Президент реставрация мактабини ривожлантириш зарурлигини таъкидлади

0
138
марта кўрилган.

Президент Шавкат Мирзиёев Хива шаҳридаги Ичан қалъа мажмуасига ташриф буюриб, Амир Тўра мадрасасида амалга оширилган реставрация ишлари билан танишди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.

Ичан қалъада халқимизнинг ноёб меъморлик анъаналари, қадимий ҳунармандчилиги, санъати ва маданияти намуналари сақланиб қолган. Бу ердаги 58 та тарихий-маданий мерос объектидан 17 тасида турли музейлар жойлашган. Қалъа ЮНЕСКОнинг Жаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган.  

Бу ердаги тарихий обидаларни асраб-авайлаш мақсадида реставрация ва консервация ишлари олиб борилмоқда. 

Амир Тўра мадрасаси қурилиши 1872 йили бошланган. Бу ерда 54 та ҳужра бўлиб, ички саҳни кошин билан қопланган. Шунингдек, 2 та гумбазли хона, қишки ва ёзги масжидлар, дарсхона бўлган. Чор Россиясининг Хоразмга ҳужуми туфайли обида пештоқларини пардозлаш тўхтаб қолган.   

Мадраса Ичан қалъадаги туристик объектлардан бирига айланди.  

Давлатимиз раҳбари қадимий обидаларнинг ҳар бир ғишти тарихий эканини, ҳар бир нақшида маъно борлигини таъкидлади. Маданий меросимизни келажак авлодларга етказиш, бунинг учун реставрация мактабини ривожлантириш зарурлигини қайд этди.

Шу ерда Хоразм вилоятининг улкан туризм салоҳиятидан фойдаланиш бўйича лойиҳалар тақдимоти ўтказилди. 

2020-2021 йилларда вилоятда туризмни ривожлантириш дастури ишлаб чиқилган. Масалан, Хива туманида “Анор”, “Анжир”, Янгиариқ туманида “Меннонит қишлоғи” номли тематик парклар барпо этилиши режалаштирилган.

Ўтган йил декабрда Хоразм лазгиси ЮНЕСКОнинг Номоддий маданий мерос рўйхатига киритилди. Хорижий давлатлар вакиллари ушбу миллий рақсни ўрганишга қизиқиш билдирмоқда. Шундан келиб чиқиб, вилоятда лазги академиясини ташкил этиш мўлжалланган. 
 
Бугунги кунда вилоятда 600 дан ортиқ фермер хўжалиги балиқчилик билан шуғулланади. Улардан гастрономик туризм йўналишида фойдаланиш мақсадида 71 кўлда халқаро стандартлар даражасида хизмат кўрсатишни йўлга қўйиш кўзда тутилган.

Лойиҳаларни такомиллаштириш бўйича кўрсатмалар берилди.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.