“Бадай-тўқай” қўриқхонасини биласизми? У Ўзбекистон тўқайзорларининг 74 фоизини ташкил қилади!

0
3267
марта кўрилган.

“Бадай-тўқай” қўриқхонаси Марказий Осиё тўқайларининг 20 фоизи, Ўзбекистон тўқайзорларининг 74 фоизини ташкил қилади! Нафақат боғлару гулзорлар, балки тўқай ва даштлар ҳам ўзига хос гўзал манзара касб этади. Улар она табиатнинг дурдонаси!

Ватаннинг беқиёс кенгликларида айниқса, қуёшнинг чиқиши ва ботишини кузатиш имконияти борлиги ҳузур бағишлайди! Тўкилган баргларни ғичир-ғичир босганча тўранғилзор оралаб борарканмиз, ҳавонинг мусаффолигини,  аслиятнинг бетарорлигини, энг асосийси табиат билан уйғунлигимизни ҳис қиламиз. Бу ерга келгунимизча бизга резерват  Марказий Осиё тўқайларининг 20 фоизи, Ўзбекистондаги барча тўқайзорларнинг 74 фоизини ташкил қилиши, кейинги юз йилда биргина Қорақалпоғистонда тўқайнинг умумий майдони 90 фоизга қисқаргани  ҳақида айтишганди.

Шунда болалигимизда қишлоқларимизда ҳам тўранғиллар кўп бўлганлиги ҳақида эсладим. Давра суҳбатида мутахассислардан бири «Илгарилари тўранғил уруғи учиб  дарёнинг нариги соҳилларига ҳам борарди, у қаерга тушса кўкариб кетаверарди, ҳозир  сувсизлик оқибатида тўранғиллар ҳам азият чекяпти» дегани хаёлимда такрорланди. Ҳамкасбларимиз иш билан машғул. Ким шовуллаётган дарахтларни,  ким дарё қирғоқларини суратга оляпти. Бошқалар икки соат давом этган давра суҳбатидаги маълумотларга  қониқмай, мутахассисларни саволга тутяпти. Буғу ёки тулки ўтиб қолса, ҳамманинг диққати уларга қаратилади.

Гўзал манзара ва муаммоларни аралаштирмаслик мақсадида ҳеч нарса ҳақида ўйламай фақат табиатдан баҳра олишга ҳаракат қилдим. Бироқ…

Резерват ҳақида. Тўқайлар табиий озуқа захирасига бой бўлганлиги сабабли  ёввойи ҳайвонлар учун  макон саналган.  Маълумотларга қараганда , ҳозирги  вақтда Қуйи Амударё ҳудудида тўқай ўсимликларининг 61 тури  ҳисобга  олинган.  Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 26 августдаги қарорига мувофиқ, “Бадай-тўқай” қўриқхонаси негизида Қуйи Амударё давлат биосфера резервати ташкил этилгани табиатни асраш, экологик мувозанатни барқарорлаштириш йўлидаги муҳим қадам бўлди. Резерват Беруний ҳамда Амударё туманлари ҳудудида жойлашган бўлиб, жами 68 минг 717 гектарни ташкил этади.  Шундан 11568,3 гектари қўриқхона, 6731,4 гектари буфер, 50418,1 гектари оралиқ ҳудуд саналади.   Қушларнинг 116, сут эмизувчиларнинг 22 тури рўйхатга олинган.  Ҳашаротларнинг эса мингдан зиёд турлари макон тутишган. Бу ерда Ўзбекистон “Қизил китоби” қаҳрамонларидан бир қанчасини учратиш мумкин.

Маълумот ўрнида  шуни ҳам қайд қилиш жоизки, дунёдаги 120 мамлакатда 669 та биосфера резерватлари ташкил этилган.  Қуйи  Амударё  давлат  биосфера  резервати  Ўзбекистонда  бундай тоифадаги дастлабки муҳофаза қилинадиган ҳудуд ҳисобланади. Дарвоқе,  биосфера  резервати  деганда  биологик хилма-хилликни  сақлашни  ва  бир  вақтда  минтақанинг  барқарор  иқтисодий ривожланиши  тушунилади.  Улар  айни табиат ресурсларини сақлаб қолиш ва улардан барқарор фойдаланиш учун барпо этилади. 

