Тошкент ахборот технологиялари университети Урганч филиали 1-босқич талабалари, эгизаклар Элёр Палванов ва Гулёр Палванова биринчи даражали диплом билан тақдирланишди. Гулёр курс сардори, Элёр эса филиалдаги компюьтер инжинириг факультети ёшлар иттифоқининг етакчисидир. Шу билан бирга бу ёшлар GUJUM. UZ сайтининг жамоатчи мухбирлари бўлиб, ўз ўқув даргоҳи ва вилоятидаги янгиликлардан ёзиб туришади.
Азизбек Бурҳон ўғли Адҳамов эса Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманидаги 20- мактабнинг 11-синф ўқувчиси, у иккинчи даражали диплом билан тақдирланди. У ўз туманидаги “Фаол ёшлар мактаби” танлови ғолибларидан бири. Мактабда пресс клуб сардори. Келажакда мактаб ҳаётидан ҳикоя қилувчи мақолалари билан сайтимизда ҳам қатнашиб туради, деб умид қиламиз.
Муминова Нилуфар Нозим қизи Тошкент шаҳар Чилонзор туманидаги 182 – мактабнинг 10- синф ўқувчиси бўлиб аъло ва яхши баҳоларга ўқимоқда. У учинчи даражали диплом билан тақдирланди. Ғолиб ёшларга китоблар тўплами армуғон этилди. Оилавий танлов бўлгани учун уларга ҳамиша кўмакдош бўлган онаси ёки бувиси ҳам рағбатлантирилди. Ғолиблар билан ҳамкорлигимиз давом этади, деб ишонч билдирамиз.
Танловда берилган саволларга жавоблар.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси асосида саволларга жавоблар.
-
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси деганда нимани тушинасиз?
Конституция давлатни давлат, миллатни миллат сифатида дунёга танитадиган асосий Қобусномадир. Бугун жамиятимизда қандай ютуқ ва марраларга эришаётган бўлсак, буларнинг пойдеворида Конституциямиз– буюк ҳаёт қомусимиз турибди. Конституциямиз суверен давлатимизнинг қонунчилик-ҳуқуқий негизини шакллантиришнинг, инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлат барпо этишнинг асосий пойдевори ва мустақил миллий давлатчилигимизнинг тамал тоши бўлди. У инсон манфаатлари учун хизмат қилаётган олий ҳужжат вазифасини бажармоқда. Асосий қонунимиз халқимизнинг иродасини, руҳиятини ижтимоий онги ва маданиятини акс эттиргани туфайли уни давлатимиз рамзи десак бўлади.
-
Конституциямизнинг қайси моддасида давлатимиз рамзлари белгиланган?
Унинг 5-моддасида шундай дейилади: Ўзбекистон Республикаси қонуни билан тасдиқланган ўз давлат рамзлари-байроғи, герби ва мадҳиясига эга”. Байроғи, герби, мадҳияси каби Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳам давлатимиз, миллатимиз, халқимиз ва юртимизнинг бугуни ва келажагининг кўзгуси, тимсолидир.
-
Фарзандларимизга дахлдор таълим сиёсати ҳақида Ўзбекистон Республикаси Конституциясида белгиланган ҳуқуқий нормалар?
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 41-моддасида шундай дейилади: “Ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эга Бепул умумий таълим олиш давлат томонидан кафолатланади. Мактаб ишлари давлат назоратидадир”. Дарҳақиқат, Мустақил Ўзбекистонимизнинг Конституцияси нафақат мустақил демократик тараққиётимизни кафолатловчи, балки ижтимоий ҳаётимизда содир бўлаётган улкан ўзгаришларни ўзида акс эттирувчи асосий ҳуқуқий ҳужжат ҳамдир. Мамлакатимиз мустақиллигининг дастлабки кунидан-оқ, таълим тизимига алоҳида эътибор берила бошланди. Юртимизда амалга оширилган катта ислоҳотларнинг бир қирраси таълим сиёсатида ўз ифодасини топган десак хато бўлмайди. Таълим-тарбия масаласи, уларга дахлдор ислоҳотлар босқичма босқич амалга оширилди. Аввало, ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.«Таълим тўғрисида»ги Қонун, «Кадрлар тайёрлаш» ҳамда «Соғлом авлод» Давлат дастурларида тарбияни юксак даражага етказиш йўл-йўриқлари аниқ ифодалаб берилди. Республикамиздаги болалар мусиқа ва санъат мактаблари фаолиятини янада яхшилаш бўйича 2009-2014 йилларга мўлжалланган давлат дастури ишлаб чиқилди.
-
Конституциямизнинг қайси моддасида ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларнинг ҳуқуқий нормалари белгиланган?
