Оила ва никоҳ-муқаддас: Қариндошга қиз берманг…

0
139
марта кўрилган.

Aйрим удумларимизнинг салбий томонлари, яъни қариндош-уруғлар ўртасидаги никоҳ ҳолатларининг оналар ва болалар саломатлигига, йигит-қизлар руҳиятига ёмон таъсири тўғрисидаги  масалалар аҳолини, кенг жамоатчиликни ташвишга солмоқда.

Бу юзадан Хоразм вилоятида фаолият кўрсатаётган масъул   ташкилотлар, жамғармалар, марказлар ва маҳаллалар томонидан самарали ишлар олиб бориляпти. Учрашув ва суҳбатлар ўтказилмоқда, ижтимоий ва психологик тадқиқот  натижаларига кўра тавсиялар берилмоқда. Қуйидаги суҳбатимиз  вилоят ҳокимининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси, шифокор Қурбанбаева Гулсара Аҳмедовна  билан қариндошлар ўртасидаги никоҳ ҳамда қизларни эрта турмушга бериш ҳақида бўлди.

– Кундалик турмушимизда қариндошлик ришталарини янада мустаҳкамлайман, ўзимники турганда бегона нимага керак, топган-тутганим ўзимизникига бўлсин, деган ниятда оқибати нима бўлишини ўйламай, болаларининг тақдирини оғир аҳволга солиб қўяётган ота-оналар бор. Шундай эмасми?

– Ҳа, жуда тўғри. Баъзан, қариндошлик ришталарини мустаҳкамлаш ниятида ўғил-қизларининг тўйларини қилишади, лекин бу риштага путур етиб, аксарият ҳолларда оилалар бузилиб кетмоқда. Қариндошлар қуда бўлишгач, бир-бирини кечириши жуда қийин. Негаки, опа-сингиллар, ака-укалар бир оилада вояга етган, бир ота-онанинг тарбиясини кўришган бўлишса-да, алоҳида оила қилган қариндошларнинг ижтимоий ҳаёти, турмуш тарзи, дунёқарашлари турлича намоён бўлмоқда.              

 Эътибор берган бўлсангиз, қариндошлардан туғилаётган болаларда деярлик,  ногиронлик ҳолатлари кўпроқ кузатиляпти. Бу эса  қариндошлик ришталарига ўз-ўзидан путур етишига олиб келади.  Ногиронлик аравачасига михланган ёки касалманд болани бир умр боқиш, сарғайган чеҳраларни кўрганда юрак минг бор оғришини тасаввур этиш қийин эмас. Маълумотларга қараганда,  қариндошлар ўртасида тузилган никоҳларнинг 70-80 фоизи ажралиш билан якунланар ёҳуд ногиронлик дарди билан  турмуш кечираркан.

Кенг тушунтириш ишларини олиб бораётганимизга қарамасдан, афсуски, қариндош-уруғлар ўртасида жорий йилнинг ўтган даврида вилоятимизда 28 та никоҳ қайд қилинган. Жумладан,  Хива туманида 7 та, Янгиариқда 6 та, Гурланда 5 та, Янгибозорда 4 та, Хива шаҳрида 4 та, Боғотда 1 та, Урганч туманида  1 тани  ташкил этган.

Баъзан, қариндошлар фарзандлари ёшлигидаёқ ўзаро аҳду паймон қилиб,  16-17 ёшга етганларида  тўй қилишади. Қариндош, бунинг устига балоғатга етмаган, ҳали она сути оғзидан кетмаган  қизчаларни турмушга бериш, оила қуришга мажбурлаш охир оқибат аҳволни янада жиддийлаштиради.

