ЯНГИ ШТАММ ТАРҚАЛИШИНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ УЧУН НИМА ҚИЛИШ КЕРАК?

0
68
марта кўрилган.

“COVID-19” инфекциясининг генетик шаклини ўзгартирган, жуда тез тарқалувчи, айниқса, ёшларга кўпроқ юқувчи “COVID-19” вирусининг “британча” штамми тарқалишининг олдини олиш учун нима қилиш керак? Мавзу юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Эъзозбек Ризаев фикрлари билан танишинг.

— Британия ва дунё олимларининг бераётган тавсияларига қараганда, янги штамм тарқалишининг олдини олишнинг ягона ва туғри йули — бу зарарланган беморни яккалаш (изоляция) ва улар билан мулоқотда бўлган шахсларни ҳам алоҳида назоратга олишдир. Фақатгина шу йул билан тез тарқалувчи “британча” штаммни тарқалиш кўрсаткичини камайтириш мумкин.

Ёдингизда бўлса, Хитойнинг Ухан шаҳрида коронавирус инфекцияси аниқланганидан сўнг ўтган йилнинг ёз ойларида унинг “Испания штамми” ҳам пайдо бўлди. Бу штамм ҳам жуда тез тарқалувчи тур, дея эътироф этилган эди. Вақт ўтиши натижасида, бу штамм тарқалишининг сабаби инсонлар миграцияси экани аниқланди. Бу ҳолат эса оддий саналган карантин қоидаларига риоя килиш ва тиббий ниқобларни доимий тақиб юриш билан бартараф этилди.

Ҳозирги кунда кўча-кўйда, транспорт, бозор ва дўконларда фуқароларимизнинг ўта хотиржамлиги, карантин талаб-қоидаларини писанд қилмаётгани, оддий ҳимоя воситаларини тақмаслигининг гувоҳи бўлаяпмиз.

Тўғри, Ўзбекистонда айни пайтда эпидемиологик барқарор вазият ҳукмронлик қилмоқда. Аммо бу коронавирус инфекцияси тарқалиш хавфи бутунлай тугади, дегани эмас. Юқорида айтилганидек, “COVID-19”нинг B.1.1.7 шакли — “британча” штаммини енгишнинг ягона йўли карантин қоидаларига амал қилишдир.

Айни пайтда мамлакатимизда карантин чекловлари босқичма-босқич юмшатилмоқда. Агар аҳолимиз мана шу юмшатилган тартибга тўлиқ риоя қилмаса, унинг оқибатлари қатъий чоралар кўрилишига сабаб бўлиши мумкин. Бир сўз билан айтганда, барчаси ўзимизга боғлиқ.

Муҳими, “COVID-19”га қарши вакцина янги штаммда ҳам фойда бериши аниқланган. Шу боис, оммавий эмлаш бизнинг юртимизда бошланишига қадар ҳар бир фуқаро ўз саломатлигига ўзи масъул бўлиб, тиббий ниқобдан мунтазам фойдаланса, карантин қоидаларига риоя қилса, шубҳасиз, биз дунёнинг қатор давлатларида давом этаётган бугунги эпидемиологик ноҳуш вазиятдан сақланиб қоламиз.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.