Кавказ тоғларида “Ўзбекистон” санаторийси

0
590
марта кўрилган.

Оромгоҳлар шаҳри Кисловодскдаги “Ўзбекистон” санаторийси миллатимизнинг машҳур саркардалари Жалолиддин Мангуберди ва Амур Темур боболаримизнинг қадамлари етган тоғлар бағрида жойлашган. Санаторийга келувчиларни “Хуш келибсиз, азиз меҳмонлар”, дея ўзбекона мулозамат билан аэропортнинг ўзидаёқ  кутиб олишади. Ҳар қадамингизда, ҳар дамингизда санаторий ходимларининг меҳрибонлигини ҳис қиласиз.

 Кавказ тоғ тизмалари  адрларида ястанган Қуёшли ўлка-Кисловодск   Россиядаги энг машҳур курорт шаҳарлардан бири бўлиб, денгиз сатҳидан 800 метр баландликда жойлашган. Кисловодск қуёшли ва мусаффо ҳавоси, мафтункор табиати билан ажралиб туради. Нарзан минерал сувлари шифобахшлиги билан қадимдан бутун дунёга машҳур.

Инсон қалб қўри ва қадоқ қўли, қайноқ меҳри, нозик диди  билан яратилган деярли шаҳар билан тенг майдонни эгаллаган мўъжизакор парк гўзал манзаралари, соғламлаштириш йўлаклари билан дилларга ҳузур ва ором бағишлайди. Зеро, табиат ўз қуёши билан, инсон тафаккури, ижодий фаолияти билан ажралиб туради.

“Ўзбекистон” сиҳатгоҳи ўрмон-паркнинг хушманзара жойида бунёд этилган. Ҳавоси роҳатижон, ям-яшил арчалар ҳиди айвон орқали хоналарга уфуриб, дилга хушкайфият бахш этади. Шарқироқ сойнинг тошларга урилиб, биллурдек товланиб оқиши руҳиятга осойишталик олиб киради.

Кисловодск шаҳрининг марказида жойлашган “Ўзбекистон” сиҳатгоҳи энг қадимий оромгоҳлардан бири  бўлиб, 1932 йил ташкил топган. Иккинчи жаҳон уруши йилларида санаторий госпиталга айлантирилган ва юзлаб ярадорлар дардига дармон бўлган муқаддас маскан.  Ўтган йили ушбу шифо масканига мамлакатимиз Президенти ташаббуси билан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари дам олгани жўнатилган эди.

Айни кунда сиҳатгоҳда қарилик гаштини сураётган меҳнат фахрийлари кўп. Улар мамлакатимиз ҳукуматининг ғамхўрлигини, кексалар улуғланадиган миллий — оилавий қадриятларимизни эслатиб туради.

 “Ўзбекистон” санаторийси 70-80 йилларда қайта қурилди. Барча қулайликларга эга люкс хоналардан иборат 5 ва 9 қаватли бинолар бунёд этилди.  Ана шундан буён 40-50 йил ўтди. Табиийки, таъмирталаб бўлиб қолди. Оромгоҳ Ўзбекистон  Республикаси  ҳукуматининг саъй ҳаракатлари билан 2012 йилдан эса бутунлай янгидан “туғилди” ва замонавий  тус олди, қайта таъмирланди. Бунёдкорлик ишлари ҳамон давом этаяпти. Улар мамлакатимиздаги улуғвор ислоҳотларни, кенг қамровли бунёдкорликни эслатиб туради.

– Ўн йил аввал келганимдан буён санаторийда катта ўзгаришлар амалга оширилибди. 3-ва 2-корпус қайта таъмирланибди.  Бир неча йиллардан буён пойдеворигина тикланган бассейн ишга тушибди. Минерал сув ичишга 500 метрлик узоқдаги галерияга бориларди. Эндиликда  нарзан, ессунтуки  минерал сувлари исътемоли санаторийнинг ўзида ташкил этилибди. Бу кексалар учун айни муддао бўлибди.  Айни кунда сиҳатгоҳ атрофи янада ободонлаштирилаяпти.-дейди дам олувчи Айшахон Охунова, – Миллий руҳ билан безатилган мовий гумбаз ва ям-яшил йўлаклар, осмонўпар дарахтлар, турли хил арчалар ифори  сўлим оромгоҳга янада кўркамлик бахшида этган. Дам олувчиларнинг пойқадамида турфа гулларнинг беллашиб, чирой талашиб туриши хуш кайфият бағишлайди.

Айни кунда замонавий тиббий оромгоҳда барча қулайликлар мавжуд. Сизни бу масканда  телевизорли, холоделникли ва бошқа барча кулайликларга эга озода ва саришта бир ёки икки кишилик хоналар кутади. Деразалар эса шифобахш паркка очилади ва тоза ҳаводан нафас олиб кўнгил яйрайди. Санаторийнинг орқа эшигидан ўрмон-паркка чиқиб, биллурдек товланаётган сой ёқасида жойлашган “Биллур шаршара”, “Марвар ҳовуз” ёдгорлигига дуч келасиз.