– Дарвоқе, меҳнат фаолиятимда шундай воқеаларга кўп маротаба дуч келганман. Қариндошлик, эрта никоҳлар оғир оқибатларга олиб келиши мумкин. Чунки, ўсмирлик даври бу қизнинг вояга етгани эмас. Бу даврда унинг ҳаётида, руҳиятида, организмида  жисмоний, жинсий ривожланишлар кузатилади. Бу пайтда қизча энди “бола” эмас ва шу билан бирга ҳали “катта”  ҳам эмас. Ваҳоланки, унинг ўз-ўзини баҳолаши, тафаккуридаги таҳлил, қизиқишлари, қадриятлари тўлиқ шаклланмаган бўлади. Жисмоний, маънавий ва жинсий томондан шаклланиб бўлмаган болани оила қуришга, фарзандни дунёга келтиришдек юксак масъулиятни гарданига юклашга йўл қўйиб бўлмайди.  Бу ғўра, пишлаган олмани беҳудага юлиб ташлашдек бир гап. Вояга етмаган қизнинг организми ҳали она бўлишга тайёр  эмас, лекин айрим ота-оналар ҳақиқатдан кўз юмиб, фарзандини ўтга ташлашади. Ўсмиринлик ёшида организмда турли  жараёнлар юз бериши табиий. Сон суягининг ўсмаганлиги, камқонлик, гигиена қоидаларини тўлиқ билмаслиги, уқувсизлиги панд бериб қўяди.  Шунинг учун бундай қизчалар туғрук пайтида нобуд бўлиши  ёки бўлмаса, тўлақонли бола туға олмаслиги мумкин.

Бир куни қариндош қудалар туғрукхонага ёшгина келинчакни келтиришди. Аҳволи яхши эмас эди. Унинг нимжонлиги шундоққина кўриниб турарди. Юзлари докадек оқариб кетган, ҳоли-мадори йўқ. Сўрасак келинчак ҳали ўн еттига ҳам тўлмаган экан. Ҳомиласининг нормол ривожланмаганлиги, камқонлик, зўриқиши оқибатида қон кетиши вужудга келган. Шифокорлар билан  бор куч-ғайратларимизни ишга солдик. Болани сақлаб қолишнинг иложи бўлмади. Бундай вазиятда келинчакнинг жони омон қолиши муҳим. Афсуски, ўшанда келинчакка  фарзанд кўролмаслик ташҳиси қўйилди.

Бу каби воқеалар ҳаётда  тез-тез учрайди.  Гулдек қиз бахтсиз. Келинчакнинг кейинги ҳаёти нима бўлишини  тасаввур этиш қийин эмас. Эндиликда фарзанд кўролмайдиган аёлнинг тақдири нима бўлади?    Масаланинг бу ёғи ҳам бор.        

– Қонунчилигимизда қариндош-уруғлар ўртасида никоҳларга монелик қилувчи ҳолатлар мавжудми?

– Маълумки, никоҳ тузишга оид муносабатлар Ўзбекистон Республикаси Оила кодекси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 12 апрелдаги 171-сонли қарори билан тасдиқланган “Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш қоидалари” тўғрисидаги йўриқнома, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 25 августдаги 365-сон қарори билан тасдиқланган “Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисида”ги низом ва бошқа қонун ҳужжатларга мувофиқ тартибга солинади.

Мамлакатимизда никоҳ тузиш ихтиёрий амалга оширилиши билан бирга,  никоҳни тузиш учун бўлажак эр-хотин ўз розилигини эркин ифода этаолиш қабилиятига  эга бўлиши керак.  Оила кодексининг 16-моддасига асосан никоҳ тузишга монелик қиладиган бешта ҳолат алоҳида белгилаб берилган. Талабларга кўра биринчи ҳолатда томонлардан лоақал биттаси рўйхатга олинган бошқа никоҳда турган шахс бўлса, иккинчи ҳолатда насл-насаб шажараси бўйича тўғри туташган қариндошлар ўртасида бўлса, учинчи ҳолатда туғишган ва ўгай ака-укалар билан опа-сингиллар ўртасида, шунингдек фарзандликка олувчилар билан фарзандликка олинганлар ўртасида, тўртинчи ҳолатда томонларнинг лоақал биттаси руҳият бузилиши (руҳий касаллиги ёки ақли заифлиги) сабабли суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган шахслар ўртасида, бешинчи ҳолатда томонларнинг лоақал биттаси никоҳ қуриш ёшидан кичик бўлса никоҳ тузишга монелик қилувчи ҳолатлар мавжуд ҳисобланади ҳамда никоҳ тузиш қонунан таъқиқланади.

