Коронавирус асаб тизимини ҳам шикастлаши ростми?

0
111
марта кўрилган.

Бугун АОКА ҳузуридаги штабда Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бош инспектори Нурмат Отабеков иштирокида  ўтказилган брифингда муҳим савол ва мурожаатлар юзасидан жавоб қайтарилди.

САВОЛ: Нега автобусларга рухсат берилди-ю, метрога эса йўқ?

Жавоб: Метролардаги ҳавони доимий янгилаб турувчи умумий вентиляция тизими коронавирус инфекцияси тарқалиш хавфини оширади. Шу сабабли метрога ҳозирча рухсат йўқ!

САВОЛ: Карантинда ёзги болалар оромгоҳлари фаолияти қандай ташкил этилади?

Жавоб: Ҳозирда 80 га яқин болалар ормгоҳи иш бошлаши режалаштирилган.

Асос — Болаларни хавфсиз дам олдириш ва соғломлаштиришни ташкил қилиш Республика мувофиқлаштирувчи комиссиясинининг 26 майдаги 1-сонли баёнига мувофиқ тасдиқланган дислокация.  Оромгоҳга дам олиш ва ишлашга борадиган болалар ва тарбиячилар чуқурлаштирилган тиббий кўринкдан ўтишади;  Ота-оналар ва қариндошларга болаларни кўриш учун оромгоҳларга бориши ва озиқ-овқат маҳсулотларини олиб боришга рухсат берилмайди. Ҳар бир оромгоҳда тегишли эпидемияга қарши тадбирлар белгиланган.

САВОЛ: Карантинда мактабларда кундузги оромгоҳлар фаолияти ташкил этиладими?

Жавоб:  Ҳозирда мактаблар фаолият юритмаётганлиги сабабли мактаблар қошида оромгоҳлар ташкиллаштирилмайди.

САВОЛ: Санаторийга боришдан аввал коронавирусга хусусий поликлиникаларда ҳам тест топширса бўладими?

Жавоб: Ҳа, бўлади. Бунда нодавлат тиббиёт муассасасига телефон орқали мурожаат этилади, улар махсус автотранспортларда келиб, тегишли намуналарни олади ва таҳлилларни ўз лабораторияларида ўтказади.  Ташкилот ходимларининг ёки фуқароларнинг таҳлилга намуна топшириш учун бевосита нодавлат тиббиёт муассасасига келишига рухсат этилмайди.

САВОЛ: Мен музқаймоқ ва газли сув сотиш билан шуғулланаман. Лекин алоҳида стационар жойим йўқ. Карантин вақтида савдо қилсам бўладими?

Жавоб: Карантин чекловлари тўлиқ бартараф этилгунига қадар ушбу маҳсулотларнинг савдосига рухсат этилмайди. Ҳатто карантин тадбирлари тугаганидан сўнг хам фақат рухсат этилган стационар нуқталарида бу каби маҳсулотлар билан савдо қилишингиз мумкин.

САВОЛ: Умумий овқатланиш жойларида ҳар бир хўранда рўйхатга олинадими?

Жавоб: Йўқ, шарт эмас! Фақат карантин талаблари бўйича белгиланган талабларга риоя этилиши, яъни хўрандалар ташриф буюришидан қатъий назар муассасада кун давомида дезинфекция моддаларидан фойдаланилган ҳолда намли тозалаш ишларини амалга оширилиши ва пол қисмлари ювиб турилиши лозим.

САВОЛ: Иссиқ кунда ниқоб тақиш қийин бўляпти. Қачон бу талаб бекор қилинади?

Жавоб:  Инфекция ҳаво томчилари орқали юқишини ҳисобга олсак, ниқоб тақиш касалликни олдини олишда муҳим аҳамиятга эга. Уни қоидаларга тўлиқ риоя этган ҳолда тақиш керак (яъни ҳар 3 соатда алмаштириб).

САВОЛ: Коронавирус асаб тизимини ҳам шикастлаши ростми?

Жавоб: Ҳа, коронавирус бутун асаб тизимини ишдан чиқаришга қодир. АҚШда ўтказилган тадқиқотга кўра, COVID-19 аксарият беморларда неврологик жиҳатдан намоён бўлган.  COVID-19 кўплаб сабабларга кўра неврологик дисфункцияга, масалан, мияда кислород етишмаслиги ёки қон ивишининг бузилишига, натижада ишемик ёки геморрагик инсульт келиб чиқишига олиб келади.

САВОЛ: Қозоғистонда коронавирусга қарши вакцина ишлаб чиқариляптими?

Жавоб: Ҳозирги вақтда Қозоғистон илмий-тадқиқот институтининг COVID-19 га қарши вакцинаси ЖССТ рўйхатига киритилгани ва клиник синовлардан ўтаётгани ҳақида баъзи маълумотлар мавжуд, лекин ҳали ишлаб чиқариш бошлангани йўқ.

САВОЛ: Ўзбекистонда коронавирусга қарши бирор дори воситаси кашф қилиндими?

Жавоб: Коронавирусга қарши фойдаланиш учун 30 га яқин препарат Хитойнинг Шанхай шаҳрига синовдан ўтказиш учун юборилган.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Биоорганик кимё институти олимлари томонидан яратилган гриппга қарши «Рутан» дори воситаси Хитой олимлари томонидан ўтказилган синовлар натижасида SARS CoV-2 типидаги грипп вирусини 78,3 фоизга таъсирини сусайтириш хусусиятини намоён қилган.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.