Санкт-Петербургда шарқона тарихий Жомеъ масжиди

0
586
марта кўрилган.

Санкт-Петербургнинг Кронверк проспекти Приморский метро бекати яқинидаги тарихий обида бизнинг Шарққа хос иморатларни ёдга солади.

Унинг мовий гумбази ва миноралари Нева дарёси соҳилидан ҳам бемалол кўриниб туради ва у Самарқанддаги Амир Темур мақбарасининг гумбази билан деярли бир хил бўлиб, турфа олам гўзалликларини ўзида ифодалайди. Бу ўхшашлик ҳам бежиз эмас, деб ёзади Рустам Жабборов «Даракчи» газетасида эълон қилинган мақоласида.​

Маълумки, XIX асрнинг охирларига келиб, шаҳарда мусулмонлар сони анча ортган бўлса-да, у ерда бирорта масжид бўлмаган. Шу боис Санкт-Петербург мусулмонлари масжид қуриш учун маблағ тўплашга киришади. Бироқ шаҳардаги айрим маҳаллий амалдорлар бу ишга жиддий қаршилик кўрсатишади. Зарур маблағ тезликда йиғилавермайди Тўпланган пул ҳатто масжид қурилиши учун ер сотиб олишга ҳам етмайди.

Ана шундай пайтда, Петербург билан яқин алоқалар ўрнатишга уриниб келган Бухоро амири Сайид Абдулаҳадхон (1859-1910) бундан хабар топади ва ўз хазинасидан масжид қурилиши учун ер сотиб олишга катта миқдорда маблағ ажратади. Шу тариқа мазкур масжид қурилиши бошланади. 1910 йил 3 февраль куни шахсан амир Абдулаҳадхон иштирокида масжиднинг биринчи ғишти қўйилади. Аммо масжид ишга туширилган кунни кўриш амирга насиб этмайди. У 1910 йилнинг 26 ноябрида оламдан ўтади.

Бироқ, масжид қурилиши тўхтамайди. 1913 йилнинг 22 февралида масжид тантанали очилади. Унда отасининг ўрнига тахтга ўтирган ҳукмдор, Бухоронинг сўнгги амири Саид Олимхон билан бирга Хива хони Асфандиёрхон ҳам иштирок этган. Қизиғи шундаки, бугунги мамлакатимиз ҳудудидан жой олган икки қўшни давлат ҳукмдорлари фақат ана шу воқеа муносабати билан айнан Санкт-Петербургда учрашишган экан.

Масжид ўзининг бир асрдан кўпроқ тарихи давомида кўплаб нохуш воқеаларни бошдан кечирди. Совет даврининг даҳриёна сиёсати ҳукм сурган йилларда шаҳар ижроия ҳокимияти қарори билан масжид ёпиб қўйилади.

Шаҳар мусулмонларининг қайта-қайта мурожаатларидан сўнг 1974 йилда масжид уларга қайтариб берилади. Жомеъ масжиди ўтган давр мобайнида бир неча бор таъмирланади. Бугунги кунда бу иншоот Санкт-Петербургнинг ноёб тарихий обидаларидан бири сифатида давлат ҳимоясига олинган.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.