Ёшлар суҳбати: Ҳаракатда – баракат!

0
368
марта кўрилган.

Миржалол Иноятов «Озод юрт тўлқинлари» МЧЖ муассислигидаги «Менинг юртим» телеканалининг  кадрлар бўлими бошлиғи лавозимида ишлайди. Журналист Дилобар Аслиддин қизининг  суҳбати орқали ёшларнинг ўй-хаёллари, интилишлари билан танишиш мумкин.

 – Навоийдаги тайин ишингизни ташлаб пойтахтга келгансиз? Тошкентга мослашиш жараёнлари қийин кечмадими? 

– Инсон вақти-вақти билан муҳитини ўзгартириб туриши керак. Агар бир муҳитда туриб қолса, бир қобиққа ўралиб қолса, у ривожланишдан, ўсишдан тўхтаб қолиши мумкин, деб ҳисоблайман. Табиатимда таваккалчилик бор. Бу яхшими ёмонми билмайман. Аммо, янгиликларга ўзгаришларга интилиб яшашни хуш кўраман.

Менга аввал пойтахтдан кўп таклифлар бўлган. Бироқ, дарахт бир жойда кўкаради, деган ақидага амал қилиб ишлаб юравергандим. Тошкентда энди иш бошлаган вақтларимда қийинчиликлар бўлди. Янги шаҳарга мослашиш, ҳамма қатори ижара муаммоси… Бу ерда оилавий яшашга шароитим бўлмагани учун маълум вақтгача оиламни олиб келолмаганман. Жараён узоқ давом этмади. Оз фурсат ўтиб, оиламни олиб келдим. Дастлаб, қўшимча иш излаганман, топилмаган. Ҳозир эса ҳаммаси яхши. Ҳатто қўшимча ишларни вақтим етмай,  бажаришга имкон бўлмай қолишидан қўрқиб рад этаман. Ваъда бериб, бажаролмаслик, ишни чала қолдиришни ёмон кўраман. Ишим масъулиятли ва қизиқарли, мен ҳар бир пухта қилинган ҳужжат ишларимдан завқ оламан.

– Ҳеч ким ёшлигида бирор бир ташкилотнинг  кадрдар бўлимида ишлайман, деб орзу қилмайди. Сиз ким бўлишни орзу қилгансиз?

 – Болалигимда жуда кўп орзуларим бўлган. Дастлаб, юрист бўлишни мақсад қилганман. Кейинчалик жарроҳликка қизиқдим. Кадрлар бўлимида ишлашим тасодифан бўлган. Бу ҳам бўлса ҳамкасблар ишончи сабабли, десам муболаға бўлмайди. Чунки кадрлар билан ишлаш бўлими бу ташкилотнинг юраги, десак, янглишмайман. Касб одамнинг тақдири, деб бекорга айтилмайди. Навоийда кадрлар бўлими мутахассиси бўлиб танилдим. Ҳалигача мени аввалдан таниган кишилар шу соҳа бўйича ишга чақиради.

Бу бўлим фаолияти инсон тақдири билан боғлиқ. Касбдошларнинг ижтимоий аҳволидан бохабар бўлиш, уларнинг муаммоларини ечишга кўмак бериш керак бўлади. Чунки, касбидан, ишидан кўнгли тўқ инсоннинг кайфияти яхши, соғлиги мустаҳкам ва   ишида унуми бўлади. Ташкилотга ҳам унинг ортидан манфаат келади. Ходимлар билан ишлаш тўғри йўлга қўйилган жойда иш унумдорлиги ортади. Мен ҳам ҳар бир ҳамкасбимни қўллаб-қувватлашга ҳаракат қиламан. Ижодкорлар кўнгил одами бўлишади. Ёлғондан, иккиюзламачиликдан йироқ. Кўнгли ҳам шунга яраша нозик. Озгина эътибордан ҳам ўзини бахтиёр сезади. Мен имкон қадар уларни қолипга солиб қўймасликни, кези келса эркин ва масъулият билан ишлашларига кўмаклашаман…

Каналимизда тажрибали мутахассислар ишлайди. Моддий техник заҳирамиз бошқа хусусий каналларникидақа зўр эмас. Ходимларни моддий қўллаб-қувватлаш ҳам уларчалик эмас. Аммо жамоамиз аҳил, билим ва интеллектуал салоҳияти юқори инсонлар ишлайди. Бизда доим мустақил фикр ва кутилмаган ғоялар қўллаб қувватланади.

– Медиа соҳасини авваллари  қандай тасаввур этардингиз? Сиз ўйлагандек эканми?

– Навоий вилояти ҳокимиятида ишлаб юрган вақтларимда медиа соҳасида ишлаб юрган ходимларнинг ишини бу қадар масъулиятли ва қийин деб билмас, эдим. Тайёр нарсани ўқийди, тайёр нарсани оммага узатади, дердим. Йўқ ундай эмас экан. Телевидение бор нарсани турли кўринишларида халққа етказиб бераркан. Оммани ўз ортидан эргаштирадиган катта куч манбаи экан. У шунчаки минбар эмас, оммани ишонтириш ва жамиятни ривожлантиришга масъул сермазмун йўналиш экан…

– Ёшлар орасида четга кетишни, ишлашни, ўқишни орзу қилаётганлари бор..

– Бу нормал ҳолат. Буни тўғри тушуниш керак. Ўқисин, дунё кўрсин, ишласин, тажриба алмашсин. Аммо ўз туғилиб ўсган ерига фойдаси тегсин. Мен Кореяга кетаман, деб тил ўрганган, Германияга ишлагани бораман, деб ҳужжатлар йиққанман. Талабалик йилларимда таътил вақтлари Россияга бориб ишлаб  келганман. Хуллас, буни ёмон томони йўқ. Ҳозир ҳам Германияда ишлаш ниятим  йўқ эмас. Бу ўзим ва жамият учун фойда бўлса фойдаки, зиён эмас.

– Навоийда ишлаб юрган вақтларингизда Миржалолни аслида қобилияти йўқ, Ортида боболари турибди дейишган. Бу гаплар қанчалик тўғри?

–Тўғри, менинг боболарим машҳур ва нуфузли инсонлар бўлган. Бобом – Иноят Абдуллаев собиқ советлар даврида дъюдо бўйича Ўзбекистон  спорт устаси! Иккинчи бобом – академик Равшан Раҳмонов эса 21 йил Навоий давлат педагогика институтида ректор лавозимида ишлаган. Институтда ўқиган ва ишлаган кезларимда нимагаки эришишган бўлсам, аввало ўз меҳнатим билан эришардим. Буни мени яқиндан таниганлар, курсдошларим ва жамоадошларим жуда яхши билишади.

Агар ортимда кимдир бўлганида, турли жойларда раҳбар лавозимларида самарали ишлай олмаслигим мумкин эди. Ёки бирорта ишни эплай олмаслигим мумкин эди. Яқинларим бобосини ишини давом эттиради, деган мақсадда мени дастлаб Навоий давлат педагогика институга ўқишга ундашган. Аммо педагоглик менинг қисматимга битилмаганлигини ҳис қилдим. Боболаримдан менга “интилганга толе ёр” ва “ҳаракатда баракат” деган халқ матали мерос бўлиб қолган…

 Дилобар Аслиддин қизи суҳбатлашди.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.