Ўзбекистонда янги йилнинг биринчи куни қанча чақалоқ туғилди?

0
350
марта кўрилган.

2020 йилнинг 1 январь куни, соат 18:00 ҳолатига кўра, мамлакатимизда 1111 нафар чақалоқ туғилди.

Янги йилнинг биринчи куни туғилган чақалоқларнинг 572 нафари ўғил бола, 539 нафари эса қиз бола бўлиб, энг кўп бола Самарқанд вилоятида (141 нафар) дунёга келди. Шунингдек, янги туғилган чақалоқлар рейтинги бўйича Фарғона вилояти ( 137 нафар) ва Қашқадарё вилояти (134 нафар) кучли учликни якунлаган. Туғилганларнинг 4 нафари эса эгизакларни ташкил қилади. Айни пайтда шифокорларимиз уларнинг барчасига белгиланган стандартлар бўйича сифатли тиббий хизмат кўрсатишмоқда.

Юртимизда шу кунлари байрам муносабати билан давом этаётган дам олиш кунларда вазирлик тизимида мавжуд бирламчи тиббий-санитария ёрдамини кўрсатувчи 2351 та амбулатория-поликлиника муассасалари, туман, вилоят ва республика миқёсидаги барча шифохоналар, шошилинч ҳамда илмий-амалий тиббиёт марказлари ва уларнинг худудлардаги филиаллари, шунингдек, тиббиёт олий ўқув юртлари клиникалари билан бир қаторда республикамиздаги мавжуд 218 та туғруқ комплексларида байрам кунлари ҳам тиббиёт ходимлари навбатчилик асосида аҳолига хизмат кўрсатмоқда. Уларда 230 га яқин мунтазам ишлаётган навбатчи акушерлар бригадаси хизмат кўрсатяпти.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 2019 йилнинг 1 январь куни соат 19:00 гача 1442 нафар чақалоқ дунёга келганди.

Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси аҳолиси сони 2019 йил 1 октябрь ҳолатида 33 миллион 724.500 кишини ташкил этади.

Фурқат Санаев,

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот котиби

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.