Дори воситаларини ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш талаб даражасидами?

0
317
марта кўрилган.

 Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида 2019 йил 11 июль куни Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси томонидан Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директорининг “Аҳолини сифатли ва арзон дори воситалари ва тиббий буюмлар билан таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида”ги ахбороти эшитилди.

Тадбирда қайд этилганидек, охирги йилларда Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан мамлакатимизда фармацевтика саноатини ривожлантириш, аҳолини арзон ва сифатли дори-дармон, тиббий анжомлар билан тўлақонли таъминлашга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Агар 1990 йилда республикамизда атиги 2 та фармацевтика корхонаси фаолият юритган, улар томонидан 21 номдаги дори воситалари ишлаб чиқарилган бўлса, 2018 йилда бундай корхоналар сони 155 тага, улар томонидан ишлаб чиқарилаётган дори воситалари ва тиббий буюмлар номи 2836 тага етказилгани ҳам ушбу масалага нечоғли эътибор берилаётганидан далолатдир.

Соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан бири саналган ушбу соҳани янада ривожлантириш мақсадида давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 7 ноябрдаги Фармони билан Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ташкил этилган эди. Ўтган қисқа давр мобайнида ушбу агентлик томонидан фармацевтика тармоғини ривожлантириш йўлида қатор ижобий натижаларга эришилгани таъкидланди. Хусусан, жорий йилнинг биринчи ярмида қиймати 40,52 млн. долларлик 9 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилган, натижада 511 та янги иш ўринлари яратилди.

Ахборотда таъкидланишича, 2019 йилнинг 5 ойи якунлари бўйича мамлакатимизда фармацевтика соҳасида 162 та корхона фаолият юритмоқда. 2018-2019 йилларда 19 та янги корхона ишга туширилди, улар қошида қўшимча 11 та дори воситаларини ишлаб чиқариш цехлари очилди. Бугунги кунда маҳаллий ишлаб чиқарувчи 27 та корхона томонидан 25 та фармакотерапевтик гуруҳга мансуб дори воситалари ва 10 номдаги тиббий буюмлар 14 та чет эл мамлакатлари бозорларига чиқарилди.

Юртимизнинг доривор ўсимликларни етиштириш, қайта ишлаш ва экспорт қилиш салоҳияти ортиб бормоқда. Агар 2018 йилда республика бўйича 6375 тонна хом ашё ва 5794 тонна қайта ишланган тайёр ёки ярим тайёр маҳсулотлар экспорт қилинган бўлса, 2019 йил биринчи ярим йиллигида республика бўйича ушбу кўрсаткичлар тегишлича 4125 ва 3485 тоннани ташкил қилди. Жорий йилнинг 5 ойида 10,362 млн. доллар қийматидаги маҳсулот экспорт қилинди.

Таъкидлаш жоизки, аҳолини сифатли, арзон дори воситалари ва тиббий буюмлар билан тўла таъминлаш борасида қилинаётган кўламдор ишларга қарамасдан, бу борадаги муаммолар ҳали буткул ечилгани йўқ. Фармацевтика соҳасида олиб борилган ишлар билан бир қаторда узоқ йиллар давомида ишлаб чиқариш қувватлари етарли даражада эмаслиги ҳамда маҳаллий фармацевтика маҳсулотларининг тор ассортименти ички бозор эҳтиёжларини қондирмаётгани, импортга ҳаддан ташқари боғланиб қолинаётганини инобатга олган ҳолда, жорий йилнинг 10 апрелида давлатимиз раҳбарининг “2019-2021 йилларда республиканинг фармацевтика тармоғини янада жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.

Мазкур ҳужжат билан Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг вазифалари қайта кўриб чиқилди, унинг зиммасига фармацевтика фаолиятини (чакана реализациядан ташқари) лицензиялаш ва назоратини амалга ошириш вазифалари юклатилди. Шу билан бирга, аҳолини сифатли, безарар ва самарадор дори воситалари билан таъминлаш мақсадида 2022 йилнинг 1 январига қадар барча ишлаб чиқарувчилар, етказиб берувчилар (дистрибьютерлар), дори воситаларини клиник синовларини ўтказувчи клиникалар, клиниколди тадқиқотларни амалга оширувчи лабораториялар мажбурий тарзда тегишли халқаро стандартларга ўтиши белгиланди.

Шундан келиб чиқиб, тадбирда қўмита аъзолари Президентимизнинг мазкур Фармони агентлик томонидан қай даражада ижро этилаётганига эътибор қаратди. Соҳада амалга оширилаётган ишлар билан бирга, учраётган мавжуд муаммо ва камчиликларга ҳам тўхталиб ўтилди.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори депутатларни қизиқтирган барча саволларга жавоб қайтарди. Қизғин савол-жавоб тарзида кечган эшитув якунида депутатлар томонидан мазкур агентлик фаолиятини янада жонлантириш, аҳолини сифатли, арзон дори воситалари ва тиббий буюмлар билан таъминлашга қаратилган қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан қатор таклиф ва тавсиялар берилди.

Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси ахбороти

 
Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.