Таълим кредити қоидалари

0
261
марта кўрилган.

Таълим кредитлари тижорат банклари томонидан олий таълим муассасаларининг кундузги бўлимларига тўлов-контракт асосида қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган талабаларнинг ўқиши учун талабаларнинг ўзларига, уларнинг ота-оналарига ёки васийларига берилади.

Таълим кредитлари бакалавриатга ўқишга қабул қилинган талабаларга 10 йилгача, магистратурага ўқишга қабул қилинган талабаларга 5 йилгача бўлган муддатга берилади.

Таълим кредитлари учун қуйидаги фоиз ставкалари белгиланади:чин етимларга, «Меҳрибонлик уйлари»да тарбияланганларга ҳамда болаликдан I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлганларга – ноль фоиз ставкаси; талабаларнинг қолган тоифаларига — 2020 йил 1 январдан бошлаб фоиз харажатларининг бир қисмини «Yoshlar — kelajagimiz» жамғармаси маблағлари ҳисобидан компенсация қилиш механизмидан фойдаланиш имконияти билан бозор ставкалари белгиланади.

Таълим кредитлари бўйича фоиз ставкаси Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкаси ўзгаришига қараб ўзгариши мумкин, бу кредит шартномасида қайд этилиши керак.

Кам таъминланган оилалардан бўлган талабалар учун кредит бўйича фоизларнинг 50 фоизи Иш билан таъминлашга кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағларидан тўланади. Бунинг учун туман Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларига мурожаат қилиш лозим.

Таълим кредитлари, қоида тариқасида, қарз олувчининг (талаба, ота-она ёки васий) яшаш жойида жойлашган банк филиаллари томонидан берилади.

Таълим кредитини олиш учун қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади: таълим кредитини олиш учун ариза; талаба ва олий таълим муассасаси ўртасида тузилган тўлов-контракт асосида ўқиш ҳақидаги шартнома (контракт); кредитни қайтаришнинг таъминланиши тўғрисида ҳужжат (масалан, жисмоний ёки юридик шахсларнинг кафолати, мол-мулк ёки қимматли қоғозлар гарови, кредитнинг қайтарилмаслиги хавфини суғурталаш ҳақидаги суғурта полиси); шунингдек, имтиёзли таълим кредитлари олиш ҳуқуқига эга бўлган чин етимлар, «Меҳрибонлик уйлари»да тарбияланганлар, болаликдан I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлганлар, кам таъминланган оилалардан чиққанлар тегишли тасдиқловчи ҳужжатларни ҳам тақдим этишади.

Кредит беришда банклар фаолияти. Таълим кредитлари бўйича маблағлар кредит шартномасида қайд этилган шартларда ҳар ярим йилда ўқиш учун йиллик тўловнинг тўлиқ миқдорини икки тенг қисмга бўлиш йўли билан ўтказилади. Бунда янгидан қабул қилинган талабалар учун биринчи ярим йилликда ўқиганлик учун бошланғич тўлов жорий йилнинг 1 октябригача, иккинчи ярим йиллик учун — навбатдаги календарь йилнинг 15 мартигача тўланади.

Ўқишнинг иккинчи йилидан бошлаб кредит ҳисобига тўловлар ҳар ярим йиллик биринчи ойи (сентябрь ва март)нинг 5-кунидан кечиктирилмай тўланади.

Агар талаба ўқиш даври тугамасдан талабалар сафидан ўчирилса, таълим муассасаси раҳбарияти ректор (директор)нинг буйруғи чиққан кундан бошлаб 10 иш куни мобайнида бу ҳақда банкка хабар бериши керак, қарз олувчи эса ўз навбатида уч ой муддатда таълим кредити ва унга қўшилган фоизлар бўйича қарзларни тўлиқ қайтариши лозим.

Равшан САЪДУЛЛАЕВ, ҳуқуқшунос

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.