Бу ҳақда АОКАдаги матбуот анжуманида Тошкент шаҳар транспорт бошқармаси бўлим бошлиғи Аҳрорхўжа Тошхўжаев маълум қилди:
— Ривожланган давлатларда одамлар метро бекатига шахсий автоуловида келиб, уни метро ёнидаги автотураргоҳга қўяди ва йўлини жамоат транспортида давом эттиради.
Ўзбекистонда ҳам ана шундай тизим ва йирик автотураргоҳларни ташкил этиш режалаштириляпти. Ҳозир турк муҳандислари билан ўрганиш-таҳлил ишлари олиб борилмоқда. Бу шаҳардаги тирбандликни камайтириш ва жамоат транспорти ҳаракати учун қулай шароит яратиш учун муҳим.
Тошкент шаҳрида 500 мингдан ортиқ шахсий транспорт рўйхатга олинган. Жамоат транспорти орқали эса ўртача 480 минг йўловчи ташилмоқда. Яъни шаҳар аҳолисининг 10 тадан атиги 2 таси жамоат транспортидан фойдаланмоқда. Биз бу кўрсаткични юқори даражага олиб чиқишимиз керак.