Ўзбекистон Конституциясининг 45-моддасида шундай дейилади: Вояга етмаганлар, меҳнатга лаёқатсизлар ва ёлғиз кексаларнинг ҳуқуқлари давлат ҳимоясидадир.
-
Гендер деганда нимани тушинасиз? Унга дахлдор масала Конституциянинг қайси моддасида белгиланган?
Гендер деганда жамиятда ва оилада барча эркаку аёлларнинг барча соҳада тенглиги тушинилади. Баъзибир давлатларда эркак-у аёллар бир хил вазифада ишлаб бир хил ишни бажаришса-да, маоши тенг эмас. Эркакларга кўпроқ тўланади. Баъзи мамлакатларда аёллар сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига эга эмас. Мамлакатимизда эркак-у аёлларнинг манфаатлари бир хил ҳимоя қилинади. Асосий Қонуннинг 46-моддасида «Хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлидирлар» деб белгилаб қўйилган.
-
Конституциянинг қайси боби оилага бағишланади? Унда қандай ҳуқуқий нормалар белгиланган?
Асосий қонунимизнинг 14 боби оилага бағишланади. У тўрт моддадан иборат.
Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуни асосида саволларга жавоблар.
1. Нуқсонли товарни алмаштириб бериш тартиби қонуннинг қайси моддасида ва қай тартибда белгиланган?
14-модда. Нуқсонли товарни алмаштириб бериш тартиби
Истеъмолчи товарнинг ишлаб чиқарилишига, тузилишига, таркибига доир камчиликларни ёки бошқа нуқсонларни аниқлаган тақдирда сотувчи (ишлаб чиқарувчи) уни айни шундай маркали (моделли, артикулли) товарга етти кунлик муддатда, товар сифатини сотувчи (ишлаб чиқарувчи) томонидан қўшимча равишда текшириш зарур бўлганида эса, истеъмолчи талаб қўйган пайтдан эътиборан йигирма кун ичида алмаштириб бериши шарт.
2. Истеъмолчига нуқсонли товар сотилган тақдирда у билан ҳисоб-китоб қилиш қандай тартибда амалга оширилади?
17-модда. Истеъмолчига нуқсонли товар сотилган тақдирда у билан ҳисоб-китоб қилиш
Нуқсонли товар айни шундай маркали (моделли, артикулли) товарга алмаштириб берилган вақтда товарнинг нархи ўзгарган бўлса, қайта ҳисоб-китоб қилинмайди.
Нуқсонли товар бошқа маркали (моделли, артикулли) товарга алмаштириб берилаётганда, агар алмаштирилиши керак бўлган товар нархи унинг ўрнига берилаётган товар нархидан паст бўлса, истеъмолчи нархлардаги фарқни қўшимча равишда тўлаши лозим, алмаштирилиши керак бўлган товар нархи унинг ўрнига берилаётган товар нархидан юқори бўлса, истеъмолчига нархлардаги фарқ қайтарилади. Бундай ҳисоб-китоб чоғида алмаштирилиши керак бўлган товар нархи ошган тақдирда, унинг талаб қўйилган пайтдаги нархи, нархи пасайган тақдирда эса, харид қилинган пайтдаги нархи қўлланилади.
Шартнома бекор қилинаётганда товар нархи ошган бўлса, истеъмолчи билан ҳисоб-китоб товарнинг тегишли талаб қўйилган пайтдаги қийматига қараб, нархи пасайган тақдирда эса, харид қилинган пайтдаги қийматига қараб амалга оширилади.
Товар истеъмолчиларга кредитга сотилган бўлса, шартнома бекор қилинган тақдирда, пул суммаси товар қайтарилаётган пайтга қадар узилган кредит миқдорида қайтариб берилади, шунингдек, кредит берганлик ҳақи тўланади.
Ҳажми катта ёки вазни беш килограммдан зиёд товарни таъмирлаш, нархини тушириш, алмаштириш учун элтиш ва истеъмолчига қайтариб келтириб бериш сотувчининг (ишлаб чиқарувчининг) кучи билан ва унинг ҳисобидан амалга оширилади. Ушбу мажбурият бажарилмаган тақдирда товарни элтиш ва қайтариб олиб келиш истеъмолчи томонидан амалга оширилиши мумкин Бунда истеъмолчининг товарни элтиш ва қайтариб олиб кетиш билан боғлиқ харажатларини сотувчи (ишлаб чиқарувчи) қоплаши шарт.
3. Истеъмолчи мақбул ноозиқ-овқат товарни харид қилган кунидан эътиборан неча кун ичида алмаштириб олиш ёки пулини қайтариб олиш ҳуқуқига эга?
18-модда. Истеъмолчининг мақбул сифатли товарни алмаштириб олиш ҳуқуқи
Истеъмолчи мақбул сифатли ноозиқ-овқат товарини харид қилган кунидан эътиборан ўн кун ичида ушбу товар сотиб олинган жойдаги сотувчидан уни айни шундай товарга алмаштириб олишга бундай товар сотувда бўлмаса, пулини қайтариб олишга ҳақли.
