2019-йилнинг октабрь ойида Ўзбекистон ҳудудида Жейкоб Шварц жамоаси (8К форматидаги илк фильмни олган жамоа) томонидан XI-XII асрлардаги Марказий Осиё халқлари тарихи ҳақидаги сериалнинг илк эпизоди тасвирга олинади, деб хабар беради Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси. Эпизод тасвирга олинувчи жойлар бўйича келишувга эришилган. Бу фильм Нетфликс ёки Aмазон орқали тарғиб қилинади.
Фильм учун актёрлар таркиби хориждан жалб этилади, зеро бу биринчи лойиҳа бўлгани учун тўлиқ инглиз тилида ишланади, кейинги сериалларга ўзбек актёрлари ҳам жалб этилади. Сериалнинг тарихга мувофиқ келишига Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси маслаҳатчиси Беҳруз Ҳамзаев масъул, Шварц жамоаси эса продакшн ва пост-продакшн ишлари учун жавоб беради.
Ушбу сериал лойиҳасини йўлга қўйишга нима туртки берди? Шу кунгача “Тахтлар ўйини” сериали жуда кўп одамлар томонидан севиб томоша қилинди. Ундаги кўплаб элементлар айнан Марказий Осиё халқлари тарихидан келиб чиққан. Шундан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон ҳудудида тарихий сериални суратга олишга аҳд қилинди.