қариндошларига меҳнатга лаёқатсизлик варақаси берилиши мумкинми?
ЖАВОБ: Соғлиқни сақлаш вазирининг 2020 йил 11 майдаги “Меҳнатга лаёқатсизлик варақаларини бериш тартиби тўғрисидаги йўриқномага ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги 117-сон буйруғига кўра, уй шароитида карантинга олинган шахсларга ҳамда карантинга олинган шахсларнинг 14 ёшгача бўлган боласини парвариш қилаётган шахсларга меҳнатга лаёқатсизлик варақаси карантинда бўлган тўлиқ кунларига уларнинг яшаш жойидаги поликлиника томонидан берилади.
САВОЛ: Отам билан бирга ёлғиз яшаймиз. Улар 12 йилдан буён I гуруҳ ногирони. Мустақил ҳаракатланиш имкониятига эга эмаслар. Отам 84 ёшдалар. Кекса ёшдаги шахсларга қараган давр иш стажи ҳисобланиши ростми?
ЖАВОБ: Амалдаги қонунчиликка кўра I гуруҳ ногиронига ёки 16 ёшгача бўлган ногирон болага, шунингдек ўзгаларнинг парваришига муҳтож бўлган (даволаш муассасасининг хулосасига кўра) 80 ёшга тўлган қарияларга қараб турилган вақт иш стажига қўшиб ҳисобланади. Бунда умумий иш стажи камида 7 йил бўлган тақдирда иш стажига қўшиб ҳисобланади.
САВОЛ: Мен мактаб ўқитувчисиман. Иш вақтимиздан ташқари бизни ишга жалб қилишмоқда. Мактаб ўқитувчиларини ишдан ташқари вақтда ишга жалб қилиниши мумкинми?
ЖАВОБ: Меҳнат кодексининг 124-моддасига асосан ходим учун белгиланган кундалик иш муддатидан ташқари ишлаш иш вақтидан ташқари иш деб ҳисобланади. Иш вақтидан ташқари ишларга ходимнинг розилиги билан, икки ҳисса миқдорда ҳақ тўлаган ҳолда жалб этишга рухсат берилади. Иш сменасининг муддати 12 соатдан иборат бўлганда, шунингдек меҳнат шароити ўта оғир ва ўта зарарли ишларда иш вақтидан ташқари ишларга йўл қўйилмайди.
САВОЛ: Мен яқинда бир МЧЖга ҳайдовчи бўлиб ишга қабул қилингандим. МЧЖга тегишли ва мен масъул бўлган транспорт воситасида ҳаракатланганимда йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги ҳамда жарима белгиланганги бўйича хабарнома келди. Бизнинг раҳбарият мени тўлашимни айтишяпти. Шу қонунийми?
ЖАВОБ: Юридик шахсга тегишли транспорт воситасидан фойдаланиб содир этилган йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этилган тақдирда, маъмурий жавобгарликка юридик шахснинг транспорт воситасидан фойдаланиш учун масъул бўлган шахси тортилади.
САВОЛ: Республика махсус комиссиясининг қарорига кўра 1 июлдан бошлаб кечги вақтда уч кишидан ортиқ тўпланиши мумкинмаслиги белгиланди. Агар соғлиғи ёмонлашса нима қилиш керак бўлади?
ЖАВОБ: Комиссиянинг қарорига кўра, жорий йил 1 июль санасидан бошлаб “қизил” ва “сариқ” ҳудудларда соат 07:00 дан 23:00 га қадар жамоат жойларида уч кишидан ортиқ тўпланиш ҳамда 23:00 дан 07:00 га қадар кўчаларда, кўп қаватли уйлар ва ҳовлилар олдида бўлиш тақиқланади. Бунда фақатгина фуқароларнинг саломатлиги ёмонлашганлиги, ҳомиладорлиги муносабати билан шифокор кўригидан ўтиш учун даволаш муассасасига ёхуд зарур дори-дармон харид қилиш мақсадида дорихонага бориб-келишига рухсат берилади.
Уйда қолинг! Ўзингизни ва оилангизни асранг. Бу эзгулик билан бутун мамлакатимиз ҳамда жаҳон аҳлини коронавирус балосидан асраган бўласиз!