Коррупция нима? Коррупция — тараққиёт кушандаси

0
14868
марта кўрилган.

 Коррупция нима? Илмий адабиётларда унга қуйидагича таъриф берилади: ”Коррупция—шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек, бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этиш”.

Коррупция атамаси лотинча “орруптио” сўзидан олинган бўлиб, пора бериб сотиб олиш, бузилиш, ишдан чиқиш, ахлоқий (маънавий) бузилиш деган маъноларни англатади. Одатда мансабдор шахс томонидан унга берилган мансаб ваколатлари ва ҳуқуқлардан, шунингдек, бу билан боғлиқ расмий нуфуз мақомидан, имкониятлар ва алоқаларидан ўзларининг шахсий манфаатларини кўзлаб қонунчилик ва ахлоқ қоидаларига зид равишда фойдаланишини англатади.

 Жамиятда коррупция оддий халқ вакилларининг юқори амалдорларга ёхуд давлат амалдорларининг ўзаро бир-бирларига бўлган муносабатидан келиб чиқади. Ушбу салбий ҳолатнинг ҳар қандай кўриниши жамиятни ҳалокат ёқасига олиб бориши муқаррардир.        Коррупсиянинг тарихи антик  даврларга бориб тақалади. Қадимги Юнонистон   давлатида оддий халқ  вакиллари оқсоқолларга ва турли даражадаги амалдорларга совға-саломлар беришган. Худди шундай ҳолатлар қадимги Мисрда ҳам кузатилган: бу ерда эркин деҳқонлар, ҳунармандлар ва ҳатто ҳарбий аъёнларга нисбатан ҳам ўзбошимчалик ва зўравонлик ишлатган ҳамда қонунбузарликларни ўзига касб қилиб олган амалдорлар  бюрократик аппарати юзага келганди.

 Коррупция ҳар қандай давлат ва жамият ривожига жиддий салбий таъсир кўрсатувчи хавфли омил, барча мамлакатларга таҳдид солувчи мураккаб ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳодисадир. Зеро, бу омил туфайли давлатнинг ривожланиши секинлашади, ҳукумат тизими ишдан чиқади, демократик институтларга путур етади. У сайлов жараёнларига салбий таъсир қилиб, қонун устуворлигига жиддий зиён етказади. Шу билан бирга, унинг таъсири остида фуқароларнинг ижтимоий адолатга, ҳақиқатга ва давлат органларига ишончи йўқолади. Ҳар қандай жамият учун ушбу жиноятга қарши курашиш энг долзарб масалалардан биридир. Бизнинг давлатимиз коррупциянинг олдини олиш ва унинг илдизларига барҳам бериш мақсадида кўпгина тадбирларни амалга оширмоқда. 2003-йил 9-декабрда БМТ нинг Коррупцияга қарши конвенцияси имзоланганлиги ҳам фикримизнинг исботидир.

Республикамизда ушбу жиноятга қарши кураш соҳасида мақсадли сиёсат олиб борилмоқда. Жумладан, ушбу соҳада қонунчилик асосларини такомиллаштириш, давлат органларининг, жамиятнинг очиқлигини таъминлаш, ахборотлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш борасида аҳамиятли ишлар амалга оширилмоқда. Дарҳақиқат, коррупцияга қарши курашиш ва бу соҳада самарали чора-тадбирлар ишлаб чиқиш масалалари давлатимиз раҳбариятининг диққат марказидадир.

 Коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари ва принципларини белгилашда бундай ҳуқуқбузарлик учун жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлаш масаласи қатъий ҳисобга олинган. Коррупцияга аралашган, бу жирканч иллатга қўл урган одам учун улуғ нарсалар, мўтабар туйғуларнинг қадри йўқолади. Бундай одамлар ҳаётда ҳамма нарсани сотиб олиш ва сотиш мумкин, деб ўйлайди. Улар иймон-эътиқодга ишонмайди, айни пайтда бундай кимсаларга ҳаёт учун азиз саналадиган ҳеч нарсани инониб бўлмайди. Чунки улар ота-онаси, қариндош-уруғлари, ёр-у биродарлари, маҳалла-кўйнинг юзини ерга қаратишдан, бошини эгишдан уялмайди. 

Қонунга кўра, коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи, бу жараёнда иштирок этувчи органлар ҳамда ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш учун Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси ташкил этилди. Ҳаммамиз яхши биламиз, қонун ҳуқуқий муносабатларни тартибга солади. Ваколатлар, ҳуқуқ ва мажбуриятларни, амалга ошириладиган чора-тадбирларни белгилаб беради.

Агар қонун ҳаётда ишламаса, унинг бир неча варақ оддий қоғоздан фарқи қолмайди. Шундай экан, «коррупция ҳақида қонун қабул қилинди, энди ҳаммаси изига тушиб кетади», деб ўйлаш, хотиржамликка берилиш катта хато бўлади. Коррупция балосидан қутулиш, ислоҳотларни унинг чангалидан озод этиш ҳақида ҳаммамиз ўйлашимиз, бунинг заруратини ҳар биримиз юрагимиздан ўтказишимиз, унга қарши қатъий курашишимиз керак. Бу кураш кундалик ҳаётимиздаги оддий ҳолатлардан бошланади. Шифокордан яхшироқ маслаҳат олиш, навбатни тезлаштириш, рейтинг дафтарчасига тузукроқ баҳо қўйдириш ва шу каби вазиятларда ўзимизни муносиб тутишимиз лозим бўлади.

Тўғри, ҳаётда турли ҳолатлар ва ҳаракатларга дуч келамиз. Баъзида кўз ўнгимизда қонунлар бузилади, инсон ҳуқуқи, қадр-қиммати поймол этилади. Бундай вазиятларда чорасизликдан одамнинг боши гангиб қолади. Лекин, унутмайлик, халқимизда “Касални даволагандан кўра унинг олдини олган афзалдир” деган нақл мавжуд. Жамиятимиздаги ҳар қандай жараёнга лоқайд муносабатда бўлмаслик барчамизнинг устувор бурчимиздир.

Коррупциянинг ҳар қандай кўринишларига қарши курашишни биз, энг аввало, ўзимиздан бошлашимиз даркор. Бунинг учун эса шахснинг ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданияти етарли даражада шаклланган бўлмоғи мақсадга мувофиқдир.

Алишер МАДАМИНОВ,

«Урганч аэропорти» чегара божхона пости Бош инспектори

 

 

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.