Чорвоқ эркин туристик зонаси Франция компаниялари томонидан лойиҳалаштирилади

0
952
марта кўрилган.

Франция компаниялари консорциуми аъзолари Тошкент вилояти раҳбарияти билан учрашиб, «Чорвоқ» эркин туристик зонасининг бош режаси бўйича ишлаб чиқилган ҳужжатларни тақдим этишди. Ушбу ҳужжатлар асосан уч йўналиш -“Белдирсой”, “Чимён ” ҳамда “Нанай” лойиҳаларидан иборат бўлади.

Франция тараққиёт агентлиги (ФТА) «Чорвоқ» эркин туристик зонасининг батафсил бош режаси ва бизнес режасини ишлаб чиқишга қаратилган 750 минг евро грант маблағи тақдим этганидан сўнг, 2018 йилнинг 21 ноябрида Франциянинг “Геоде” компанияси бошчилигида, “Орех Лоисирс”, “Патриарч”, “Эподе” ва “ДА Манагемент” компаниялари «Чорвоқ» ЭТЗнинг Белдирсой, Чимён ва Нанай ҳудудларини ўрганиш, батафсил бош режаси ва бизнес режасини ишлаб чиқиш юзасидан Тошкент вилояти ҳокимлиги билан келишув имзолаган эди.

Франциялик мутахассислардан иборат ишчи гуруҳи “Чорвоқ” эркин туристик зонаси ҳудудида ўрганиш ишларини олиб бориш ва музокаралар ўтказиш юзасидан бир неча бор ташриф буюрганди..

Ташриф даврида мутахассислар Чимён, Белдирсой, Чорвоқ ва Нанай ҳудудларининг географик жойлашуви, табиати, тупроқ қатламлари, иқлимининг ўзига хослиги, ташриф буюрувчи туристлар сони билан боғлиқ маълумотларни батафсил ўрганиб боришди. Мазкур жараёнда Франция компаниялари консорсиуми аъзолари Бўстонлиқ туман Кадастр бўлими, Ободонлаштириш бўлими, “Тоза ҳудуд” бўлими, Бурчмулло ўрмон хўжалиги мутахассислари ва “Чорвоқ сув омбори” ташкилотлари билан музокаралар олиб боришди.

Хорижлик мутахассислар томонидан эркин туристик зона ҳудудини ривожлантириш билан боғлиқ бир қатор шаҳарсозлик ва хизмат кўрсатиш лойиҳаларининг концепцияси тақдимоти ўтказилди.

Франциялик мутахассислар тақдимотда Чимён дам олиш оромгоҳи ҳудудида автомобил йўлини тоннел кўринишига келтириб, устки қисмида бир қатор туристик объектлар ва туристларга хизмат кўрсатувчи инфратузилма объектларини жойлаштириш, мавжуд канат йўллари ўрнига янги, замонавий кабинали канат йўлларини қуриш таклифларини билдирди.. Бундан асосий мақсад Чимён ҳудудининг табиий жозибасини бузмаган ҳолда ер майдонларидан оптимал фойдаланишдан иборат.

Шунингдек, француз мутахассислари томонидан эркин туристик зонасининг Белдирсой ҳудудида мавжуд “Белдирсой” дам олиш маскани ва қурилаётган “Амирсой” тоғ-чанғи курорт зонаси оралиғига замонавий кўринишда дам олиш масканлари мажмуаларини жойлаштириш орқали ҳудудда яна қўшимча чанғи учиш, канат йўлларини қуриш таклифлари билдирилди.

Нанай ҳудудида эса Чорвоқ сув омбори қирғоқларидан оптимал фойдаланган ҳолда пляжлар барпо этиб, сув спорти турларини ва экстремал спорт турларини яратиш таклиф этилди.

Аҳамиятлиси, мазкур лойиҳаларнинг амалга оширилиши натижасида Чорвоқ эркин туристик зонасида туризмнинг мутлақо янги ва замонавий турлари ривожлантирилади. Энг муҳими, мазкур хизматларнинг сифат даражаси жаҳон стандартлари талабларига тўлиқ жавоб беради.

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.