Ўзбекистонда меҳнат ва бандлик соҳасини ислоҳ қилиш учун Жаҳон банки 50 млн, Осиё тараққиёт банки 100 млн АҚШ доллари ажратади

0
181
марта кўрилган.

Аввал  хабар берганимиздек,  Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги анжуманлар залида Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги раҳбари ва мутасаддилари иштирокида очиқ мулоқот бўлиб ўтди.

Унда меҳнат бозорининг бугунги ҳолати, мажбурий ва болалар меҳнатига йўл қўймаслик, ташқи меҳнат миграцияси, Корея бўйича янги танлов тизими ва EPC Topic тести, фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқлари таъминланишига доир долзарб масалалар муҳокама қилинди.

Мулоқотда Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Кудбиев, вазирнинг биринчи ўринбосари Эркин Муҳиддинов, вазир ўринбосарлари Баҳодир Умурзоқов, Нодирбек Ёқубов, вазир маслаҳатчиси Ботир Алимуҳаммедов ҳамда масъул лавозимдаги бошқа раҳбар ходимлар иштирок этди.

Тадбирда маълум қилинишича, энг юқори ишсизлик Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Қашқадарё, Самарқанд, Сирдарё ва Фарғона вилоятларида (9,7%) қайд этилган. Ишга муҳтож аҳоли сони — 1 миллион 391 минг кишидан иборат.

Вазир меҳнат бозорининг бугунги ҳолати хусусида маълумот берди.

“Ҳозирги кунда меҳнатга лаёқатли аҳоли сони 18 954 минг (ўсиш 1,0%), банд аҳоли сони 13 376 минг (ўсиш 1,3%) ташкил этади, — деди Шерзод Кудбиев. — Иқтисодиётнинг норасмий секторида бандлар 7 964 минг (59,5%), шу жумладан, хорижда ишлаётганлар 2 365,4 мингни ташкил этади”.

Тадбирда, шунингдек, соҳада кутилаётган ўзгаришлар, ислоҳотлар тўғрисида фикр юритилди.

“Хизмат кўрсатиш соҳасини имкон борича хусусий секторга ўтказган маъқул, — деди вазир Кудбиев. — Чунки манфаатлар тўқнашуви бўлмаслиги керак. Яъни давлат ҳам бошқарувчи, ҳам таъсисчи бўлса, хизмат кўрсатса, турли манфаатлар тўқнашуви юзага келиши мумкин. Шундай бўлмаслиги учун бандлик соҳасидаги муносабатлар ҳам хусусий бизнес томонидан амалга ошириляпти. Биз эса уларнинг ишлашини назорат қиламиз”.

Айтилишича, бугунги кунда республика бўйича 82 та юридик шахс хусусий бандлик агентлиги сифатида реестрда рўйхатдан ўтган бўлиб, улардан 61 таси Ўзбекистон Республикаси фуқароларини хорижга ишга жойлаштириш фаолияти билан шуғилланмоқда.

Мулоқот давомида Жаҳон банки томонидан меҳнат органлари салоҳиятини ошириш ва моддий-техник базасини кучайтириш, аҳоли бандлигини таъминлашга қаратилган субсидиялар ажратиш дастурига 50 млн АҚШ доллари миқдорида, Осиё тараққиёт банки томонидан вазирлик ҳузуридаги ишсизларни касбий ўқитиш марказларини реконструкция қилиш, улрга янги ўқув жиҳозларини олиб келиш, замонавий профессионал стандартларни жорий этиш мақсадида
100 млн АҚШ доллар миқдорида имтиёзли кредитлар берилиши режалаштирилаётгани маълум қилинди.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.