Сой бўйидаги тош майдон ва тоғни ўйиб яратилган айвон ва бир неча марта сой устига қайта қурилган мўъжазгина кўприкда  расмга тушаётган дам олувчиларни учратасиз. Экскурсоводнинг таъкидлашича,  тоғдан ўйилган айвонда чор Россияси даврида машшоқлар ўтириб, мусиқа чалишган, задогонлар тош майдонда рақсга тушишган экан. Ҳатто, бу ерда Лермонтов рақсга тушганлигини таъкидлашган эди. Бу ерда рус шоири Лермонтов тимсолидаги рус офицерининг ҳайкали бор эди. Эндиликда у “Қуёшли тепалик”ка кўчирилибди. Айтишларича, шоир ушбу масканни жуда хуш кўрган экан. Эндиликда бу ерда спортчилар ва дам олувчилар бадантарбия билан шуғулланадиган майдон яратилган. 

Бепоён мовий осмонга интилган тоғлар билан бўйлашган сарвқомат дарахтлар, ой билан чирой талашган гуллар бағрида  физкультура ҳам шифобахш-да!

Маскан соғламлаштирувчи  турли замонавий тиббий  асбоб ускуналар билан жиҳозланган. Нарзан ва бошқа турли хилшифобахш минераллар аралашмасидан иборат, ваннали муолажалари мавжуд. Мана икки йилдир-ки,  турк ҳаммоми ва ҳовуз дам олувчилар  хизматида. Бассейндаги турли хил шаршаралар қўшимча муолажалардан бири бўлиб, соғламлаштирувчи қувватга эга. Касалига қараб жисмоний тарбия машқлари билан  даволавчи тиббиёт ходимининг ҳам фаолияти йўлга  қўйилган.

Хуллас, бу ерга қадам ранжида қилган киши мусаффо ҳавоси ила шифобахш минерал  сувлари ва турли хил муолажалардан баҳраманд бўлиб ҳузурланади. Хушмуомала врачлар, ўрта ва кичик тиббий ходимлар туни кун хизматда бўлади.

Фитобарда кундузи кислородли коктейл ва шифобаҳш гиёҳлардан тайёрланган малҳамлардан ичиб баҳраманд бўласиз, кечқурун эса турли миллат қўшиқларидан эшитиб, рақсга тушиб кайфиятингизни кўтарасиз.

Санаторийда мана иккинчи йилки,  уч ҳил минерал сувлардан баҳраманд бўлиш имконияти яратилди.  Бу эса узоққа боришга қийналадиган кексалар учун яна бир имконият бўлди.

Икки юз кишига мўлжалланган икки залли замонавий  ошхона ҳам дам олувчилар хизматида. Бу ерда мазали ва фойдали таомлар сизни кутади.

 Кечқурун эса фаол дам олишни хуш кўрувчилар учун клуб фаолият юритади. Замонавий овозли аппаратлар билан жиҳозланган залда ҳар куни фильм намойиш этилади. Концерт, байрам тадбирлари, турли мавзуда суҳбатлар уюштирилади.

Ўзбекистон санаторийси келинчакдек безанган ўрмон-паркка туташ гўзал маскан бўлиб,”Қизил тоғлар”, “Кўкимтир тоғлар” каби баландликларга чиқиб кавказ рамзи бўлган бургутлар ёнида  арчалар қўйнида расмга тушиб мўъжизакор табиатга суқланасиз, завқланасиз. “Хушҳаво тепалик” “Қуёшли тепалик” каби тоғларига чиқиб оппоқ қорлари ярақлаб турган Элбурс тоғ тизмаларини томоша қиласиз. Адрлар устидан ўтган осмон аравачасида Олимпия шаҳарчасига кўтарилиб, мафтункор парк -ўрмон қўйнидаги қирқдан ортиқ сиҳатгоҳларни кафтингизда ушлаб тургандек бўласиз.

Рус шоири Миҳаил Лермонтов нега бу масканларга меҳр қўйганини англаб етгандай бўласиз. Ўрмон парк баҳрида  қадимий тарихий тепаликлар кўпки уларни бир-бир санаб улгуриш амри маҳол. Ҳар бирига чиқиб чор атрофни кузатганингизда янги-янги мўъзизаларга, гўзалликларга дуч келасиз. Беихтиёр Оллоҳга ҳамду-санолар айтасиз. Буларнинг бари Оллоҳнинг буюклиги ифодалаб туради.

Сиҳатгоҳда дам олар экансиз, хайрлашув дақиқалари етиб келганини, вақт оқар дарёдек ўтиб кетганини сезмай қоласиз. Хушманзаралардан кайфиятингиз кўтарилади. Тоза ҳаводан тўйиб-тўйиб нафас оласиз. Алломалар азалдан саломатликнинг аввали кайфиятни кўтариш эканлигини таъкидлашади. Пиёда юриш эса қон айланишини яхшилайди, ушбу муолажа эса ўз навбатида юракка ва мияга қувват бағишлайди. Дунёнинг беназир туҳфалари  – мусаффо ҳавоси ила шифобахш минерал  сувлари ва турли хил муолажаларидан баҳраманд бўлиш эса кучингизга куч, қувватингизга қувват бағишлайди.

 Мўъжизакор табиатни кузатганингизда халқимизнинг “юрган дарё” деган матали беихтиёр ҳаёлингизга келади.  Ўзбекистонимизда ҳам ана шундай мўъжизага бой масканлар кўп, улар ҳам бир кун келиб, инсон қўли, қалб қўри, саъй — ҳаракати ила обод бўлишини истаб Оллоҳдан сўраб қоламиз! Зеро кейинги йилларда мамлакатимизда туризмни, жумладан экологик туризмни ривожлантиришга алоҳида эътибор берилаяапти!

Раъно Зарипова, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.