Ҳозирги синовли кунларда бир-биримизга елкадош бўлиш, коронавирус бало-ю, офатига қарши ўз жонини таҳликага қўйиб бўлса-да, курашаётган жонкуяр ва олижаноб шифокорларимизни қўллаб-қувватлаш, юзага келган вазиятни кенг жамоатчиликка тўғри етказиш ОАВ ларининг энг муҳим вазифаларидан биридир.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳам ушбу фаолиятга муносиб ҳисса қўшмоқда. Онлайн иш усулига ўтган АОКА штабида ССВ ҳузуридаги Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Ҳабибулла Оқилов иштирокида бўлиб ўтган брифингда муҳим савол ва мурожаатлар юзасидан жавоб қайтарилди.
Савол: Карантиндан кейин ниқоб тақиш ва ҳимоя воситаларидан фойдаланишда давом этамизми?
Жавоб: Бу Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг тавсиялари ва ўша вақтдаги эпидемиологик ҳолатга боғлиқ. Шахсий гигиена қоидалари ва ижтимоий масофаланиш тартибига юртдошларимиз кўникишди ва улар ушбу қоидаларга риоя қилишда давом этишади.
Савол: Айрим савдо марказлари ва бозорлар кираверишида санитар дарвоза ўрнатилган ва киришингизда қандайдир суюқлик сепади. Бундай санитар дарвозаларда қандай суюқликдан фойдаланишади? Саломатлик учун хавфлимасми?
Жавоб: Йўқ, соғлиқ учун зарарли эмас, бу инсон саломатлигига таъсир кўрсатмайдиган дезинфекция воситаси.
Савол: Ижтимоий тармоқларда Сингапур университети олимларининг Ўзбекистонда 24-майга қадар коронавирус инфекцияси тарқалиши тугаши тўғрисидаги прогнозлар ҳақида маълумот кўрдим. Бу борада мутахассисларимиз қандай фикрда?
Жавоб: Сингапур университети олимлари математик модел ва жойлардаги статистикадан келиб чиқиб, прогноз ҳисоби дастурини яратишди. Уларнинг ўзлари бу бор-йўғи дастурлигини ва ҳақиқатда ҳолат мутлақо бошқача бўлиши мумкинлигини таъкидлашмоқда.
Савол: СЭС ходимлари нимага асосан ҳайдовчиларга «доставка» қилинадиган маҳсулотларни тўғри ўраш ҳақида кўрсатма беришади?
Жавоб: Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги ходимлари етказиб бериладиган товарларни тўғри ўраш борасида кўрсатма эмас, тавсия беришади. Аҳолига эса қабул қилиб олинган товарни ўрамдан қандай тўғри очиш ва истеъмол қилишдан олдин дезинфекциялаш борасида тавсиялар берилади.
Савол: Мирзо Улуғбек туманидаги мактабда 9-синф ўқувчиларини 2 май куни 8 ОП га эмлашга келишларини талба қилишяпти. Бу вазиятда «тўпланиш» ҳисобланмайдими?
Жавоб: Коронавирус инфекцияси бўйича эпидемиологик ҳолатга қарамай, мамлакатда эмлаш ўз вақтида амалги оширилиши лозим ва бу давом эттирилмоқда. Эмлаш ижтимоий масофа хавфсизлиги қоидаларига риоя этган ҳолда ташкиллаштирилади.