Беруний боғи ва музейини ким обод қилади? Берунийликларми, Хоразмликларми? Ёки мамлакат  пойтахтидан ташаббус кутишадими?

0
691
марта кўрилган.

 Буюк аллома Берунийнинг хоки  Афғонистоннинг Ғазна шаҳридан олиб келинганлиги ва туғилган юрти – қадимий Кат қаъласига қўйилганлигини Халқаро Бобур фонди раҳбари Зокиржон Машрабовдан   Андижонга борганимда эшитиб, зиёрат қилишни ният қилган эдим. Хоразмга ҳар сафар келганимда имконият топа олмасдим. Шу сафар барча ишларимни йиғиштириб қўйдимда зиёратга отландим.

Беруний тумани билан Урганч шаҳрини Амударёга қурилган кўприк ажратиб туради.  Кўприкдан ўтиб икки — уч километр юрсангиз  “Беруний боғи ва музейи” деган пештахтали аркага кўзингиз тушади.

Боғ саранжом-саришта, супириб-сидирилган. Алломага ўрнатилган ёдгорлик ҳам  дарров кўзга ташланади. Атрофида дўранғи, арча, гужум ва турли хил баланд — баланд дарахтлар гуркираб ўсиб турибди. Оппоқ устунлар билан ўралган аркали қабрнинг икки чеккасидаги буғдойзорлар шамолда шалдираб атрофга ором бағишлаб, аллома билан бирга юртга қут-барака, нур улашаётгандек туюлади, кўрган  кўз қувнайди.

Узоқроқдан таралаётган анвойи раъногулларнинг ўткир ҳиди думоққа урилади.  Гўзал ва  сокин масканни кўриб, аллома ором олиб ётгандек тўйғу кўнглимдан кечди. Бироқ, қабр атрофда ўтириб тиловат қилишга бирор супа ёки скамейка топмадик. Сағана қошида чўкка тушиб тиловат қилдик. Руҳлари элимиздан шод бўлишини  Оллоҳдан сўрадик.

Ёдгорлик тошини ўқиб ҳайратландик. Унда имловий хатолар ҳам мавжуд эди. “Буюк аллома, қомусий билимлар соҳиби, ватандошимиз Абу Райхон Мухаммад ибн Ахмад ал Беруний ҳазратлари хоки Афғонистоннинг Ғазна шаҳридаги қабридан Халқаро Бобур фонди ёрдамида олиб келиниб, 1997 йил 1 декабрь санасида қадим Кат қальаси ҳудудидаги ушбу табаррук маркадга дафн этилган. 04.09.973 — 11.12.1048.

Шундай буюк аллома порлоқ хотирасига ўрнатилган қабр тоши ҳам хатолар билан ёзиладими?  Қомусий билимлар соҳиби туғилган юртда бирор ўқимишли киши йўқми? Бу ўта бефарқликни қандай изоҳлаш мумкин? 

Таклиф. Алломанинг қабр тошини ўзига муносиб тарзда қайта уч тилда – ўзбекча, русча, инглизча ёзиш  ва ўзбекча матннинг имло хатоларини тўғрилаш лозим. Қолаверса алломанинг ўзи ижод қилган араб ва форс тилларидаги битиклар ҳам бўлса,  беш тил олимнинг жаҳонгашта асарларини ўзида ифодалаган бўларди.  

Ундан кейин аркада ёзилган музейни изладик.  Бироқ ҳеч қайдан топмадик. Қаровсиз чала ташлаб кетилган бинони кўрдик, халос.

Шу пайт ёнимизга бир йигит келиб салом берди.  У Беруний боғи жойлашган  Қиёт қишлоғи милиция таянч пункти раҳбарининг ўринбосари Санжар Жабборов экан. Санжар тилавот қилаётганимизни кўриб қўшилиш учун келган экан. Касби тақозаси билан ҳар куни боғни 2-3 марта айланар, бу кимсасиз маскан безориларга макон бўлмаслигини назорат қиларкан.

Ундан кўра бу ерни зиёратчилар қадими узилмайдиган, гавжум туристик масканга айлантириш афзал эмасми! Алломани бутун жаҳон тан олиб улуғлайди, кўплаб мамлакатларда, турли тилларда ҳазрат ҳақида қатор-қатор илмий — бадиий асарлар ёзилган. Қомусий олимнинг ўзи ёзган асарларичи! Биргина ер шари харитасини яратиб кетганининг ўзи дунёларга тенг. Булар бари тарих, бугунги кун учун улуғвор музей!

Қорақалпоқистон республикасининг Беруний туманидаги  бу  гўзал масканга эътибор керак. Ушбу боғ-у роғ қўйнида бунёд қилинаётган ташландиқ музей биносининг қурилиши охирига етказилса бу ерда ўз-ўзидан эркин сайёҳлик ҳудуди пайдо бўлади.

Мана битта мисол:  Беруний қабридан бошқа ҳеч нарса йўқ ушбу боғда ҳамроҳим — Ўзбекистон Республикаси Президенти Админстрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Хоразм вилоят бошқармаси бошлиғи Дилбар Бекчанова хоразмлик шоир ва ёзувчи Қурбон Муҳаммадризонинг  Абу Райхон Берунийга бағишлаб  ёзган китобининг тақдимотини  ушбу масканда аллома номидаги боғда ўтказишни режалаштириб олди.

Наҳотки кредит олиб ушбу музей қурилишини охирига етказа оладиган марду майдон бўлмаса!? Ҳафсала ва бироз эътибор керак, халос.

Ушбу ҳудудда кўрганларимдан хулоса чиқариб, ички туризмни юксалтиришга муносиб ҳисса қўшадиган яна бир таклиф  айтгим келди.

Ушбу ҳудуд географик жойлашуви (Амударё бўйида), табиати (ён-атрофи қуюқ тўқайзор), иқлимининг ўзига хослиги, ташриф буюрувчи туристлар сонини ошириши мумкин.

Келажакда  ҳудуднинг табиий жозибасини бузмаган ҳолда мавжуд ер майдонларидан, тўқайзорлардан оптимал фойдаланиб, қатор замонавий кўринишда дам олиш масканлари, Амударё қирғоқларида чўмилиш мажмуалари барпо этиб, сув спорти турларини ва экстремал спорт турлари билан шуғулланадиган масканлар яратишни, дарё ва тўқайлар устидан  замонавий кабинали канат йўллари ўтказишни таклиф қилган бўлардим. Сайёҳларга хизмат кўрсатувчи инфратузилма объектларини жойлаштириш орқали аҳолининг меҳнат билан бандлиги ҳам таъминланган бўларди.

 Энг муҳими, сайёҳлик мажмуалари йўлга қўйилса, хизматларнинг сифат даражаси жаҳон стандартлари талабларига тўлиқ жавоб берса, бу ерга жаҳондан туристлар оқиб келади.  Мамлакатимиз тарихи, буюк алломаларимизни таништириш орқали ички ва ташқи туризмни ривожлантиришга,   муносиб ҳисса қўшган бўлардик.

 

Раъно ЗАРИПОВА,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.