Хивадаги «Ичан-Қалъа» давлат музей-қўриқхонаси «Тошҳовли» саройини таъмирлаш учун 150 минг долларлик АҚШ давлат грантини ютди, деб хабар беради Хоразм вилояти туризмни ривожлантириш департаменти матбуот хизмати.
Ушбу грант ҳужжати 12 сентябрь куни Америка Қўшма Штатлари маданий мерос дастури бўйича менежери, олим Лаура Тедеско ва АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси вакили, маданият ва дастурлар бўйича атташе ёрдамчиси Мухлиса Расулова томонидан музей-қўриқхона директори Шоназар Матякубовга топширилди.
Кун давомида «Тошҳовли» саройининг таъмирга муҳтож жойлари яна бир бор кўздан кечирилиб, қилинган ишлар сарҳисоб қилинди ва доимий ҳамкорликни йўлга қўйиш белгилаб олинди.
«Тошҳовли» саройи 1830-1838 йилларда Хива хони Оллоқулихон томонидан қурилган. Сарой баланд девор буржлари ва дарвозалари билан қўрғонни эслатади. Деворлари пишиқ ғиштдан терилгани сабабли «Тошҳовли» деб аталган.
Сарой учта катта ҳовли — кўринишхона, меҳмонхона, ҳарамдан ҳамда бешта кичик ҳовли ва 163 хонадан иборат. Даставвал ҳарам алоҳида қурилган ва тўғри тўрт бурчак ҳовли, 1-2 қаватли айвон хоналардан иборат бўлган, атрофи буржли қалин девор билан ўраб олинган. Эшик ва устунлар Хива ёғоч ўймакорлик санъатининг юксак намуналаридан саналади. Мармар устун тошлардаги, темир панжаралардаги ўйма нақшларда Хива усталарининг энг мукаммал санъати ўз ифодасини топган. Айни пайтда «Тошҳовли»да «Ҳунармандчилик музейи» фаолият кўрсатмоқда.