Алмаштириб олиш тартиби ва алмаштириб берилмайдиган товарлар рўйхати Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати тасдиқлайдиган қоидалар билан белгиланади.
4. Маънавий зарар учун ҳақ тўлаш қайси моддада ва қай тартибда белгиланган?
22-модда. Маънавий зарар учун ҳақ тўлаш
Истеъмолчининг ҳуқуқлари бузилиши туфайли унга етказилган маънавий зарар учун уни етказган шахс, башарти у айбдор бўлса, ҳақ тўлаши лозим. Маънавий зарар учун тўланадиган ҳақ миқдорини суд белгилайди.
Маънавий зарар учун ҳақ тўлаш мулкий зиён ва истеъмолчи кўрган зарарнинг ўрни қопланишидан қатъи назар, амалга оширилади.
5. Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш вазифасини қайси давлат ташкилоти амалга оширади?
25-модда. Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда унинг ҳудудий органлари.
Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда унинг ҳудудий органлари истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида:
истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга оширадилар;
истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг қўлланилиши масалалари юзасидан расмий тушунтиришлар берадилар;
истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш аломатлари аниқланган тақдирда, ишлаб чиқарувчидан (ижрочидан, сотувчидан) зарур ҳужжатлар, тушунтиришларни ва бошқа ахборотни сўраб оладилар;
истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини бузаётган камчиликларни бартараф этиш тўғрисида ишлаб чиқарувчига (ижрочига, сотувчига) кўрсатма юборадилар;
истеъмолчиларнинг (истеъмолчилар номуайян доирасининг) ҳуқуқларини ҳимоя қилиб, судга мурожаат этишга ҳақлидирлар;
қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширадилар.
Ўзбекистон Республикасининг Оила кодекси асосида саволларга жавоблар.
1. Никоҳ тузиш тартиби қайси моддада ва қандай белгиланган?
13-модда. Никоҳ тузиш тартиби
Никоҳ фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида тузилади.
Диний расм-русумларга биноан тузилган никоҳ ҳуқуқий аҳамиятга эга эмас.
Никоҳ тузиш никоҳланувчиларнинг фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларига ариза берганларидан кейин бир ой ўтгач, шахсан уларнинг иштирокида амалга оширилади.
Узрли сабаблар бўлганда фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органи бир ой ўтгунга қадар никоҳ тузишга рухсат бериши мумкин.
Алоҳида ҳоллар (ҳомиладорлик, бола туғилиши, бир тарафнинг касаллиги ва бошқалар)да никоҳ ариза берилган куни тузилиши мумкин.
Никоҳ тузиш фуқаролик ҳолати далолатномаларини давлат рўйхатидан ўтказиш учун белгиланган тартибда амалга оширилади.
2. Никоҳ тузишга монелик қиладиган ҳолатлар нималардан иборат?
16-модда. Никоҳ тузишга монелик қиладиган ҳолатлар
Никоҳ тузишга:
лоақал биттаси рўйхатга олинган бошқа никоҳда турган шахслар ўртасида;
насл-насаб шажараси бўйича тўғри туташган қариндошлар ўртасида, туғишган ва ўгай ака-укалар билан опа-сингиллар ўртасида, шунингдек фарзандликка олувчилар билан фарзандликка олинганлар ўртасида;
лоақал биттаси руҳият бузилиши (руҳий касаллиги ёки ақли заифлиги) сабабли суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган шахслар ўртасида йўл қўйилмайди.
3. Никоҳ ёши деганда нимани тушинасиз?
15-модда. Никоҳ ёши
Никоҳ ёши эркаклар учун ўн саккиз ёш, аёллар учун ўн етти ёш этиб белгиланади.
Узрли сабаблар бўлганида, алоҳида ҳолларда (ҳомиладорлик, бола туғилиши, вояга етмаган шахснинг тўла муомалага лаёқатли деб эълон қилиниши (эмансипация), никоҳга киришни хоҳловчиларнинг илтимосига кўра никоҳ давлат рўйхатидан ўтказиладиган жойдаги туман, шаҳар ҳокими никоҳ ёшини кўпи билан бир йилга камайтириши мумкин.
Мазкур Кодекснинг 51-моддасига мувофиқ никоҳ ёшига етмаган шахс билан тузилган никоҳ ҳали никоҳ ёшига етмай никоҳга кирган шахснинг манфаатлари талаб қилган ҳолларда ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.
Бундан ташқари, никоҳ ёши тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузган айбдор шахслар Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 473-моддаси ва Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 1251-моддаларига мувофиқ жавобгарликка тортиладилар
4. Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби қандай?
