Пандемия даврида ташқи меҳнат миргациясига доир мурожаатлар юзасидан маълумотлар

0
295
марта кўрилган.

АОКА ҳузуридаги штабда Ташқи меҳнат миргацияси агентлиги ахборот хизмати раҳбари Ортиқхўжа Норов иштирокида 28 июль куни бўлиб ўтган брифингдаги муҳим маълумотлар билан танишинг.

САВОЛ: Жанубий Кореяда ишлаб, меҳнат таътили учун Ўзбекистонга келганман, Жанубий Кореядаги иш жойимга қайтиб кетишим учун қандай ҳужжатлар талаб этилади ва мен қачон учиб кетишим мумкин?

ЖАВОБ: Корея Республикаси талабига кўра, фуқаролар аввало мазкур давлатга киришдан олдин 14 кунлик мажбурий карантин талабларига риоя қилиш бўйича розилик битимини тузиши ҳамда Корея Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси томонидан тавсия қилинган тиббиёт муассасаларидан жўнаб кетишдан 48 соат олдин коронавирусга тест топшириши белгиланган.

Шунингдек, розилик битимида кўрсатилган Кореядаги ўзини ўзи яккалаш манзили тегишли ташкилотлар томонидан ўрганилади. Ўрганиш натижасига кўра, ўзини ўзи яккалаш жойи карантин қоидаларига тўғри келган тақдирда, фуқароларга Корея Республикасига кириш учун рухсат берилади. Яна ишчи визасига эга фуқароларнинг мазкур давлатга чартер рейс орқали кириб бориши бўйича ҳам чекловлар мавжуд, яъни битта рейсда 60 нафардан ошмаслиги лозим. Шунингдек, меҳнат таътили олиб Ўзбекистонга келган фуқароларни чартер рейслар орқали иш жойларига қайтариш учун уларнинг ID карталари амал қилиш муддати бўйича рўйхат шакллантирилади, яъни фуқаронинг ID картаси тугаш муддати қанча кам бўлса, у рўйхатнинг юқорисидан жой олади.

Фурсатдан фойдаланиб, Жанубий Кореяда ишлаб, меҳнат таътили учун Ўзбекистонга келган фуқаролардан www.eps.go.kr сайтидаги шахсий кабинети маълумотларини мунтазам текшириб боришни тавсия этамиз. Агар иш берувчи томонидан меҳнат шартномаси бекор қилинган ёки рад этилган тақдирда, зудлик билан Ташқи меҳнат миграцияси агентлигига бу ҳақда хабар беришларини сўраймиз.

Маълумот ўрнида таъкидламоқчиманки, жорий йилнинг 10 июнь санасидан 10 июль санасига қадар меҳнат таътили учун Ўзбекистонга келган фуқаролардан 131 нафари чартер рейслар орқали Корея Республикасига ташкилий тарзда жўнатилган. Кетишдан аввал қатор тиббий кўриклардан ўтган, шу жумладан коронавирус касаллигига қарши тест топширган бўлишига қарамай, 5 нафар фуқарода коронавирус инфекцияси аниқланган.

Ҳозирги кунда 400 дан ортиқ фуқаро ташкилий тарзда жўнаб кетишга тайёр, аммо 13 июлдан чартер рейслар орқали фуқароларни ташкилий тарзда жўнатиш вақтинчалик тўхтатилган.

Ҳозирда фуқароларни ташкилий тарзда жўнатиш бўйича Корея Республикасининг тегишли ташкилотлари билан музокара олиб борилмоқда.

САВОЛ: Мен Қозоғистонда ишлардим, пандемия сабаб ўз иш жойимга қайтолмаяпман. Ҳозир Қозоғистон ёки Россияга ишлаш учун кетишнинг иложи борми?

ЖАВОБ: Коронавирус пандемияси сабабли дунёнинг кўплаб мамлакатларида жорий қилинган карантин натижасида ишсизлик даражаси ортиб бормоқда. Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан ушбу шароитида хориждаги меҳнат мигрантларини қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилмоқда.

Бугунги кунда хорижда ишсиз қолган фуқароларни ўша давлатнинг пандемиядан нисбатан кам зарар кўраётган бошқа соҳаларига ишга жалб қилиш, хорижга кета олмаган мигрантларга ёрдам бериш ва уларга турли касб ва чет тилларини ўргатишга жалб қилиш учун махсус сайт ишга туширилган.

Россия Федерацияси ва Қозоғистон Республикасининг қатор иш берувчилари билан Ўзбекистон фуқароларини ишга жалб қилиш бўйича келишувларга эришилган.

САВОЛ: Ҳозир Россияда ишлайман. Ўзбекистонга қайтмоқчиман. Чартер рейслар орқали қайтишга менга амалий ёрдам беришингизни сўрайман.

