Янги газ ҳисоблагичлари “Ўзтрансгаз” АЖ маблағи ҳисобидан ўрнатилади

0
456
марта кўрилган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Ўзбекнефтгаз”, “Ўзтрансгаз” ва “Ҳудудгазтаъминот” акциядорлик жамиятлари раҳбарларининг оммавий ахборот воситалари вакиллари билан очиқ мулоқоти бўлиб ўтди.
 
Унда аҳоли ва улгуржи газ истеъмолчиларини табиий ва суюлтирилган газ билан узлуксиз таъминлаш, 2019-2020 йиллар куз-қиш мавсумига пухта тайёргарлик кўриш, табиий газ таъминотидаги ўзгаришлар, янгиланишлар, тизимдаги муаммолар юзасидан ўзаро фикр алмашилди.
 
Қабул қилинган режа ва дастурга асосан 20,1 километр газ қувурлари мукаммал таъмирланди, 44,4 километр газ қувурлари реконструкция қилинди, 38 минг 268 дона газ тақсимлаш пункти техник тафтишдан ўтказилди, 3345,2 километр газ қувурлари босим остида зичликка синалди ва ҳаво босими ёрдамида тозаланди, 3362,5 километр ер ости газ қувурларининг ҳолати текширилди.
 
Куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари шу йилнинг 1 октябрига қадар якунланиши режалаштирилган.
 
Ўтган йилнинг куз-қиш даврида 217 минг 563 хонадонда табиий газ таъминоти бўйича юзага келган муаммолар бартараф қилиниб, аҳвол яхшиланди.
 
Газ тақсимоти тизимидаги нуқсонларни бартараф этиш, табиий газни истеъмолчиларга етказиб бериш жараёнидаги технологик йўқотишлар ҳажмини камайтириш бугунги кун талабидир. Замонавий газ жиҳозлари ва энергиятежамкор технологияларни татбиқ этиш мақсадида “Ўзтрансгаз” акциядорлик жамияти томонидан газ тақсимоти тизимига янги стандартлар жорий этилмоқда. Жумладан, ривожланган давлатлар тажрибасидан келиб чиқиб, газ тақсимотини 3 босқичли тизимдан (юқори, ўрта, паст) 2 босқичли (юқори, паст) тизимга ўтказиш бўйича амалий ишлар олиб бориляпти.
 
Дастлабки лойиҳа Тошкент вилоятининг Қибрай тумани У.Юсупов маҳалласида амалга оширилди. Мазкур маҳаллада мавжуд 189 аҳоли хонадони газ таъминоти бўйича 2 босқичли тизимга ўтказилди.
 
Унга кўра, юқори босимли газ тақсимлаш пункти тўлиқ модернизация қилинди, хонадонларга ўрнатилган замонавий газ ҳисоблаш ускуналарини автоматик назорат қилиш тизими, ҳар бир хонадонга замонавий газ ҳисоблаш ускуналари, хонадонларга кириш қисмига махсус темир қутиларда босим созлагичлар (регулятор) ўрнатилди. Газ сизиб чиқиши ва ис газини аниқловчи сигнализаторлар ўрнатилди. Бу ускуна ис гази концентрацияси меъёридан ошганда, табиий ва суюлтирилган газ сизиб чиққан ҳолларда газ таъминотини автоматик ўчириб, овозли сигнал билан огоҳлантиради.
 
Мулоқотда табиий газ экспортига ҳам эътибор қаратилди. Унга кўра, “Ўзтрансгаз” АЖ томонидан ҳозирги кунда 5 йўналиш – Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Хитойга экспорт қилинмоқда.
 
Замонавий электрон газ ҳисоблагичларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича “Аrtel” компанияси билан келишув олиб борилмоқда. Келгусида аҳолини замонавий электрон газ ҳисоблагичлари билан таъминлаш кўзда тутилган. Газ ҳисоблагичлари 3,4 миллион истеъмолчига “Ўзтрансгаз” акциядорлик жамиятининг ўз маблағлари ҳисобидан ўрнатилади. Бу ишлар босқичма-босқич амалга оширилиб, биринчи босқичда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида қамраб олинади.
 
Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.