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 57-моддасига мурожаат қиладиган бўлсак, унга асосан қариндошликнинг икки кўриниши, яъни тўғри ва ён шажара бўйича қариндошлик мавжуд. Қариндош дейилганда бир умумий учинчи шахсдан (аждоддан) келиб чиққан шахслар қариндошлар ҳисобланади. Болалар ота-онасига нисбатан тўғри шажарадаги биринчи, невара бобосига, бувисига нисбатан-иккинчи, эвара катта бобосига, катта бувисига нисбатан-учинчи даражадаги қариндош ҳисобланади ва ҳоказо. Ака-ука, опа-сингил, уларнинг болалари, ота-онанинг ака-ука ва опа-сингиллари ҳамда уларнинг болалари, бобо ва бувиларнинг ака-ука ҳамда опа-сингиллари ва уларнинг болалари ва шунга ўхшашлар ён шажара бўйича қариндошлар дейилади. Шажара бўйича қариндошлар ён шажара бўйича қариндошларга нисбатан яқинроқдир. Туғишган ака-ука ва опа-сингил қариндошликнинг иккинчи даражасида, тоға ва амаки, амма ва хола ўз жиянлари билан қариндошликнинг-учинчи, тоғавачча, амакивачча, аммавачча ва холаваччалар эс-тўртинчи даражасида турадилар. Мамлакатимиз қонунчилигида ушбу талаб ва таснифларга кўра қариндош-уруғлар ўртасидаги никоҳлар ман қилинади.

– Эрта никоҳга йўл қўйган шахсларга нисбатан қандай жазолар тайинланган.

–  Эрта оила қўрган шахслар, шунингдек, бунга йўл қўйган ота-оналар, таълим ва диний муассаса ходимлари жавобгарлика тортилади. Оила кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ва Жиноят кодексларида никоҳ ёши тўғрисидаги қонун талабларини бузганлик, яъни никоҳ ёшига етмаган шахс билан никоҳ тузишга ёки уни эрга бериш ёки уйлантириш, шунингдек, никоҳ ёшига етмаган шахс билан никоҳ тузишга доир диний маросимни амалга ошириш учун жавобгарлик бор.

Маълумки, таълим тўғрисидаги Қонуннинг 3-моддасида таълимнинг узлуксизлиги ва изчиллиги, шунингдек, умумий ўрта ва ўрта махсус таълимнинг мажбурийлиги, маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддасида эса ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан вояга етмаган болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларини бажармаслик учун маъмурий жавобгарлик белгиланган.

Никоҳга тайёргарлик кўраётган йигит-қизлар биринчи навбатда оилага ҳар томонлама, яъни физиологик ва руҳий жиҳатдан соғломлиги, тайёрлиги ҳақида жиддий ўйламоқлари керак. Ўзбекистон Республикаси Конституциясида никоҳ ёши қизлар учун 17, ўғил болалар учун эса 18 ёш деб белгиланган, лекин бу билан ана шу ёшда никоҳ қўриш шарт дегани эмас, албатта.

Эрта никоҳнинг олдини олиш учун биз ёшларга биринчи навбатда соғлом, касб-ҳунарли, етук мутахассис бўлиб ота-онаси, ватани олдида ёруғ юзли бўлишлигини ўргатишимиз лозим. Айниқса, қизларнинг оиладаги ўрни катта.  Уларни илм олишга, ҳунарли бўлишга, урф-одатларимизни, миллий қадриятларимизни ҳурмат қилишига ўргатишимиз керак. Зеро, оила муқаддас даргоҳ, соғлом авлодни тарбиялашда унинг ўрни бетакрор. Инсон саломатлиги ва маънавий камолотининг биринчи пойдевори оилада қўйилади. Юртимизда оилаларни ижтимоий муҳофаза қилиш, хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш йўлида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар, шубҳасиз, ёш авлод бахту иқболига хизмат қилади. 

