Қонунчилик бўйича умумий ҳолатда шахсни мажбурий меҳнатга жалб қилиш 30 млн сўмгача (100 баробар) жаримага сабаб бўлса, эндиликда педагогларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш 45 млн сўмгача (150 баробар) жазоланиши белгиланмоқда.
Кеча президент педагог ходимларнинг хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарликни кучайтиришни кўзда тутувчи қонунни имзолади.
Бу қонунни Миллий тикланиш партияси фракциясида ҳам жуда кўп муҳокама қилдик. Қонунда белгиланган жавобгарликни кучайтиришга, ўқитувчиларни фаолиятига аралашишни тақиқловчи нормаларни киритишга ҳаракат қилдик.
Шунингдек, қонунда педагог ходимни меҳнатга бирон бир шаклда маъмурий тарзда мажбурлаш учун маъмурий ва жиноий жавобгарликлар кучайтирилмоқда.
Эътиборлиси, илгари педагогнинг фаолиятига қонуний аралашиш учун фақат жарима жазоси белгиланган эди. Эндиликда ушбу қилмишни такроран содир этиш мансабдор шахсларга 15 сутка қамоқ жазосини белгилашга сабаб бўлади.
Ушбу ҳуқуқий нормаларни ҳаётга самарали жорий этилишидан, амалиётидан умидимиз катта.
Умида РАХМОНОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати