Стокгольм конвенцияси Ўзбекистонга нима беради: молиявий ресурс, технология ва ЕИ имтиёзлари

0
246
марта кўрилган.

 Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида 18 июнь куни Ўзбекистон Республикасининг “Турғун органик ифлослантирувчи моддалар ҳақидаги Стокгольм конвенциясини (Стокгольм, 2001 йил 22 май) ратификация қилиш тўғрисида”ги қонуни моҳияти ва аҳамиятига бағишланган брифинг ҳамда ОАВ вакиллари билан интервью бўлиб ўтди.

Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Хайрулло Ғаффоров, Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси бошқарма бошлиқлари Тўлаган Абдулғозиев, Нўъмонжон Шокиров, бўлим бошлиғи Зулфия Сулаймонова, ахборот хизмати бош мутахассиси Севара Давлатова иштирок этди.

Маълум қилинишича, Ўзбекистоннинг Стокгольм конвенциясига қўшилиши мамлакатимизда экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, аҳоли саломатлиги учун мақбул шароитларни яратиш ва экологик мувозанатни сақлашга хизмат қилади.

Конвенция мажбурий характерга эга бўлиб, турғун органик ифлослантирувчи моддаларни кескин қисқартиришга, ташланмаларни тўхтатишга ҳамда инсоният организмида ва экотизимларда қайта тиклаб бўлмас ўзгаришларга олиб келувчи 12 та хавфли бирикма (кейинги тўлдиришлар ҳисобга олган ҳолда 26 та модда) ишлаб чиқарилишини, ишлатилишини чегаралаш ёки маън этишга йўналтирилган.

Республикамизда ушбу қонун кучга киргандан кейин 2 йил мобайнида турғун органик ифлослантирувчи моддаларни тақиқлаш, чеклаш, экологик хавфсиз усулда йўқ қилиш мажбуриятларини бажаришни талаб этувчи Миллий ҳаракатлар режаси ишлаб чиқилади.

Қўмита бошқарма бошлиғи Тўлаган Абдулғозиевнинг сўзларига кўра, мамлакатимизнинг Конвенцияга қўшилиши қўйидаги имконятларни яратади:

▪️Турғун органик ифлослантирувчилар билан боғлиқ экологик ҳолатни яхшилаш, аҳоли, атроф-муҳит, ўсимлик ва ҳайвонот учун юзага келиши мумкин бўлган салбий оқибатларни бартараф этиш.

▪️Конвенция доирасида юклатилган мажбуриятларни бажариш учун ривожланаётган ҳамда иқтисодиёти ўтиш даврида бўлган мамлакатларга кўмак доирасида турғун органик ифлослантирувчиларни экологик хавфсиз йўқ қилиш бўйича молиявий ресурслар ва технологияларга эга бўлиш имконияти.

“ Ўзбекистонда турғун органик ифлослантирувчи моддаларни йўқ қилиш технологияси мавжуд эмас, — деди Тўлаган Абдулғозиев. — Мазкур халқаро ҳужжатга қўшилишимиз соҳага оид технологияларни жалб этиш учун бизга кўмак беради”.

▪️Ўзбекистон Республикасининг Европа иттифоқи имтиёзлари (The EU’s Generalised scheme of preferences (GSP) Бош тизимига қўшилиши ҳисобига миллий маҳсулотларни экспорт қилиш географияси ва ҳажмини кенгайтириш.

Депутат Хайрулло Ғаффоровнинг таъкидлашича, Ўзбекистоннинг Стокгольм конвенциясига қўшилиши кимё саноати ва қишлоқ хўжалигининг ривожланишига салбий таъсир кўрсатмайди, негаки, унинг таъсир даражаси республикамиз ҳудудида фойдаланмайдиган моддаларга нисбатан татбиқ этилади.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.