Бугунги кунда резерватда 32 нафар ходим фаолият олиб боради. Германия халқаро ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонасининг “Амударёнинг куйи оқимида экотизимни сақлаш ва ердан фойдаланишга экотизимли ёндашиш” лойиҳаси доирасида фаолиятни такомиллаштириш, ҳудудни ривожлантириш юзасидан амалий чоралар кўрилмоқда. Илмий бўлим мутахассислари томонидан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлими, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, талабалари билан ҳамкорликда Бухоро буғуларининг популяцияси, биосфера резервати энтемофаунаси, ҳудуддаги ўсимликларнинг мониторинги бўйича илмий ишлар олиб бормоқда.

БУХОРО БУҒУЛАРИ НАЖОТ КУТМОҚДА.

 1976 йилда бу ерга  учта Бухоро буғуси келтирилиб, 8 гектарлик вольер ҳудуд ташкил қилинган. 1978 йилда яна 9 бош келтирилган. 1982 йилда  эркин ҳудудга қўйиб юборилган пайтда уларнинг сони 32 бош эди.  Мутахассислар томонидан хонгулларнинг эмин-эркин яшашлари, кўпайишлари учун барча  зарур чоралар кўрилган. Ҳозирда улар 1000 бошга етиб қолган.

Бундан юз йил аввал Қорақалпоғистонда тўқайлар кўплиги каби Бухоро буғулари ҳам саноқсиз бўлган. Ўтган асрнинг 40-50- йилларида буғуларнинг гўшти ва терисидан кенг фойдаланилган. 60-йилларга бориб, хонгуллар бутунлай кўринмай қолган.

Ҳозирда  Бухоро буғусини сақлаб қолиш, кўпайтириш, зарар етказмаслик борасида  ҳудудда яшовчи аҳоли,  фермерлар ўртасида кўплаб тушунтириш ишларини олиб боришга тўғри келмоқда. Қолаверса, бу борада олийҳиммат инсонлар, тадбиркорлар кўмагига эҳтиёж бор.

-Бу ерлар 300-350 бош буғу учун мўлжалланган.  Шу боис хонгулларни   “Назархон” участкасига кўчиришни бошлашимиз керак, – дейди Қуйи Амударё давлат биосфера резервати директорининг илмий ишлар бўйича ўринбосари Ақилбек Тореев. – Устига устак,  сув тақчиллиги  қўриқхоналар ҳудудида ўсимликлар камайишига сабаб бўлмоқда. Тўқайни насос ёрдамида суғориш зарурати бор. Буларнинг барчаси маблағ талаб қилади. Она табиатга, ўз келажагига бефарқ бўлмаган сармоядорлар кўмагига муҳтожмиз.

Жампиқ қалъада

Дарвоқе, резерват муҳофаза этиладиган учта ҳудудни –«Бадай-Тўқай», «Жумиртоғ» ва «Назархон» қўриқланувчи зоналарини ўз ичига олади.
«Бадай-тўқай» қўриқланадиган ҳудуди ёнида  Жампиқ  қалъа тарихий тепалиги бор. Манбаларда қайд қилинишича, тўққизинчи-ўнинчи асрларга тааллуқли  ушбу қалъанинг  максимал  узунлиги  420  м,  эни  288  м  га  тенг. Деворлари  9  м  баландликда  лой  пахсадан  иборат.  Деворнинг  устидан  ўқ  ёй тарзли  галерея  ўтган  (96  м  энликда).  Деворнинг  айрим  жойлари  тош  парчалари  билан  қайта  ишланган.  Шарқий томонида  пахса  деворларининг  тўғри  бурчакли  шаклдаги  цитадель  сақланган. Деворлар ёпиқ устунлар билан безатилган бўлиб, бу эски қалъа  ўрта асрларда порт шаҳар бўлган.

 Амударёнинг  ўнг  томонида  Қўянчиқ  тепалигида жойлашган  қалъа  ва  қўриқхона  ҳудуди  орасидан  Кўкдарё  канали  оқиб  ўтади.

Яқинда қалъа ёнида юрталар ташкил қилинди. Сайёҳларни жалб қилиш борасида изланишлар олиб борилмоқда. Бироқ, Жампиқ қалъага олиб борувчи йўлнинг талабга жавоб бермаслиги, қулай инфратузилма шароитларининг йўқлиги, маълумотлар камлиги  натижасида от ва туяда сайр қилиб, она табиат гўзаллигидан баҳра олиш истагидаги ҳамюртларимиз ҳам, хорижлик сайёҳлар ҳам бармоқ билан санарли.