Қариндошлар ҳамда эрта никоҳнинг олдини олишда энг аввало нималарга эътибор бериш керак?

–  Энг аввало ота-оналар, ёшлар  ўртасида кенг тушунтириш ишларини олиб бормоқ лозим. Шу боис, мавзу доирасида маҳаллаларда олиб борилаётган кенг тарғибот ишларига бевосита шифокорлар, гинекологлар ҳам жалб қилинмоқда. Маҳалла фаоллари, патранаж шифокор ва ҳамшираларнинг ҳам яқиндан ёрдамида  оилалар билан якка тартибда ишлашга  аҳамият бериляпти.  Аҳолига қариндошлар ўртасидаги никоҳлар ёки қиз болани эрта турмушга бериш ҳамиша бахтли якун топмаслиги ҳаётий мисолларда кенг тушунтирилмоқда. Инсон ўз ҳаётини қуришда  таваккалига эмас, балки пухта ўйлаб режалаштирмоғи зарур. Ўғил болани эрта уйлаб қуйиш  кўпчилик ҳолатларда  ота-оналарнинг измида бўлади. Шунинг учун қариндошлар,  катталар фарзандларининг  оила қуриш масалаларига ўта жиддий қарашлари зарур.

 Аксарият ўсмирлар балоғатга етиш сирларини, ўзгаришларини билмайдилар. Энг аввало она қизига яқин инсон бўлиши, қизидаги ҳар бир ўзгаришларни  назорат қилиб, тушунтириб бориши зарур. Қисқаси, ҳар бир ота-она ўғли,  қизи билан мунтазам суҳбатлашиб, балоғат даврининг ўзига хос хусусиятларидан хабардор этиб туришлари керак. 

Бўлажак она, бўлажак ота ҳар томонлама соғлом бўлсагина, унинг фарзандлари ҳам соғлом бўлади. Оилада соғлом бола дунёга келиши  онанинг ҳам, отанинг ҳам саломатлиги, руҳий ҳолатига боғлиқ.  Жисмонан ва маънан тайёр бўлмаган қизча қандай қилиб бола тарбиялайди?  Бу ерда нафақат қизлар саломатлиги ёки оилага тайёргарлиги масалалари, балки  йигитларнинг, яъни бўлажак оталарнинг ҳам ҳар томонлама саломатлиги  жуда муҳим.  Чунки айрим чекка қишлоқларда қариндошлик никоҳлари ёки  17-18 ёшга тўлмаган  ўғил болаларни уйлантириб қуйиш одатий ҳолга айланган. Қон босими тушиб кетган, ранги докадек оқариб кетган аёлнинг  саломатлиги ҳақида кечагина кўчада ўйнаб юрган 16-17 яшар бола  нимани ҳам биларди? Ҳали ақли тиниқлашмаган, она сути оғзидан кетмаган йигит-кизларни оила қуришга даъват қилиш ота-оналарнинг катта ва кечириб бўлмас хатосидир. Қўполроқ қилиб айтиладиган бўлсак, айрим ота-оналар қариндошлик ришталарини мустаҳкамлайман, дея, фарзандларининг қотилига айланишмоқда. Кундалик турмушимизда  бундай ҳолларнинг олдини олиш ҳаммамизнинг бурчимиз. Зеро, соғлом оилада соғлом болалар дунёга келади, камолотга етади.   

 – Гулсара Аҳмедовна, мароқли суҳбатингиз учун катта раҳмат.

 Дилбар БЕКЧАНОВА, журналист

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.