Қайси шаклда таълим олаётган талабаларнинг 50 фоиз контракти тўлаб берилади?

0
219
марта кўрилган.

Ўтган йилнинг 7 июнида Вазирлар Маҳкамасининг «Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» қарори қабул қилинган эди.

Қарорга кўра, Ёшлар ишлари агентлиги мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган барча олий таълим ташкилотларида бакалавриатнинг кундузги, сиртқи ва кечки шаклида, магистратуранинг кундузги йўналишида таълим олаётган ўқувчи-талабаларга тўлов-контракт асосида ўқиш бўйича йиллик харажатларининг бир қисмини қоплаб беради.

Мазкур харажатларни тўлаб бериш ёшлар етакчисининг ижобий тавсияси асосида «Ёшлар дафтари» жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўлов-контракт суммасининг 50 фоизигача, бироқ БҲМнинг 50 бараваридан ошмаган миқдорда амалга оширилади. Шуни ҳам айтиш ўринли, иккинчи ва ундан кейинги мутахассислик, қўшма таълим дастурлари бўйича, табақалаштирилган тўлов-контракт асосида таълим олаётганларга бундай имконият берилмайди.

Бунинг учун талабалар Васийлик кенгашига тўлов-контракт асосида ўқиш ҳақида белгиланган тартибда расмийлаштирилган шартнома (контракт) нусхасини тақдим этиши лозим. Бунда контрактда ўқишнинг белгиланган муддати ва бир йил учун тўлов миқдори кўрсатилган бўлиши талаб этилади.

Ҳужжатлар тақдим этилгандан кейин, Васийлик кенгаши уч иш куни ичида мурожаатни унга илова қилинган ҳужжатлар билан бирга ариза берувчи яшаб келаётган маҳалладаги ёшлар етакчисига кўриб чиқиш учун юборади.

Маҳалладаги ёшлар етакчиси беш иш куни ичида тўлов-контракт харажатларини қоплаш ҳақида тавсиянома беради ёки рад этиш тўғрисидаги хабарномани Васийлик кенгашига юборади. Бунда тўлов-контракт харажатларини қоплашни рад этиш ҳақида хабарнома юборилганда рад этиш сабаблари асосланиши талаб этилади.

Мурожаатни ўрганиш натижалари бўйича Васийлик кенгаши томонидан тўлов-контракт харажатларини қоплаш ҳақида қарор қабул қилингандан сўнг уч иш куни ичида белгиланган миқдордаги тўлов-контракт маблағлари профессионал таълим ёки олий таълим ташкилотининг ҳисоб рақамига ўтказиб берилади.

Шуни ҳам айтиш жоиз, кўпчилик опа-сингилларимиз томонидан қандай фоизсиз кредит олиш мумкинлиги тўғрисида саволлар келиб тушмоқда.

Молия вазирлигининг маълум қилишича, «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри»га кирган оилаларнинг хотин-қизларига ажратиладиган имтиёзли таълим кредити бўйича гаров ва кафиллик ҳам талаб этилмайди. Талаба ва банк ўртасида 14 фоизли таълим кредити ажратиш тўғрисида шартнома имзоланади. Ушбу кредит бўйича фоиз ставкалари тўлиқ давлат бюджетидан қопланади.

Таълим кредитини расмийлаштирган хотин-қизлар расмий ўқиш муддати тугаганидан сўнг еттинчи ойдан бошлаб 7 йил давомида расмийлаштирилган кредитнинг асосий қарз қисмини қайтаради.

Имтиёзли таълим кредитини расмийлаштириш учун талабалар тижорат банкига ариза бериши, кредит олувчининг шахсини тасдиқловчи ҳужжати, таълим муассасасининг тўлов-контракт шартномаси талаб этилади.

Шунингдек, кредит олувчининг доимий даромад манбаига эга бўлган оила аъзолари (ота-онаси, ака-укаси, опа-синглиси, эри) ёки учинчи шахс биргаликда қарз олувчининг тижорат банкининг кредит сиёсати ва ички тартибига мувофиқ имтиёзли таълим кредити қайтарилишининг таъминоти бўйича ҳужжати бўлиши шарт.

Қарорлар ижросини таъминлаш юзасидан қуйидаги 12 та тижорат банки, яъни «Микрокредит банк», «Асака банк»; «Агробанк», «Халқ банки», «Ипотека банк», «Қишлоқ қурилиш банк», «Турон банк», «Ориент финанс банк» «Миллий банк» «Ўзсаноатқурилишбанк» «Ҳамкорбанк», «Алоқа банк»лар талабаларга фоизсиз таълим кредити ажратиш учун Молия вазирлиги билан битим имзолаган.

GUJUM.UZ

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.