Қадимий дара — “Сармишсой” давлат музейи қўриқхонаси

0
310
марта кўрилган.

Навоий вилояти ҳудудида жойлашган Сармишсой ёдгорликларида тош даври макон ва манзилгоҳлари, қадимги мозорлар ва суғориш тармоқларининг қолдиқлари, устахоналар, тегирмонлар, шахталар, кўҳна қишлоқ харобалари сақланган бўлиб, улар тош давридан бошлаб то ўрта асрларга қадар даврланади.

Тарихчи олимлар ва археологларнинг фикрича, қоятош суратлари ўша даврдаги инсонлар ҳаётининг бир қисмини акс эттирган. Суратларда асосан ҳайвонот олами тасвири акс этган скиф-сак массагетларининг тасвирий санъатида ифодаланган қоплон, пантера, гепард, безон, йўлбарс каби “куч- қудрат тимсоли” ҳисобланган жонзотлар олами тасвирланган. Шунингдек, кўпроқ дарё бўйи ва тўқайзорларда ҳаёт кечирадиган “мушуксимонлар” оиласига мансуб жониворлар, ибтидоий овчилар учун қимматли бўлган ов қилиш жараёнлари ҳамда “раққослар” гуруҳига оид турли услубдаги бош кийимлар кийган инсонлар қиёфаси ва турли хил маросимлар моҳирона чизилган.  Бундан ташқари  “cамовий отлар” ифодаланган қоятош суратлари ҳар қандай кишини ўзига ром этмай қўймайди. Бу суратлар қадимда бу ерларда от боқишнинг ривожланган ҳудудлардан бири деб эҳтимол қилишга имкон беради. 

Неолит даврида Қизилқумда яшаган калтаминор маданиятига тааллуқли овчи ва балиқчи уруғларининг баъзи бирлари Сармишсойга келиб жойлашган. Улар бу ерда ов қилиш билан бир қаторда аста-секин чорвачиликка асос солишган. Бу ҳақда бизга Сармишсойдан топилган 4000 дан ортиқ бўлган инсонлар расми — петроглифлар гувоҳлик беради.

Сармишсой петроглифлари нафақат республика, балки жаҳон миқёсида башарият ўтмишидан қолган энг сара гавҳар – маданий ёдгорлик сифатида тан олинган. Тошларга ўйиб чизилган расмларнинг барчасини бир қарашда илғаш мушкулроқ. Ҳатто, бу ерда  тонгда, тушлик вақти ва қуёш ботаётганидагина кўринадиган тасвирлар мавжуд. Баъзи тасвирлар фақатгина ёмғирли кунда кўзга ташланиши билан ҳайратингизни оширади.

Сармишсойнинг  оҳанграбодек тортадиган яна бир жиҳати – бу унинг мафтункор табиати. Дара, айниқса, кўклам келиши билан ажиб гўзалликка бурканади. Наботат оламининг 62та оиласига мансуб 650 дан ортиқ турдаги ўсимликлар қадимий дарани  янада ғаройиб табиат мўъжизасига айлантиради. Кўп минг йиллик тектоник ҳаракатлар сабаб кварц ва гранит қатламлари сланец тошларни сиқиб қўйгани натижасида, дарада тасма тузилишидаги тоғбурмаланишлари пайдо бўлган. Бунинг натижасида юзага келган жозибадор манзара киши диққатини тортади.

Айни пайтда бу қадим дара “Сармишсой” давлат музейи қўриқхонасига айлантирилган. Зеро, аждодлар меросини  асраб-авайлаб,  келажак авлодга  етказиш жамият олдидаги бурчимиз, давр талабидир.

GUJUM.UZ

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.