Никоҳланувчи шахслар давлат соғлиқни сақлаш тизими муассасаларида бепул асосда тиббий кўрикдан ўтадилар. Тиббий кўрикдан ўтиш ҳажми ва тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 25 августдаги 365-сон қарори билан тасдиқланган «Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисида»ги низом.
Никоҳланувчи шахслар эллик ёшдан ошган бўлса, шунингдек ушбу Кодекс 13-моддасининг бешинчи қисмида кўрсатилган алоҳида ҳоллар мавжуд бўлганда тиббий кўрикдан ўз розилиги билан ўтказилади.
5. Никоҳ шартномаси тушунчаси, уни тузиш ҳамда ўзгартириш ва бекор қилиш тартиби?
Эр ва хотин мол-мулкининг шартномавий тартиби
29-модда. Никоҳ шартномаси
Никоҳланувчи шахсларнинг ёки эр ва хотиннинг никоҳда бўлган даврида ва (ёки) эр ва хотин никоҳдан ажратилган тақдирда уларнинг мулкий ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларини белгиловчи келишуви никоҳ шартномаси деб ҳисобланади.
30-модда. Никоҳ шартномаси тузиш
Никоҳ шартномаси никоҳ давлат рўйхатига олингунига қадар ҳам, шунингдек никоҳ даврида ҳам тузилиши мумкин.
Никоҳ давлат рўйхатига олингунга қадар тузилган никоҳ шартномаси никоҳ давлат рўйхатига олинган кундан бошлаб кучга киради.
Никоҳ шартномаси ёзма шаклда тузилади ва нотариал тартибда тасдиқланиши лозим.
31-модда. Никоҳ шартномасининг мазмуни
Эр ва хотин никоҳ шартномасига кўра биргаликдаги умумий мулкнинг қонунда белгиланган (ушбу Кодекснинг 23-моддаси) тартибини ўзгартиришга, эр ва хотиннинг барча мол-мулкига, унинг айрим турларига ёхуд эр ва хотиндан ҳар бирининг мол-мулкига нисбатан биргаликдаги, улушли ёки алоҳида эгалик қилиш тартибини ўрнатишга ҳақлидир.
Никоҳ шартномаси эр ва хотиннинг мавжуд мол-мулкига нисбатан ҳам, бўлғуси мол-мулкига нисбатан ҳам тузилиши мумкин.
Эр ва хотин никоҳ шартномасида ўзаро моддий таъминот бериш, оила харажатларини кўтариш, бир-бирининг даромадида иштирок этиш, бошқа шахслар билан мулкий шартномалар тузиш, биргаликда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш бўйича ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаб олишга, никоҳдан ажралганда эр ва хотиндан ҳар бирига бериладиган мулкни аниқлаб олишга, шунингдек никоҳ шартномасига эр ва хотиннинг мулкий муносабатларига оид бошқа қоидалар киритишга ҳақли.
Никоҳ шартномасида назарда тутилган ҳуқуқ ва мажбуриятлар муайян муддат билан чекланиши ёки муайян шарт-шароитнинг юзага келиши ёхуд келмаслигига боғлиқ қилиб қўйилиши мумкин.
Никоҳ шартномаси эр-хотиннинг ҳуқуқ лаёқати ёки муомала лаёқатини, уларнинг ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун судга мурожаат қилиш ҳуқуқларини чеклашни, эр-хотин ўртасидаги шахсий номулкий муносабатларни, эр-хотиннинг болаларга нисбатан бўлган ҳуқуқ ва мажбуриятларини тартибга солишни, меҳнатга лаёқатсиз таъминот олишга муҳтож эр ёки хотиннинг ҳуқуқини чекловчи қоидаларни, эр ва хотиндан бирини ўта ноқулай ҳолатга солиб қўювчи ёхуд оила тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг нормаларига зид келувчи бошқа шартларни назарда тута олмайди.
32-модда. Никоҳ шартномасини ўзгартириш ва бекор қилиш
Никоҳ шартномаси эр-хотиннинг келишуви билан исталган вақтда ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши мумкин. Никоҳ шартномаси қандай шаклда тузилган бўлса, унинг ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши ҳам шундай шаклда амалга оширилади.
Никоҳ шартномасини бажаришдан бир томонлама бош тортишга йўл қўйилмайди. Никоҳ шартномаси эр-хотиндан бирининг талаби билан Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексида белгиланган асослар ва тартибда суднинг ҳал қилув қарори билан ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши мумкин.
Никоҳ тугатилган пайтдан бошлаб никоҳ шартномасининг амал қилиши ҳам тугайди, никоҳ шартномасида никоҳ тугатилганидан кейинги давр учун назарда тутилган мажбуриятлар бундан мустасно.