Вазир Раҳмат Маматов: Ишсиз, доимий даромад манбаини йўқотган ва эҳтиёжманд аҳоли қатламлари қўллаб-қувватланади

0
169
марта кўрилган.

АОКА ҳузуридаги штабда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири Раҳмат Маматов иштирокида  ўтказилган брифингдан муҳим маълумотлар:

Ҳомийлик, хайрияларни мувофиқлаштириш ва волонтёрлик марказларининг фаолияти республикамизнинг барча ҳудудларида яна қайта йўлга қўйилади.

Карантин чекловлари жорий қилиниши муносабати билан ишсиз қолган, доимий даромад манбаини йўқотган ва эҳтиёжманд аҳоли қатламларини қўллаб-қувватлаш бўйича алоҳида тартиб жорий этилди.

Вазирлик томонидан ишсиз, доимий даромад манбаини йўқотган ва эҳтиёжманд аҳоли қатламларининг манзилли рўйхати шакллантирилади.

Бу рўйхатга:

таъминот манбаи бўлмаган ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган, боқувчисини йўқотган, оғир касалликка чалинган, кўп болали оилалар;

ижтимоий нафақаси ўз эҳтиёжларини қопламайдиган ва ундан бошқа даромад манбаига эга бўлмаган оилалар;

чин етимлар, бола тарбияси билан қариндошлари шуғулланаётган оилалар;

ота-оналаридан бири ёки ҳар иккиси ҳам ногирон бўлган оилалар;

14 ёшгача бўлган икки ва ундан ортиқ болаларни тарбиялаётган, бошқа қариндошларидан алоҳида яшаётган бева аёллар (бева эрлар);

ота-оналаридан бири ёки ҳар иккиси ҳам ишсиз бўлган ва иш изловчи сифатида бандликка кўмаклашиш марказларида ҳисобда турган оилалар;

меҳнатга лаёқатли аъзолари бўлган, бироқ ҳеч қаерда ишламайдиган ёки пандемия туфайли даромадидан вақтинча маҳрум бўлган, мавсумий ишчи, уста, мардикор, сартарош, чет элда ишини йўқотиб, ҳозирда даромадсиз қолган фуқароларнинг оилалари киритилади.

Эҳтиёжманд оилаларга Халқ депутатлари маҳаллий кенгашларининг қарорларига мувофиқ, “Маҳалла” фонди ва “Саховат ва кўмак” жамғармаларидан зарур маблағлар ҳам ажратилади.

Жойлардаги маҳаллий ҳокимликлар, Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятлардаги ҳомийлик, хайрияларни мувофиқлаштириш ва волонтёрлик марказлари билан биргаликда манзилли рўйхат асосида зарур озиқ-овқат ва дори-дармон маҳсулотларидан иборат моддий кўмак ёрдамларини шакллантиради.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан ҳозирча муҳтожлик даражаси ўта юқори бўлган 101 минг 980 нафар фуқаронинг ҳудудлар кесимидаги рўйхати шакллантирилди.

Жойларда шакллантирилган рўйхатларда мавжуд бўлмаган, аммо зарур озиқ-овқат ва дори-дармонга муҳтож бўлган фуқаролар 1197 қисқа рақамли телефон тармоғига мурожаат қилишлари ҳамда ўз эҳтиёжларини баён этишлари мумкин.

Мазкур телефон тармоғи орқали боғланган фуқаролар мурожаати ҳам алоҳида эътиборга олинади ҳамда уларга ҳам зарур ижтимоий ёрдам маҳсулотлари етказиб берилади.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.