Сирли коинот: Ўзга сайёраликларни излаб…

0
694
марта кўрилган.

Мана ўн йилдирки, дунё астрономлари “ўзга сайёраликлар радиосигналлари” жумбоғини еча олмаяпти. Россия Фанлар академиясининг махсус астрофизика обсерваторияси ходими Сергей Трушкин РИА Новостига россиялик олимларнинг ана шундай сирли радиотовушлар манбаларини аниқлаш борасида олиб борган тадқиқотлари ҳақида сўзлаб берди. 

Ер сайёрасидан ташқаридаги радиосигналлар

Астрономлар 2007 йилда “Паркс“ (Австралия) телескопи ёрдамида радионурланишлар тарқатиб турувчи космик жисмлар-пульсарларни кузаётиб тасодифан радионурланишнинг тезкор раидо портлашлари (fast radio-burst, FRB)ни кашф қилишган эди. Сўнгги йилларда олимлар яна шундай тўққизта FRBни қайд этди. Улар бир-бирига таққосланганда FRBлар сунъий келиб чиқиш эҳтимоли борлиги ва ҳатто ўзларининг тузилишларида тушунарсиз даврийлик туфайли ўзга оламлар цивилизацияларининг сигналлари бўлиши мумкин, деган фаразни келтириб чиқарди. Чунки барча сигналларни бир нарса — фавқулодда улкан тезлик кучи ва манбадан ғайриоддий узоқликда жойлашгани бирлаштириб турарди. Шу боисдан астрономлар бу каби радиотўлқинлар сўнаётган юлдузлар ёки бошқа ихчам жисмлардан тарқалмоқда, деган хулосага боради. 

Икки йил олдин эса тадқиқотчилар ушбу хулосани инкор этувчи маълумотни қўлга киритди. “Паркс“ телескопи олти йилдан сўнг илк бор FRB аниқланган манзилда худди ўшандай радиопортлашларни кузатди. Бу “ўзга сайёраликлар сигналлари” жумбоғини янада мураккаблаштирди. 

Ўтган йилнинг август ойида астрономлар бошқа бир ғайри оддий сигналга тўқнаш бўлди. FRB тўлқинларини аниқлашга мўлжалланган CHIME радиотелескопи умуман бошқа манзилдан тарқалаётган янги турдаги тўлқинларни қайд этди. Бу кашфиёт номаълум радиотўлқинлар сўнаётган юлдузлардан тарқалмоқда, деган фаразни йўққа чиқарди. 

Ушбу радиопортлашларнинг ноодатий тузилиши, уларнинг ўта янги портлашларга ёки қора туйнукларга қўшилиб кетиш ва нейтрон юлдузларга хослигини тасдиқламас эди. Айрим олимлар эса ушбу чайқалишлар аксионлар, қора материянинг ўта енгил қисми парчаланиши, шунингдек космик “торлар”нинг таъсири остида юзага келмоқда деган фаразни ҳам айтишади. 

Коинотнинг сирли бурчакларида…

Бир ярим йил олдин “ўзга сайёраликлар радиосигналлари”га оид тадқиқот ва кузатувларга россиялик астрономлар РАТАН-600 телескопи билан қўшилди. Трушкин ва унинг маслакдошлари “ўзга сайёраликлар радиосигналлари”нинг икки асосий хусусиятига эътибор қаратди. Булар уларнинг ўта ёрқин ва фавқулодда қисқа давомийлигидир. 

Аммо, FRBни аниқлашда РАТАН-600 телескопи “Паркс”га тенг келолмас эди. Унинг имкониятлари нисбатан кам коинот кенглигини қамраб олишга етиб, шу боис олимлар ғайриоддий радиосигналларни аниқлаш учун 4,5-4,7 гигагерц радио диапазони танлаб олишга мажбур бўлади. Ва бу кутилган натижаларни бермайди 

Шундан сўнг олимлар ўтган йилнинг май ойида телескопни коинотнинг умуман бошқа бурчагига – Қисқичбақасимон туманликка буради. Айни йўналишда олиб борилган кузатув натижалари эса “ўзга сайёраликлар сигналлари” сирига бироз ойдинлик киритгандай бўлди. Туманликдан тарқалаётган сигналлар кучли эканлиги ва бошқа жиҳатлари билан FRBларни эслатарди. Бу кашфиёт россиялик астрономларни коинотда тарқалувчи ғайриоддий радиотўлқинларнинг манбалари ёш пульсарлар — даврий радионурланишлар тарқатиб турувчи космик жисмлар эканига ишонтирди. 

Малоҳат Ҳусанова, ЎзА
 
 
 
 
Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.