Вирусдан ҳимоя воситалари ўзимизда ишлаб чиқариладими ёки хориждан келтириляптими?

0
103
марта кўрилган.

 АОКА штабида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Хабибулла Оқилов иштирокида бўлиб ўтган брифингда бугунги кун учун муҳим савол ва мурожаатлар юзасидан жавоб қайтарилди.

САВОЛ: Пандемия бошланишидан аввал Ўзбекистонда тайёргарлик қай даражада эди?

ЖАВОБ: Хитойнинг Уҳан шаҳрида эпидемия бошланиб, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти дунё бўйлаб пандемия эҳтимолини эълон килган кунда Ўзбекистонда Махсус комиссия ташкил қилиниб, барча тайёргарлик ишлари олдиндан бошланган. Махсус кийим-кечак, ниқоблар, дори-дармонлар, дезинфекция воситалари, керакли асбоб-ускуналар келтирилган, шунингдек, тиббиёт мутахассислари COVID-19 ни даволаш бўйича малака ошириш курсларида тайёрланишди.  Шунинг учун ҳам Ўзбекистонга коронавирус кириб келганда бизда тайергарлик даражаси юқори бўлган.

САВОЛ: Британиялик олимларнинг D витамини ва қуёш нурининг етишмаслиги коронавирус дардида ўлим ҳолатини кучайтириши ҳақидаги тахминлари тўғрими?

ЖАВОБ: D витамини етишмовчилигининг коронавирусдан ўлим ҳолатини кучатиришига узвий боғлиқлиги исботланмаган. Ҳақиқатдан ҳам D витамини етишмовчилиги организмда иммунитет заифлашишига ва унинг касалликларга тез чалинишига олиб келиши мумкин.  Бироқ, буларнинг барчаси олимларнинг тахминлари бўлиб, бу борада изланишлар давом этмоқда.

САВОЛ: Вирусдан ҳимоя воситалари (ниқоб, қўлқоп, кўзойнак ва ҳоказо) ўзимизда ишлаб чиқариладими ёки хориждан келтириляптими?

ЖАВОБ: Карантин даврида республикамизнинг бир қатор кичик ва ўрта бизнес тадбиркорлари барча ҳимоя воситаларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйишган.  Ниқоб, устки ҳимоя кийими, қўлқоп ва бошка дезинфекция воситалари керакли микдорда ўзимизда ишлаб чиқарилмокда.

САВОЛ: Ўзбекистонда коронавируснинг қандай юқиш ҳолатлари кўпроқ учраяпти?

ЖАВОБ: Коронавирус аҳолига қайси йўл билан — аксириш, қўл бериб кўришиш ёки буюмлар орқали юққанлигини аниқ айтиш мушкул.

САВОЛ: “Карантинда узоқ ўтириш саломатликка зарар, энг аввало иммунитет сусайишига олиб келади”, дейишмоқда. Карантиннинг фойда ва зарари ҳақида нималар дея оласиз?

ЖАВОБ: Карантин — бу албатта осон бўлмаган жараён. Унинг энг асосий фойдаси — касалликни юқтирмаслик ва тарқалмаслиги.  Зарари — камҳаракатлик албатта имунитетнинг сусайишига олиб келиши аниқ.

Шунинг учун шифокорларимиз валеологиянинг асосий тамойилларига риоя қилишни тавсия этишади: ҳовли ёки хонадон ичида жисмоний фаоллик, бадантарбия,  жойида туриб югириш,  “тренажор”лардан фойдаланиш,  хонани тез-тез шамоллатиб туриш.  Энг асосийси — тўғри овқатланиш. Кам калорияга эга ва витаминларган бой овқатларни тановул қилиш мақсадга муофиқдир. Иммунитетни кўтариш учун маҳаллий табиий ўсимлик дори воситалиридан истеъмол қилиб туриш мақсадга мувофиқ.

САВОЛ: Коронавирусдан зарарланишнинг олдини олиш мақсадида вирусга қарши бирор дори воситасини қабул қилиш керакми?

ЖАВОБ: Бунга зарурат йўқ. Дорихоналардаги вирусга қарши препаратлар коронавирусга қарши самара кўрсатишига оид далил йўқ.

САВОЛ: Коронавирус инфекциясидан янги зарарланиш тўлқини бўлиши мумкинми?

ЖАВОБ: Хитойлик ҳамкасбларнинг тажрибасига кўра, карантиндан сўнг фақатгина четдан келганларда янги коронавирус ҳолатлари аниқланмоқда.

САВОЛ: Крантин тадбирлари аста-секин енгиллаштириляпти. Кўчада одамлар кўпаймоқда. Ўзимизни қандай ҳимоя қилишимиз зарур?

ЖАВОБ: Карантин тадбирларини енгиллатиш ёки бекор қилиш ҳамма кўчага чиқиши кераклигини англатмайди.  Энг яхши ҳимоя усули — гигиена қоидаларига қатъий амал қилиш ва ниқоб тақиш, имкон қадар уйда қолган маъқул.

САВОЛ: Лабораториялар салоҳиятини ошириш бўйича қандай ишлар амалга оширилмоқда?

ЖАВОБ: Ўзбекистонда полимераз-занжирли реакция тест текшируви учун етарли даражада лаборатория ва асбоб-ускуналар тайёрланган. Реактивлар ўз вақтида етказиб бериляпти. Ҳозирги кунда 330 мингдан ортиқ тест текширувлари ўтказилди. Ва ҳар куни 10–12 мингта таҳлил қилиняпти.

САВОЛ: Даволашнинг стандартлари ҳақида сўз очиляпти, лекин очиқланмаяпти. Нима учун?

ЖАВОБ: Бу умуман янги турдаги инфекция бўлгани учун унинг даволаш стандартлари ва протоколлари тўғрисида гапириш жуда қийин. Стандартлар кун сайин ўзгариб бормоқда.  Шунинг учун ўзбекистонлик шифокорлар деярли ҳар куни видеоконференция орқали чет эллик ҳамкасблар билан тажриба алмашиб даволаш протоколларига ўзгартиришлар киритиб келмоқда.

САВОЛ: Коронавирус инфекциясига қарши вакцина қачон тайёр бўлади?

ЖАВОБ: Ҳозирда бир нечта мамлакатлар (100 дан зиёд лаборатория) вакцина ишлаб чиқишган ва уни кўнгиллиларда тажрибадан ўтказишмоқда.  Ушбу вакциналарнинг самарадорлиги ва қўллашга қарши кўрсатмаларини баҳолаш ва кейин ишлаб чиқариш муддати 2020 йил охири 2021 йил бошига тўғри келади.

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.