ЖАВОБ: Хориждаги юртдошларимизни ватанга қайтариш мақсадида Республика махсус комиссияси қарори асосида чартер рейслар ташкил этилади.

Мазкур рейсларга Ўзбекистоннинг ўша ҳудуддаги консуллик идоралари томонидан фуқаролар рўйхатга олинади ва ушбу рўйхат асосида фуқаролар самолёт бортига киритилиши белгиланган.

Чартер рейслар орқали хориждаги фуқарларни Ўзбекистонга қайтариш ишларини ташкил этишга Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ваколатга эга эмас.

САВОЛ: Россияда меҳнат қилаётган фуқаро вафот этса, унинг жасадини Ўзбекистонга олиб кетиш имконияти борми? Агар у коронавирусдан вафот этган бўлса-чи?

ЖАВОБ: Вазирлар Маҳкамасининг «Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 713-сонли қарорида меҳнат миграциясида бўлган даврда вафот этган фуқароларнинг жасадларини ва хорижда меҳнат фаолияти вақтида оғир тан жароҳати олган фуқароларни бепул асосда Ўзбекистон Республикасига олиб келиш белгилаб қўйилган.

Унга кўра Хорижда вафот этган меҳнат мигранти жасадини Ўзбекистонга олиб келиш масаласида марҳумнинг яқинлари Ташқи меҳнат миграцияси агентлигига ёки унинг хорижий мамлакатларидаги ваколатхоналарига мурожаат қилишлари мумкин.

Агар фуқаро коронавирусдан вафот этган бўлса, тегишли ташкилотлар билан келишган ҳолда унинг ҳам жасадини Ўзбекистонга олиб келиш чоралари кўрилади.

САВОЛ: Кореяда ишлаш жараёнида меҳнат таътили олиб, Ўзбекистонга келганман, пандемия сабабли ўз вақтида қайтиб боролмаганим учун иш берувчи ташкилот меҳнат шартномасини бекор қилди. Виза амал қилиш муддатим бор. Кореяга чиқиб кетишим учун қандай ҳужжатларни расмийлаштириш лозим ва кимга мурожаат қиламан?

ЖАВОБ: Иш берувчи ташкилот томонидан меҳнат шартномаси бекор қилинган кундан бошлаб 30 кун ичида Корея Республикасига кириб боришингиз ҳамда иш алмаштириш аризасини тегишли ҳудуддаги «Коёнг» марказига топширишингиз талаб этилади.

САВОЛ: Кореяда ишлаш жараёнида меҳнат таътили олиб, Ўзбекистонга келганман, лекин виза амал қилиш муддатим тугаган, Корея Республикасига чиқиб кетишим мумкинми?

ЖАВОБ: Иш берувчингиз Корея Республикасининг тегишли ташкилотига виза тасдиқномасини қайтадан бериш бўйича мурожаат қилиши лозим. Виза тасдиқномаси берилган тақдирда, элчихона орқали расмийлаштириб кетишингиз мумкин.

САВОЛ: Корея Республикасида 4 йил 10 ой бир корхонада ишлаб, қайта шартнома билан Ўзбекистонга қайтганман, тегишли ҳужжатларни Ташқи меҳнат миграцяси агентлигига тақдим қилдим, чиқиш визам расмийлаштирилган, амал қилиш муддати бор. Қачон Кореяга жўнаб кетишим мумкин?

ЖАВОБ: Корея Республикаси Инсон ресурсларини ривожлантириш хизмати томонидан рухсат берилган тақдирда ташкилий тарзда жўнатиш имкони бўлади. Бу албатта энг аввало Ўзбекистон Республикаси ҳамда Корея Республикасидаги эпидемиологик вазиятга боғлиқ.

Шу ўринда Корея Республикасидан янги меҳнат шартномаси билан қайтган барча фуқаролардан хорижга чиқиш ёки фуқаролик паспортини зудлик билан Ташқи меҳнат миграцияси агентлигига ёки унинг минтақавий филиалларига электрон тарзда жўнатишларини сўраймиз. Ўз вақтида хорижга чиқиш паспортини тақдим қилмаган фуқароларнинг шартнома лойиҳалари ва виза тасдиқномалари бекор бўлиши мумкинлиги тўғрисида огоҳлантирамиз.

Шунингдек, Фуқаролик паспортидаги хорижга чиқиш рухсатномаси (ОВИР стикери) амал қилиш муддати тугаган ва тугаш арафасида бўлган фуқаролар зудлик билан қатъий карантин қоидаларига амал қилган ҳолда хорижга чиқиш паспортини расмийлаштиришлари кераклиги тўғрисида маълум қиламиз.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.