Бу ерда ўтмиш ва бугун, келажак ҳақидаги ўйлар кишини чулғаб олади. Замон силсилаларини енгиш учун қанчалик матонат ва чидам зарурлигини англайсан. Қолаверса, аждодлар закосига яна бир карра тан берасан. Улар қолдирган меросни увол қилмаслик, самарали фойдаланиш ва келажакка етказиш ҳақида ўйлайсан.  Катта йўлда Жампиқ қалъага бориш кўрсаткичи йўқ, ҳеч бўлмаса қалъанинг бир четига унинг номини ёзиб қўйишса, имкони бўлса унинг тарихи ҳақида маълумотлар қайд қилинса деган фикр ҳам хаёлингдан жой олади.

Медиатурдан мақсад нима? Ёҳуд табиат билан уйғунлигимизни қанчалик ҳис қиляпмиз?

 Биз ушбу таассурот ва маълумотларга Германия Ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамда Журналистларни қайта тайёрлаш маркази ҳамкорлигида “Экотизимларни сақлаш мақсадида жамиятнинг экологик маданиятини оширишда ОАВ роли” лойиҳаси доирасида Қорақалпоғистонлик ва хоразмлик оммавий ахборот воситалари вакиллари учун Қуйи Амударё биосфера резерватига ташкил қилинган медиатур давомида эга бўлдик.  Сал аввал бундай медиа тур республика ОАВ вакиллари учун ҳам уюштирилган эди. Ташкилотчилар ҳудудга қайта-қайта ОАВ вакилларини жалб қилишидан мақсад Амударё давлат биосфера резервати  билан кенг жамоатчиликни яқиндан таништириш, ҳудуд экологик ҳолатини барқарор сақлаш, экотуристик салоҳиятини ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумотлар бериш ва бунга монелик қилаётган айрим муаммоларни бартараф қилишда жамоатчилик назоратини кучайтиришдир. Ҳозирда Амударё давлат биосфера резерватини ЮНЕСКО биосфера резерватлари умумжаҳон тармоғига киритиш борасида муайян ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, «Амударё қуйи оқимларида экотизимга асосланган ердан фойдаланиш ва экотизимни сақлаш» лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишлар диққатга сазовор.

–2018 йил январь ойида бошланган мазкур дастур  2020 йил  июнь ойига қадар давом этиши белгиланган. Мақсадимиз  экотизимга асосланган ердан фойдаланишни ишлаб чиқиш ва қўллаш, биохилма-хилликни муҳофаза қилиш, иқлим ўзгаришига мослашиш бўйича ҳудудий музокараларни  қўллаб-қувватлаш, шунингдек, тўқай ўрмонлари экотизимларини сақлаш ва қайта тиклаш бўйича жараёнларни режалаштириш ва амалга оширишдир, – дейди Германия Ҳамкорлик ташкилоти (GIZ)нинг лойиҳа бўйича маслаҳатчиси Муҳаббат Камолова.

Медиа тур давомида Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси мутасаддилари, биосфера резервати илмий ходимлари тўқайлардаги ўсимлик ва ҳайвонот дунёси турларини, шу жумладан кам учрайдиган ва йўқ бўлиб кетиш хавфи остидаги турларини, ҳудудга мос бошқа табиат объекларини сақлаб қолиш, қайта тиклаш, экологик ҳолатини яхшилаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот бердилар. Мутасаддилар иштирокидаги давра суҳбати қизғин баҳс-мунозараларга бой бўлди. Экосайёҳликни ривожлантиришга тўсиқ бўлаётган омиллар, сув тақчиллиги муаммосининг ҳудудга таъсири, устига устак резерватнинг шундоқ рўпарасида фаолият кўрсатаётган цемент заводидан чиқаётган тутуннинг табиатга келтираётган зарари ва бошқа масалалар кенг муҳокама қилинди.

Ҳудуддан оқиб ўтувчи сувсиз каналда бундан ўттиз йил аввал қайиқда сузганларимиз ёдимга тушди. Ҳар тугул, мутасаддилар, ёз ойлари унда сув бўлишини айтиб, кўнглимни кўтаришди.

Ўйлаймизки, ушбу баҳсли фикрлар бардавомлиги таъминланади ва мамлакатимизнинг биринчи биосфера резервати ўз фаолияти билан ҳам биринчиликка эришиши, ЮНЕСКО  биосфера резерватлари умумжаҳон тармоғига кириши учун мутасаддилар ва кенг жамоатчилик бор имкониятларини ишга солади. Зеро, она табиат учун фақат бир гуруҳ шахслар эмас, барчамиз масъулмиз ва у ҳаммамиздан меҳр кутади.

Муҳаббат ТЎРАБОЕВА, журналист

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.