«Ўзбекистон босим ўтказиш мумкин бўлган давлат эмас» — Содиқ Сафоев

0
247
марта кўрилган.

 Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида  4 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев ва журналистлар иштирокида Россия Федерациси Федерал Мажлиси Федерация Кенгаши раиси Валентина Матвиенконинг 1-3 октябрь кунлари Ўзбекистонга расмий ташрифи якунларига бағишланган учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда таъкидланишича, ушбу ташриф барча соҳалардаги Ўзбекистон — Россия ҳамкорлигининг стратегик моҳиятини тасдиқлайди. Валентина Матвиенконинг Ўзбекистонга ташрифи доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашувида давлатлараро муносабатларни ривожлантириш бўйича муҳим келишувларга эришилгани юқори аҳамиятга эга бўлиб, учрашувлар доирасида парламентлараро мулоқот келишувларнинг муҳим қисми ҳисобланади. Мамлакатимизда қўшма парламентлараро комиссия аллақачон иш бошлаган ва бу барча давлатларда ҳам мавжуд эмаслиги билан муҳим аҳамият касб этади.

Асосий эътибор минтақавий ҳамкорликка қаратилди. Шу йилнинг ўзида икки мамлакат минтақалари ўртасида 30 та тўғридан-тўғри ташрифлар амалга оширилди. Умуман олганда, Россия Федерациясининг 70 та субъекти билан вилоятларимиз алоқа ўрнатган.

ОАВ вакиллари Ўзбекистонннинг ЕОИҲга қўшилиши мумкинлиги ҳақидаги маълумот нега давлатимиз мутасаддиларидан эмас, балки Россия вакили томонидан маълум қилинганига изоҳ сўрашди.

Содиқ Сафоев маҳаллий ОАВнинг воқеликларни ҳар доим ҳам асосли ёритмаслигини танқид қилди.

— Журналистлар нега бу маълумот Россия томонидан маълум қилинди, деган қарорга келишганига, ҳайронман? Жорий йилнинг 24 июлида Ўзбекистон Республикаси Президенти парламент сессиясида сўзлаган нутқида мамлакатимизнинг ЕОИҲга қўшилишининг ижобий ва салбий томонларини ўрганиш зарурлигини таъкидлаган эдилар. 1 августда Беларусда имзоланган икки томонлама қўшма баёнотнинг 7 бандида Беларус тажрибасидан келиб чиқиб Ўзбекистон ҳамда ЕОИҲ ўртасидаги ҳамкорлик имкониятларини ўрганиш кўрсатиб ўтилган.  Бир сўз билан айтганда ҳеч қандай янгилик эълон қилингани йўқ. Президентимиз фақат Ўзбекистон Республикасининг манфаатларини кўзлаб иш тутадиган кучли ва мустақил раҳбар. Айнан шу сабаб уч йил аввал Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсати янгилана бошланган. У янада очиқроқ ва прагматик ҳамда камроқ сиёсатлаштирилган, мафкуралаштирилган давлатга айланди. Биз минтақавий ташкилотлар билан муносабатларимизни қайта шакллантирмоқдамиз ва бу тўғри йўл. Шунинг учун, мен яна бир таъкидламоқчиманки, ушбу масалада ҳеч қандай босим бўлмаган. Ўзбекистон босим ўтказиш мумкин бўлган давлат эмас!

Манбаа: Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги сайти

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.