Шахсий автомобилда юришга рухсат берилгандан сўнг, кўплаб ҳайдовчилар киракашликни бошлашди. Машинада масофа сақлаш тартиби қандай?

0
221
марта кўрилган.

АОКА штабида Бош давлат санитария инспектори Нурмат Атабеков иштирокида бўлиб ўтган брифингда карантинга оид муҳим савол ва мурожаатлар юзасидан онлайн жавоб қайтарилди.

Савол: Тошкент шаҳрида карантин 2 кундан кейин тугайди деган хабарлар ижтимоий тармоқларда тарқалди. Бу нечоғлик ҳақиқатга яқин?

Жавоб: Ижтимоий тармоқларда тарқатилган, Тошкент шаҳрида карантин икки кундан кейин тугайди деган хабарлар асоссиз.  Карантинни ўрнатиш ва уни бекор қилиш Республика мувофиқлаштириш комиссиясининг ваколати ҳисобланади.  Ушбу комиссиянинг расмий маълумотидан ташқари, тарқатилган барча турдаги маълумотларга асло ишониш керак эмас.

Уларнинг маълумотига ишонсангиз ва карантин талабларини бузсангиз, демак Сиз карантин талабларини бузганликда айбланасиз ва маъмурий жавобгарликга (жаримага) тортилишингиз мумкин.  Жиноят кодексининг 244 (прим 5) — моддасига мувофиқ, ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тарқатганлик учун жавобгарлик борлигини унутмаслик керак.

Савол: Яқинда коронавирус қайд этилмаган ҳудудларда босқичма-босқич карантин талабларини юмшатиш бўйича Президентимиз топшириқ берди. Республикамизда шундай ҳудудлар борми?

Жавоб: Жорий йилнинг 29 апрелида ўтказилган видеоселектор йиғилишида Шавкат Мирзиёев томонидан мамлакатимизда коронавирус билан боғлиқ вазият яхшиланиб, ижобий томонга ўзгариб бориши билан, 10 майдан кейин карантин режимини босқичма-босқич юмшатишга қаратилган ишларни жадаллаштириш лозимлиги таъкидланди ва карантин талабларини босқичма-босқич юмшатишга қаратилган ишларни жадаллаштириш мақсадида Республика махсус комиссияси қарор қабул қилди.

Ушбу Қарорнинг 1-бандида республикада коронавирус инфекциясининг тарқалиш ҳолатининг ҳудудлар кесимидаги таҳлили, касаллик аниқланган беморларнинг даволаниш (соғайиш) динамикаси ҳолатидан келиб чиққан ҳолда жорий этилган чекловларни босқичма-босқич бекор қилинсин, дейилган.

Бугунги кунда республикамизда касаллик умуман қайд этилмаган қишлоқлар, туманлар анча кўп, ҳатто Жиззах ва Қашқадарё вилоятларида аниқланган беморларнинг барчаси соғайган.

Савол: Бир қатор давлатлар Хитой тест тизими яроқсизлигидан шикоят қилишган. Шу сабаб вазият назоратдан чиқиб кетган. Бизда Хитойдан келтирилган тестлар билан қандай текширишмоқда?

Жавоб: Жавоб тушунарли бўлиши учун республика бўйлаб лабраториявий ташхис қандай қўйилишини тушунтираман.  Ўзбекистонда жойлардаги вирусология лабораториялари аҳоли орасида беморларни аниқлаш ишларини олиб боради.  Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигининг вирусология лабораторияси вилоятлардан жўнатилган шубҳали ва мусбат намуналарни тасдиқлаш ва якуний ташхис қўйиш билан шуғулланади.

 Тест тизимлари сезувчанлик ва ўзига хослик билан баҳоланадиган бўлса, Ўзбекистонда қўлланадиган Хитой, Германия ва Россия тест тизимлари юқори сезувчан ва ўзига хос.

Савол: Республикамизда карантин қандай бекор қилинади? Унинг учун ҳам алоҳида талаблар борми?

Жавоб: Ўзбекистонда коронавирус инфекциясининг тарқалиш ҳолатининг ҳудудлар кесимидаги таҳлили, касаллик аниқланган беморларнинг даволаниш (соғайиш) динамикаси ҳолатидан келиб чиққан ҳолда, Республика мувофиқлаштириш комиссиясининг махсус қарори билан жорий этилган чекловлар босқичма-босқич бекор қилинади.

 Албатта, бунинг учун алоҳида талаблари, босқичлари акс этган карантиннни ечиш бўйича хужжат ишлаб чиқилади. Лекин расман, карантин бекор қилинганлиги расман эълон қилинмагунча карантин вақти учун белгиланган Санитария-гигиена қоидалари, меъёрлари ва гигиеник нормативларларга тўлиқ риоя этилиши талаб қилинади.

Савол: Карантиндан кейин, ижтимоий-иқтисодий муносабатлар туфайли (туризим, халқаро юк ташиш, қатновлар) мамлакатимизга халқаро қатновлар — йўл транспорти (автомобил, поезд ва самолёт) орқали яна кирди-чиқди бошланади. Шу муносабат билан мамлакатизмида қандай эпидемиологик тартиб-қоидалар ўрнатилади?

Шу масала бўйича халқаро тажриба ўрганиляптими? (Балки виза олишга ариза берганлардан уларни бирорта вирусга чалинмаганини текшириш каби баъзи давлатларда бўлганидек талаб қўйилиш керакдир?)

Жавоб: Тўғри, карантин тугагандан кейин, ижтимоий-иқтисодий муносабатлар яна изига тушиб кетади. Мамлакатимизда автомобил, поезд ва самолётлар орқали ҳалқаро қатновлар, борди-келдилар бошлаб юборилади.

Коронавирус касаллигининг республикага кириб келиши, тарқалиши билан боғлиқ ҳолатлар чуқур таҳлил қилинади. Мавжуд меъёрий хужжатлар, жумладан санитария-гигиена ва эпидемияга қарши тадбирлар, санитария қоидалари, меъёрлари ва гигиеник нормативлар қайта кўриб чиқилади.  Албатта халқаро тажрибалар ҳам ўрганиб чиқилади. Баликим, дастлабки даврда фақат коронавирус йўқлигини тасдиқловчи хужжати бўлсагина, виза бериш тизими жорий қилинар. Буни эса вақт ва эпидемик вазият кўрсатади.

Агар шу тизим жорий қилингудек бўлса ҳам, хорижлик фуқаронинг виза олган даври билан юртимизга келган даври коронавирус касаллигининг яширин даври (14 кун) билан бир-бирига мутаносиб бўлиши керак. Ҳар қандай тартибни амалиётга киритиш учун жуда жиддий ўйлаш ва ўрганишга тўғри келади.

Савол: Шахсий автомобилда юришга рухсат берилгандан сўнг, кўплаб ҳайдовчилар киракашликни бошлашди. Машинада масофа сақлаш тартиби қандай?

Жавоб: Мулоқот қилишда 2 метрдан кам бўлмаган масофани сақлаш зарурлиги тўғри. Бироқ машина салонида бунинг имкони йўқлиги сабабли бошқа гигиеник ва санитария қоидаларига амал қилиш ҳамда машинада 2 кишидан ортиқ йўловчи бўлмаслиги керак.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.