Аҳолига қувонч улашган мўъжазгина бекат

0
673
марта кўрилган.

 Буюк Британиянинг Девон графлигидаги Уэлхэмптон қишлоғида номаълум шахс  қишлоқ аҳолисининг оғирини енгил қилиш мақсадида ноодатий автобус бекати қурди. Бу каби савоб ишдан қишлоқликларнинг боши осмонга етди. Чунки бекат кўп йиллар мобайнида ташландиқ ҳолда эди. 

Девон графлиги бир қатор аньана ва урф- одатларнинг ватани ҳисобланади. Артур Конан Дойлнинг Шерлок Холмсга бағишланган асарлари туркумига кирувчи “Баскервиллар ити” асаридаги воқеалар айнан шу жойда бўлиб ўтади.

Эндиликда ушбу бекат орқали қишлоқнинг номи дунёга машҳур бўлди. Тошдан қурилган мўъжазгина автобус бекати худди турар-жой биносидаги хоналарни, қадимги Англиядаги уйларни ёдга солади. Бу ерда кресло мавжуд, тувакларга  гуллар экилган. Хонадаги ўриндиқларга ёстиқлар қўйилган. Деворга эса картиналар осиб қўйилган. Автобусларнинг бекатга қачон келиши ҳақидаги маълумот қадимий усулда ишланган ёғоч рамкага жойлаштирилган.
 
Мухбирларнинг айтишича, шу тариқа жаҳондаги энг шинам автобус бекати пайдо бўлди. Ҳозирча бу ноёб бекат ким томонидан қурилгани аниқ эмас. Қишлоқ аҳли номаълум дизайнерни “маҳаллий Бэнкси” деб атамоқда ва ўзларига чексиз яхши кайфият совға қилгани учун унга миннатдорчилик билдиришмоқда. Бу ҳақда The Daily Mail газетаси маълум қилди.
 
Шарофиддин Тўлаганов, Ўз А
Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.