Урганч туманидаги “Улли ҳовли” тарихий мажмуасида медиа-тур

0
90
марта кўрилган.

Урганч давлат университети томонидан  Хоразм вилояти ҳудудида жойлашган “Улли ҳовли” мажмуаси ҳамда Ўзбек-туркман дўстлик уйига “Миллатимизга хос диний бағрикенглик, миллатлараро тотувлик”  мавзусида Медиа-тур ўтказилди.

Ушбу Медиа-турда Урганч давлат университетининг раҳбарияти бошчилигида профессор-ўқитувчилари, талабалари ҳамда  ОАВ вакиллари иштирок этди. 

Медиа-турга ташриф буюрган меҳмонларни Ўзбек-туркман дўстлик жамиятининг ходимлари кутиб олиб, тарихий обида билан таништиришди. Саёҳат давомида ушбу меъморий  ёдгорликнинг тарихи, бунёд этилиши билан боғлиқ бир-биридан қизиқарли маълумотлар берилди.

Икки давлат ўртасида қўшничилик алоқаларини янада мустаҳкамлаш мақсадида қайта барпо этилган «Улли ҳовли» мажмуаси тарихий обидалардан биридир. ХVII асрда қурилган меъморий ёдгорликда қадимий ҳовлилар, туркман маданиятига оид осори-атиқалар, уларни ўраб турган қўрғон деворлари сақланиб қолган эди. Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бу ерда таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Йигирма ўринли меҳмонхона қурилди. Туркман халқининг миллий ўтовлари ўрнатилди. Сайёҳлик ва зиёрат туризми учун барча шароит яратилди.

Қадимий девор билан ўралган қалъа ўтмишига саёҳат қилиб, икки халқ маданияти илдизларини, дўстона муносабатларини ўрганишни истаган ҳар бир киши учун “Улли ҳовли” мажмуаси  доим очиқдир. Бу ерда деярли ҳар куни ўзбек ва туркман маданиятига оид тадбирлар ўтказилади, қўшиқ ва рақслар, концертлар жаранглаб туради.

Қалъада сиз туялар ва отларни минишингиз, ҳунармандчилик устахоналари ва галереяларни айланиб томоша қилишингиз, расмларга тушиб, мўъжазгина ўтовларда овқатланишингиз мумкин.

Д. БЕКЧАНОВА, Хоразм вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси бошлиғи

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.