АОКА штабида бўлиб ўтган брифингда Адлия вазирлиги матбуот котиби Севара Ўринбоева коронавирус билан боғлиқ вазиятга оид саволларга жавоб қайтарди.
САВОЛ: Карантин вақтида нотариус орқали уй олди-сотди гувоҳномасини олса бўладими?
ЖАВОБ: Бўлади. Республика махсус комиссиясининг 2020 йил 20 апрелдаги 21-сон баёнининг 5-бандига кўра нотариусларнинг карантин талабларига риоя қилган ҳолда ишлашига рухсат берилган.
Шунингдек, Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёки e-notarius.uz сайти орқали уйдан чиқмасдан туриб, нотариус қабулига электрон навбатга ёзилиш ва e-notarius.uz сайти орқали барча нотариал ҳаракатлар ҳақида тўлиқ маълумот олиш ва нотариус калькулятори хизматидан фойдаланиб, давлат божи ва бошқа тўловларни мустақил ҳисоблаш имконияти яратилган.
САВОЛ: Меҳнат таътили вақтида касалхонага тушдим. Меҳнат таътили вақтида касал бўлиб қолганлигим сабабли таътил кунларини бошқа вақтга кўчирсам бўладими?
ЖАВОБ: Меҳнат кодексининг 145-моддасига мувофиқ ходимлар вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик даврида таътилни узайтириш ёки бошқа муддатга кўчириш ҳуқуқига эга.
Ходим таътилдан фойдаланишга тўсқинлик қилувчи сабаблар тўғрисида иш берувчини хабардор қилиши шарт!
САВОЛ: Фарзандим 31 августда 6 ёшни тўлдиради. Мактабга берсам бўладими?
ЖАВОБ: 1-синфга 6-7 ёшли болалар тиббий хулосага мувофиқ қабул қилинади.
Асос – “Таълим тўғрисида”ги Қонун ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 15 мартдаги 140-сон қарори билан тасдиқланган “Умумий ўрта таълим тўғрисида”ги низом.
САВОЛ: Набирам 15 ёшда. Ота-онаси ногирон бўлганлиги сабабли ишлашмайди. Набирам ишга кирса бўладими?
ЖАВОБ: Амалдаги меҳнат қонунчилигига кўра, 16 ёшдан бошлаб ишга қабул қилиш мумкин. Бунда ўн беш ёшга тўлганидан кейин ота-онасидан бирининг ёки ота-онасининг ўрнини босувчи шахслардан бирининг ёзма розилиги билан ишга қабул қилишга йўл қўйилади.
Шунингдек, ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар меҳнатидан шу тоифа ходимларининг соғлиғи, хавфсизлиги ёки ахлоқ-одобига зиён етказиши мумкин бўлган меҳнат шароити ноқулай ишларда, ер ости ишларида ва бошқа ишларда фойдаланиш тақиқланади.
САВОЛ: 2 ёшгача бола парвариши учун бериладиган нафақа олиш учун қандай ҳужжатлар топшириш керак?
ЖАВОБ: Амалдаги қонунчиликка кўра бола икки ёшга тўлгунга қадар бола парвариши бўйича нафақа олиш учун аризага қуйидагилар илова қилинади:
белгиланган шакл бўйича оиланинг таркиби ва даромадлари тўғрисидаги маълумотлар ҳамда ушбу даромадларни тасдиқловчи ҳужжатлар;
болали оилаларга нафақа ёки бола парвариши бўйича нафақа олиш учун – болаларнинг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномалари нусхалари;
асосан яшаб турган жойи бўйича нафақа ва моддий ёрдам олиш учун — доимий яшаш (доимий прописка) жойи бўйича болали оилаларга нафақа, бола парвариши бўйича нафақа ва моддий ёрдам тайинланмаганлиги ва тўланмаганлиги тўғрисида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан берилган маълумотнома;
агар болалар васийликка олинган бўлса – васийлик ва ҳомийлик органининг қароридан кўчирма.
Бундан ташқари, моддий ёрдамга эҳтиёжмандлик тўғрисидаги аризага, ариза берувчининг хоҳишига кўра, оиланинг эҳтиёжмандлигини тасдиқловчи бошқа ҳужжатлар ҳам илова қилиниши мумкин.
САВОЛ: Карантин вақтида суднинг даъвони таъминлаш ҳақидаги ажримига мувофиқ МИБ ижрочилари жавобгарнинг уйидаги мол-мулкни хатлаши мумкинми? Агар йўқ бўлса, қандай меъёрга кўра суд ажрими ижро қилинмаслиги мумкин?
ЖАВОБ: Амалдаги қонун ҳужжатларига кўра давлат ижрочиси суд ёки бошқа органдан ёхуд ундирувчидан қарорни ижро учун қабул қилиб олиши ва ижро иши юритишни қўзғатиши шарт.
Ижро ҳаракатларини амалга оширишга тўсқинлик қиладиган объектив ҳолатлар бўлган тақдирда, давлат ижрочиси ўз ташаббуси билан ёхуд тарафлардан бирининг аризасига кўра, шунингдек тарафларнинг ҳар бири мустақил тарзда ижрони кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб ижро этиш ҳамда ижро этиш усули ва тартибини ўзгартириш тўғрисидаги ариза билан ижро ҳужжатини берган суд ёки бошқа органга мурожаат қилишга ҳақлидир.
Манбаа:@aoka_uz