Таълим соҳасига оид энг сўнгги янгиликлар

0
418
марта кўрилган.

Бугун АОКА анжуманлар залида таълим соҳасига оид энг сўнгги янгиликлар юзасидан онлайн-брифинг бўлиб ўтди. Унда Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов муҳим савол ва мурожаатларга жавоб қайтарди.

Савол: Ўқув йили якунида имтиҳон ўтказиладими? Ёки ўқиш онлайн якунланадими?

Жавоб: Халқ таълими тизимидаги ташкилот ва муассасаларда 2019-2020 ўқув йили «online-maktab» лойиҳаси доирасида ташкил этилган масофавий телевизион видеодарслар орқали якунланади.

Ҳозир 5-11-синф ўқувчилари учун босқичли назорат ва якуний давлат имтиҳонларини ўтказиш йўллари ёки бекор қилиш масаласи муҳокама қилинмоқда.  Вазирлик Махсус ҳукумат комиссиясининг бу масаладаги қарорини ўз каналлари орқали маълум қилади.

Савол: Мактабни олтин медалга битираётган ўқувчиларга имтиёзлар бериладими?

Жавоб: Йўқ, олтин ва кумуш медаллар билан тақдирланган ўқувчиларга имтиёзлар берилиши кўзда тутилмаган. Халқ таълими вазирлиги олий ўқув юртига кириш учун талабгор ёшларга тенг имкониятлар тақдим этиш тарафдори.

 Бундан кўзланган мақсад ўқувчиларни таълим олишга бўлган қизиқишларини янада ошириш, улар ўртасида соғлом рақобатни шакллантириш, коррупцион ҳолатларнинг олдини олиш ва иқтидорли ўқувчилар билимини рағбатлантиришдан иборат.

Савол:10 майдан ҳамма ўқитувчилар меҳнат таътилига чиқади, деган гап қанчалик рост? Ўқув йили муддатидан олдин якунланиши мумкинми?

Жавоб: 10 майдан ўқитувчилар меҳнат таътилига чиқиши ҳақидаги маълумотлар асоссиз.

 Шу ўринда, ҳозирда таътилда бўлган тизим ходимлари бор. Уларнинг таътил муддати якунланмоқда. Бу масала бўйича яқин кунларда ҳукумат қарори қабул қилиниши керак. Қарор чиққанда қўшимча изоҳ берилади.

Савол: Олимпиаданинг учинчи (вилоят), тўртинчи (республика) босқичлари ўтказиладими? Агар ўтказилмаса, туманда ғолиб бўлган ўқувчиларга қандай имтиёзлар бор?

Жавоб: Республика фан олимпиадасининг III (вилоят) босқичини ўтказиш бўйича барча тайёргарликлар кўрилган. Карантин тартиби бекор қилингач, Республика махсус комиссияси томонидан оммавий тадбирлар ўтказишга рухсат берилгандан кейингина олимпиаданинг мазкур босқичи ўтказилиши мумкин бўлади.  Олимпиада ўтказилиши вазиятдан келиб чиқиб бекор қилинса, иштирокчиларга имтиёзлар берилмайди.

Савол: Соатбай ўқитувчига онлайн дарс ўтгани учун ойлик тўланадими?

Жавоб: Халқ таълими вазирининг 2020 йил 31 мартдаги 91-сонли буйруғига асосан умумий ўрта таълим муассасаларининг ўқитувчиларига ўз иш фаолиятларини масофавий тарзда (иш ҳақи тўлиқ сақланган ҳолда) давом эттиришларига рухсат берилган.

 Шунга кўра, ўқитувчиларга ички ва ташқи ўриндошлик асосида (жорий йил 1 апрелга қадар) бириктирилган дарс машғулотлари учун (таътилда бўлмаган даврда) соатбай асосда иш ҳақи тўлаб берилади.

Савол: Мактаб раҳбарияти карантин даврида синфларни таъмирлашни талаб қилди, бу тўғрими?

Жавоб: Савол ким берганига боғлиқ. Ўқитувчилардан талаб қилинаётган бўлса, албатта, бу нотўғри.

Лекин ҳозир карантин вақтида қурилиш ишларига рухсат берилган. Мактабда ўқитувчилар ва ўқувчилар йўқ. Пайтдан фойдаланган ҳолда, қурилиш ва таъмирлаш ишларини санитария-гигиена қоидаларига риоя қилган ҳолда амалга оширса бўлади.

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.