Мамлакатимизда коронавирус хусусида энг йирик матбуот анжумани

0
197
марта кўрилган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси (COVID-19)нинг профилактикаси ва унинг кириб келишининг олдини олиш масалаларига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

Мамлакатимиздаги 40 дан ортиқ дипломатик корпус ва қатор халқаро ташкилот вакиллари, 50 дан зиёд маҳаллий ва 20 га яқин хорижий оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этган мазкур тадбир мамлакатимиздаги энг йирик матбуот анжуманларидан бири бўлганилигини алоҳида эътироф этиш лозим.

Унда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов дунёда коронавируснинг эпидемик ҳолати ва COVID-19нинг мамлакатимизга кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича кўрилаётган чоралар тўғрисида батафсил маълумот бериб ўтди. Жумладан, коронавирус инфекциясининг юртимизга кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш борасида изчил чора-тадбирлар амалга оширилаётгани айтиб ўтилди.

– Агар касаллик қайд этиладиган бўлса, дори воситаларининг заҳираси, шунингдек, профилактикаси бўйича имкониятларимиз етарли, – деди Алишер Шадманов. – Энг муҳими, ҳар бир фуқаро нотўғри, ваҳимали маълумотларга ишонмаслиги, ўз эҳтиёт чораларини кўриши зарур. Бу касалликни биз беркитаётганимиз йўқ, уни беркитишнинг иложи ҳам йўқ. Зарурат бўлмаса, хорижга чиқмайлик, чеклайлик. Сиз соғлом бўлганингиз билан ёнингиздагилар ўз касалликларидан бехабар ҳолда юқтириб қўйиши мумкин. Барча чеклов чораларини ошкор эълон қиляпмиз ва буни тўғри тушунишни сўрар эдик. Фуқароларимиз барча эҳтиёт чораларини кўрсалар, ишонаманки, биз бу жангда ғолиб чиқамиз.

Шунингдек, вазир юртимизда ЖССТнинг тавсиясига кўра, касаллик қайд этилмаган давлат сифатида халқаро тадбирларни ўтказиш чеклаганлиги, аммо ўзимизнинг ички оммавий тадбирларни, спорт мусабоқаларни, концертларни чеклашга эҳтиёж йўқлигини таъкидлади.

Шу билан бирга, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Лиан Куппенс ЖССТ Ўзбекистон ҳукумати билан биргаликда коронавирус инфекциясининг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш борасида ишлаётгани, вазирлик ва идоралар билан ахборотлар алмашинуви йўлга қўйилгани, энг муҳими, Ўзбекистон ЖССТнинг барча тавсияларини бажараётганини эътироф этди.

Лиан Куппенснинг қайд этишича, ЖССТ ёрдами билан Германиядан коронавирус инфекциясини аниқловчи тест-системалар олиб келинган. Бундан ташқари, яна тест системалар олиб келиш ва уларнинг заҳирасини яратиш бўйича келишувлар амалга оширилмоқда. Вирусологлар учун лаборатор таҳлилларни олиб бориш бўйича тренинглар ҳам ташкил қилинмоқда.

Соғлиқни сақлаш ва эпидемиология соҳасида халқаро эксперт, Америка Микробиология жамияти аъзоси, тиббиёт фанлари доктори, профессор Михаил Фаворов эса Ўзбекистонда тиббий менежмент яхши йўлга қўйилгани, пойтахтнинг ўзида 40 та бокс хоналар тайёрлангани, бу эса ҳали коронавирус аниқланмаган давлат учун яхши кўрсаткич эканига урғу берди.

Эслатиб ўтамиз, ушбу матбуот анжумани “UzreportTV” телеканали орқали тўғридан-тўғри эфирда намойиш этилди. Шунингдек, қатор ахборот сайтларида онлайн тарзда хабарлар узатилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.