Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Севара Убайдуллаева иштирокида АОКАда бўлиб ўтган брифингда журналистларнинг вакцина синовига доир муҳим саволларига жавоб қайтарди.
— Коронавирусга қарши вакцина синовида қатнашиб эмлаш олсак, кейин ниқоб тақмай юриш мумкинми?
— Вакцина билан эмланганингиздан сўнг ҳам ниқоб тақиб юриш керак, синовларда қатнашмоқчи бўлганларга ҳам ёки синовлар якунланиб, ижобий натижа чиққанларга ҳам бу талаб сақланиб қолади. Вакцина билан эмланган одам организмида иммун тизим ишлашни бошлайди, бу даврда бошқа касалликлар юқишини олдини олиш мақсадида имкон қадар бошқа инсонлар билан мулоқотда бўлмаслик ва уйда бўлиш талаб этилади. Агар иш жараёнида одамлар билан мулоқотда бўлишда давом этилса, бошқа карантин талабларига доим риоя қилиш зарур.
Шунингдек, соғлом турмуш тарзини риоя қилиш, овқатланиш тартибига эътибор бериш, кўп суюқлик ичиш ва енгил жисмоний машқларни бажаришни ҳам давом эттириш керак. Бу кабилар инсон организмида коронавирусга карши иммунитет ҳосил бўлишига ёрдам беради.
— Коронавирус вакцинаси билан кимларни эмлаш мумкин эмас?
— Бугунги кунда коронавирусга қарши эмлаш долзарб ҳисобланади. Чунки, кўплаб мамлакатларда вакциналар ишлаб чиқилган ва клиник синовларнинг учинчи босқичини ўтказиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Клиник синовларнинг ушбу босқичи якунлангандан сўнг аҳолини эмлаш босқичлари бошланади. Аҳолини оммавий эмлашда албатта вакцинага қарши кўрсатмаларни ҳисобга олиш зарур.
Вакцина таркибидаги моддаларга аллергияси бўлган кишиларга; органик ўзгаришлар билан асаб касалликлари ривожланиши бўлган шахсларга (мия фалажи ташхиси, судорога синдроми, эпилепсия); орттирилган иммунтанқислик синдроми (ОИВ — СПИД) мавжуд беморларга; сурункали касалликлар кучайган пайтда, касалликларнинг ўткир босқичларида эмлаш мумкин эмас.