Карантин даврида меҳнатга доир муҳим саволларга жавоблар

0
327
марта кўрилган.

Савол: Корхона карантин пайтида янги ишчиларни ишга олишда улардан коронавирус билан касал бўлмагани тўғрисида маълумотнома талаб қилиши қанчалик тўғри?

Жавоб: Меҳнат кодексининг 80-моддасида ишга қабул қилишда талаб этиладиган ҳужжатлар рўйхати кўрсатилган. Ушбу ҳужжатлар ва бошқа қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган ҳужжатларни талаб қилиш ТАҚИҚЛАНАДИ.  Бирор-бир норматив ҳужжатда ишга қабул қилишда коронавирус инфекцияси бўйича касалликка чалинмаганлиги тўғрисидаги ҳужжат талаб қилиш кўрсатилмаган.

 Агар коронавирус инфекцияси билан касалланган фуқароларни ишга қабул қилишда касалликка чалинганлиги сабабли ишга қабул қилиш рад этилса, ишга қабул қилиш жараёни ноқонуний рад этилган ҳисобланади ва иш берувчини жавобгарликка тортишга асос бўлади.

Савол: Мактабда ҳамшира бўлиб ишлайман, яқинда туғуруқ таътилиги чиқдим. Декрет пули карантиндан кейин берилади, дейишди. Бу қанчалик тўғри?

Жавоб: Адлия вазирлиги томонидан 2002 йил 8 майда 1136-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган “Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 5-бандига асосан, нафақа — ҳомиладорлик ва туғиш таътили тугаган ёки бола туғилган кундан бошлаб 6 ой муддат ичида мурожаат қилинганда тўланади. Ушбу Низомнинг 7-бандига асосан, нафақа ойига бир марта — ойнинг иккинчи ярми учун бериладиган иш ҳақи билан бирга тўланади.

Савол: Давлат ташкилотида ишловчи ходимлар стационар карантинга олинганда уларнинг ойлик иш хақи қандай тўланади? Масалан, ойликдаги устамалар тўланадими?

Жавоб: Коронавирус инфекцияси билан зарарланиши ёки зарарланган деб гумон қилиниши муносабати билан карантинга жойлаштирилганларга вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси тўланади.

 Асос — “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Фармонининг 16-банди ҳамда Адлия вазирлиги томонидан 2002 йил 8 майда 1136-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган “Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 9 ва 17-бандлари.

 Бундан ташқари, Меҳнат кодексининг 153-моддасига кўра, корхонанинг жамоа шартномаси ёки ходимларнинг вакиллик органи билан келишилган локал ҳужжатларга асосан устама ва бошқа қўшимча тўловлар тўланиши мумкин.

Савол:Икки фарзандим бор, 1 ёш ва 2 ёш. Эрим ишхонасидан иш ҳақи тўланмайдиган таътилга чиқарилган, ўзи магистратура талабаси, тўлов-шартнома асосида ўқийди. Маҳаллага фарзандларим учун 2 ёшгача бола пули сўраб чиққанимда беришмади. Ҳозирда бола пулига муҳтожмиз. Айни вақтда эрим ойликсиз. Карантин муносабати билан ҳам бола пули беришмайдими? Қаерга мурожаат қилсам бўлади?

Жавоб: Болали оилаларга нафақа, бола парвариши бўйича нафақа ва моддий ёрдам ҳар бир оила аъзосига ўртача ойлик жами даромад миқдори жами даромад аниқланаётган давр учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 52,7 фоизидан ортиқ бўлмаган оилаларга фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органида ташкил этилган махсус комиссия томонидан тайинланади.

 Асос — Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 15 февралдаги 44-сон қарори билан тасдиқланган “Кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида”ги Низом.

Турмуш ўртоғингиз иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътилда бўлган бўлса, Меҳнат кодексининг 150-моддасига асосан иш ҳақи сақланмаган ҳолда бериладиган таътил ходимнинг хоҳишига кўра берилади.  Шу сабабли, турмуш ўртоғингиз корхона иш берувчисига иш ҳақи сақланмаган ҳолда берилган меҳнат таътилини тугатиб, ишни давом эттиришига рухсат сўраб ариза билан мурожаат этиши мумкин.

Гулруҳ Ниёзметова, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Давлат меҳнат инспекцияси Бош давлат меҳнат ҳуқуқ инспектори 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.